Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:59

Россияда террорчилар рўйхати эълон қилинди


Россия ҳукумати кейинги пайтларда¸ террорчиликка қарши кураш кўламини кенгайтириб бормоқда.
Россия ҳукумати кейинги пайтларда¸ террорчиликка қарши кураш кўламини кенгайтириб бормоқда.

Молиявий мониторинг бўйича федерал хизмат чоп этган бу қора рўйхатга бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари ҳам киритилган.


4 июл куни Россия Молиявий мониторинг бўйича федерал хизмати расмий сайтида терроризм ва экстремизмга алоқадор бўлган ташкилот ва жисмоний шахсларнинг икки қисмдан иборат рўйхати чоп этилди.

Ҳужжатнинг биринчи қисмига хорижда экстремистик фаолият ва террорчиликка алоқадорликда гумонланган ташкилот ва шахслар киритилган бўлса, иккинчи қисмида бевосита Россияга алоқадор шу каби ташкилот ва жисмоний шахслар рўйхати келтирилган.

Рўйхатга жами 150 ташкилот ва 2000 яқин шахс исми-шарифи киритилган.

Россия Давлат Думасининг Хавфсизлик бўйича қўмитаси аъзоси, асли тошкентлик Алексей Волков Озодлик билан суҳбатда бу рўйхатнинг Россия Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси ташаббуси билан ҳозирланганини билдирди.

- Европа ва Американинг кўплаб мамлакатларида экстремизм ва террорчиликка қарши курашнинг бу усули ҳатто қонун асосида қўллаб-қувватланган. Иккинчидан, Россия анча вақт давомида ёпиқ мамлакат бўлган. Сўнгги 20 йил давомида шу тариқа биз Россияда ҳуқуқий базани яратишга интилмоқдамиз. Рўйхатда келтирилган шахсларнинг аксари¸ айримлари расман, қолганлари яширинча хориж мамлакатларида истиқомат қилиб келади. Бу ташаббус орқали биз шу шахслар фаолиятига барча халқаро ташкилот, элчиликларнинг эътиборини қаратмоқчимиз. Қолаверса, бу рўйхатга фақат суд қарори билан айбланган ёки тегишли жиноий ишлар юзасидан қидирувда бўлган шахсларнинг исм-шарифлари киритилган, дейди Давлат Думаси депутати Алексей Волков.

Айни пайтда¸ депутат сўзларига кўра, бу рўйхатга киритилган ташкилотлар террорчиликка алоқаси йўқлигининг расман эътироф этилишига эришса¸ улар қора рўйхатдан чиқарилади. Рўйхатдан вафот этганлар ҳам чиқарилиши айтилаётганига қарамасдан, 4 июл куни чоп этилган сўнгги рўйхатда 2004 йил Қатарда ўлдирилгани расман тасдиқлангани Чеченистон собиқ президенти Зелимхан Яндарбиев номини учратиш мумкин.

Рўйхатнинг Марказий Осиёга оид бўлимига, Ҳизбут-Таҳрири Исломия, Исломий жиҳод гуруҳи, Ўзбекистон исломий ҳаракати, Туркистон ислом партияси, Нурчилар ва Таблиғи Жамоат диний гуруҳлари киритилган.

Шунингдек, Россияда террорчи деб топилганлар рўйхатига ўзбекистонлик ўн шахснинг исми-шарифи киритилган. Булар: бухоролик Комил Бурчалов, қашқадарёлик ака-ука Шерали ва Илҳом Шукуровлар, тошкентлик Максим Гапонов, андижонлик Юсуф Қосимохунов, ангренлик Салавот Латипов, тошкентлик Қаҳрамон Исақов, андижонлик Назар Муҳаммедов, самарқандлик Ҳофиз Раззоқов ва тошкентлик Данил Хасаншин.

Рўйхатнинг халқаро бўлимига киритилган тошкентлик Суҳайл Буранов ва андижонлик Нажмиддин Жалоловлар Интерпол расмий сайтида халқаро қидирувда бўлганлар рўйхатига киритилган.

Ака-ука Шералиевлар ва Исломни қабул қилиб Абдулла номи билан танилган тошкентлик Максим Гапоновлар 1999 йилда Набережние Челни шаҳрида одам ўғирлик ҳамда Шамил Басаев ва Хаттобнинг жанггари гуруҳларига алоқадорликда айбланган. Россия суди Шерали Шукуровни 23 йилга, Максим Гапоновни 25 йилга, Илҳом Шукуровни 18 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Россия Молиявий мониторинг бўйича федерал хизмати террорчилар сафига киритган яна бир гуруҳ ўзбекистонликлар - Муҳамедов Назар, Юсуф Қосимохунов, Салавот Латипов, Қаҳрамон Исақов, Данил Хасаншин, Ҳофиз Раззоқов, Комил Бурчаловларни Чеченистон мухолиф кучларига қарашли эканлиги айтилаётган “CHECHENPRESS” сайтида эълон қилинган “судсиз қамалганлар” рўйхатида учратиш мумкин. Аниқланишича, бу рўйхатда келтирилган ўзбекистонликларнинг кўпи ҳозирда Россия турмаларида жазо муддатларини ўташмоқда.

2004 йилда террорчилик ва экстремизмда айбланиб 5,5 йилга қамалган Назар Муҳамедов 2010 йилнинг май ойида озод этилган. Рафиқаси Светлана Муҳамедованинг Интернет орқали берган баёнотида эрига нисбатан бугунги кунда ҳам Россия кучишлатар тизимлари босими давом этаётгани айтилган.

Россияда террорчилик ва экстремистик фаолиятга алоқадорликда гумонланаётган ташкилотлар рўйхатида жаҳоннинг энг йирик ва хавфли террорчилик ташкилотлари ҳам киритилган. Улар қаторида Ал-Қоида, Кавказ амирлиги, Толибон ҳаракати ва чеченистонлик террорчи Доку Умаров исм-шарифи киритилган. Шунингдек, рўйхатда бир қанча янги номлар ҳам учрайди.

Рўйхатга тушган ташкилот ёки жисмоний шахслар учун Россия ҳудудида молиявий операциялар ўтказиш тақиқланади, улар ҳисоб рақамлари ва пул ўтказувлари банклар ва Молиявий мониторинг бўйича федерал хизмат томонидан назоратга олинади.

Россия Давлат Думасининг Молиявий бозор бўйича қўмита аъзоси Павел Медведев бу рўйхатнинг жамоатчиликка эълон қилинишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтади.

- Бугунги кунгача террорчилик ёки “пул ювишга” алоқадорликда гумонланаётган шахслар банкларга мурожаат қилса, банк ходимлари унга нисбатан қандайдир чора кўришлари керак эди. Лекин бошқа томондан¸ бу рўйхат махфийлаштирилган эди. Рўйхатнинг чоп этилиши эса мантиқан тўғри қадам бўлди, деб ҳисоблайман, дейди депутат Павел Медведев.

“Вести Кавказа” журнали бош муҳаррири, сиёсатшунос Алексей Власов рўйхатнинг эълон қилинишини ижобий баҳолаган бўлса-да, унинг самарасизлигини айтади.

- Бу кўпроқ психологик характерга эга ҳужжат ва бу Россия ҳукуматининг “пул ювишга” ва террорчиликни молиялаштиришга алоқаси бор шахсларга қарши кураш кампаниясига қўшилганини англатади. Бу рўйхатга кучишлатар тизимлар учун бош оғриққа айланган Шимолий Кавказдаги бандитлар гуруҳлари ва террорчилар киритилган. Шунга қарамасдан¸ мен бу ҳужжатдан фойдаланишда ҳуқуқий нормалар, маҳаллий менталитет ва урф-одатлар ҳисобга олиниши керак, деб ўйлайман, дейди сиёсатшунос Алексей Власов.

Айни пайтда, АҚШ Давлат департаменти ҳар йили жаҳондаги террорчи гуруҳлар¸ ҳамда уларни молиялаштираëтган давлатлар рўйхатини эълон қилиб боради. Россияда илк бор эълон қилинган 150 поғоналик рўйхатдан фарқли ўлароқ, 2011 йилда америкаликлар рўйхатида дунë бўйлаб фаолият юрғизаëтган 48 ташкилот террорчилик ва экстремизмда айбланган¸ холос.
XS
SM
MD
LG