Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:12

Freedom House: Ўринбой Усмонов озод этилсин


Freedom House халқаро ташкилоти Би-би-си мухбирини озод қилиш чақириғи билан баёнот тарқатди.

“Тожик расмийлари экстремизмга қарши курашдан ўзгача фикрни бўғиш ва журналистларнинг сиёсий жиҳатдан нозик мавзуларни ёритишларига тўсқинлик қилишда фойдаланиб келишади. Биз тожикистонлик расмийларни Усмоновни озод қилиш ва ҳибсдалик чоғида унинг ҳақ- ҳуқуқларини тўла таъминлашга чақирамиз”, дейилади Қароргоҳи АҚШда жойлашган Freedom House халқаро ташкилотининг 20 июн кунги баёнотида.

Шу ўринда айтиб ўтсак, АҚШ ва Буюк Британиянинг Тожикистондаги элчиликлари билан бир қаторда, қатор нуфузли инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотлари ҳам Тожикистон ҳукуматини Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновни озод этишга чақиришда давом этмоқда.

Бу чақириқларга қўшилган Freedom House - Озодлик уйи ташкилоти шу йилги ҳисоботида Тожикистонни эркин бўлмаган давлатлар ва тожик матбуотини эркин бўлмаган матбуот рўйхатига киритган.

Аснода Би-би-си Жаҳон хизмати ўз мухбири Ўринбой Усмоновнинг озод этилишини талаб қилиб, иккинчи марта баёнот берди.

Би-би-си янги баёнотида Ўринбой Усмоновнинг ўз ҳимоячиси билан яккама-якка учраштирилмагани қораланган. Шунингдек, маҳбус журналистнинг яқинлари ҳамда ҳамкасблари билан умуман учраштирилмаётгани халқаро меъёрларга зидлиги таъкидланган.

“Тожикистон Хавфсизлик хизматлари томонидан уюштирилиб, 18 июн куни Pressa.tj нашрида чоп этилган ва Би-би-си мухбири "Ҳизбут-Таҳрир"га аъзоликда айбланган мақола қонуний жараёнларга зид бўлиб, бу айбсизлик презумпциясининг қўпол равишда бузилишидир. Биз яна бир бор шу нарсани қатъий таъкидлаймизки, барча даъволар асоссиздир. Би-би-си уларни профессионал журнализм ва Тожикистондаги сўз эркинлигига таҳдид деб билади” , дейилади Би-би-си Жаҳон хизматининг кеча ёйинланган баёнотида.

Баёнотда Би-би-си Ўринбой Усмонов хавфсизлигидан қаттиқ хавотирда экани таъкидланган.

Аснода Ўринбой Усмоновнинг ҳимоячиси Файзинисо Воҳидова мижози юрак хасталиги ва қанд касали борлигидан шикоят қилганини айтмоқда.

Воҳидова хонимнинг айтишича, Усмонов тиббий муолажага муҳтож.

Тожикистон Миллий хавфсизлик масъуллари Би-би-сининг Сўғд вилояти бўйича мухбири Ўринбой Усмоновни “Ҳизбут-таҳрир”га алоқадорликда гумон қилиб, 13 июн куни ҳибсга олганди.

Би-би-си ўз мухбири Ўринбой Усмонов журналист сифатида ҳар қандай хабарни атрофлича ёритиши лозим бўлганини айтаркан, ўз иш фаолияти давомида турли қарашдаги одамлар билан учрашиши ва суҳбатлашиши табиий ҳол эканини таъкидлайди.

Би-би-си баёноти Ўринбой Усмонов ва унинг оиласига ҳамдардлик билан якунланган.

Эслатсак, ўз мухбирининг қўлга олинишини қоралаётган Би-би-си тожик расмийларини Ўринбой Усмоновни зудлик билан озод этишга чақириб, 14 июн куни ҳам баёнот берганди.

Айни пайтда Европа Иттифоқи ҳам Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновга хавфсизлик кучлари томонидан кўрсатилган номақбул муносабатдан жиддий хавотир билдиради.

Шунингдек, бу халқаро ташкилот тожик расмийларини журналистга нисбатан номақбул муносабатда бўлинганига оид тахминларни батафсил текширишга чақирди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг июн бошларида Европа бўйлаб сафари чоғида Ғарбнинг тожик президентига илк саволи тожик жамиятида инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинли билан боғлиқ вазият ҳақида бўлганди.

Ўз мамлакатида инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият яхши эканига Ғарбни ишонтирган тожик президенти Имомали Раҳмон Душанбега қайтган кунининг эртасига Би-би-си мухбири Хўжандда ҳибсга олинди.

Би-би-си журналисти зудлик билан озод этилишини сўраётган яна бир халқаро ташкилот - "Амнести Интернейшэнл" Ўринбой Усмоновга нисбатан айбловлар сохталаштирилганига оид тахминлардан хавотир билдирган.

Айни пайтда АҚШ ва Ғарбдаги ўнлаб халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларида жиддий хавотир уйғотган ва шу кунда дунё матбуоти бош мавзусига айланган Ўринбой Усмоновнинг тақдири юзасидан тожикистонлик мулозимлар бирор-бир муносабат билдирганларича йўқ.

Ўринбой Усмоновнинг озодликка чиқарилишига оид даъватларга Тожикистон ҳукуматининг хориждаги ваколатхоналари ҳам сукут билан жавоб қилмоқдалар.

Хусусан, 20 июн куни Лондондаги Тожикистон элчихонаси биноси ёнида йигирмага яқин журналист Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинишига қарши норозилик намойиши ўтказган.

Маълумотларга кўра, Ўринбой Усмонов суратларини кўтариб олган намойишчилар “Ўринбой Усмоновни озод қилинг!”, “Тожикистонда мустақил матбуотга ҳужум қилишни тўхтатинг!” дея ҳайқирганлар. Бироқ намойишчилар қаршисига Тожикистон элчихонасидан бирор киши чиқмаган.
XS
SM
MD
LG