Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:03

Журналистлар курашни давом эттирмоқчи


Собиқ тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова.
Собиқ тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова.

Саодат Омонова очликни тўхтатган бўлса-да¸ Ўзбекистон телевидениеси раҳбарлари билан яна судлашиш ниятида қатъий.


17 кундан буён очлик акциясини давом эттираётган журналист Малоҳат Эшонқулова очликни тўхтатиш ниятида эмас.

- Мен кучим етгунча очликни давом эттираман. Курашга чиқдимми, охиригача бораман, деди Малоҳат Эшонқулова.

16 кунлик очликдан сўнг қон босими кўтарилгани ва ошқозонида оғриқ пайдо бўлгани боис шифохонага тушгач, очликни мажбуран тўхтатган Саодат Омонова эса 12 июл куни шифохонадан уйига қайтди.

Саодат Омоновага кўра, шифокорлар унга соғлом эканлигини айтиб, уйига рухсат беришган.

- Тўғрисини айтсам, улар ҳам огоҳлантириб қўйилган. “Жигарим оғрияпти, ошқозоним оғрияпти” десам, негадир менга ошқозон, жигар билан боғлиқ ташхис қўйишга унашмади-да, бошқа жойдан касаллик қидиришга ҳаракат қилишди. 4-5 соат тутиб туришди. Охири жавоб бериб юборишди. Шифокор кўриб айтдики, анализларингиз яхши чиқди. Кейин оғриқ қолдирувчи дори қилишди. “Сиз соғломсиз, сизда ҳеч қанақа касаллик йўқ. Умуман очликни тўхтатишингиз керак” деди. Мен очликни тўхтатишга қарор қилдим. Кейин кеча кечқурун Малоҳат опаникидан ўзим турган уйга келдим-да тарвуз едим. Синглим компот тайëрлаган экан¸ компот ичдим. Мана бугун эрталаб ҳам мева-чева, узум едим,- деди Саодат Омонова.

Ўзбекистон президенти девони олдида очлик акцияси ўтказгани учун қарийб уч миллион сўм жаримага тортилгач, акцияни уйда давом эттиришга қарор қилган икки журналист Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова президент Каримов билан учрашув белгиланишини талаб қилиб, норозилик акциясини бошлаган эдилар.

Ўзбекистонда ҳақиқат қарор топишига ишониб келган Саодат Омонова бугунга келиб фикри ўзгарганини айтади.

- Бизга кўпчилик бу курашга отланганимизда “Бефойда, бесамар бўлади. Ҳеч нарсага эришмайсизлар” деди-да. Ҳақиқатан ўша одамларнинг фикрлари тўғри чиқди. Лекин биз ишонган эдик, президентимизга ишонган эдик. Афсуски, умидларимиз, ишончимиз пуч чиқди. Биласизми, биз шу телевидениеда ишлаб туриб, зомбига айланиб қолган эканмиз-да. Ўзимиз тайëрлаëтган материаллар, лавҳаларга ишониб “ҳақиқат бор” деб ишонган эканмизда. Ўзбекистонда инсон қадри конституцияда белгилангандек эмас, арзимас чақачалик ҳам турмас экан-да. Аслида биз телевидениеда ўша шафқатсиз цензурага, маҳаллийчиликка, ижтимоий тенгсизликка, коррупцияга қарши чиққанмиз. Буни ҳамма билади, ҳамманинг хабари бор. Лекин бизни халқ душманига айлантиришди. Маълум бир мухолифатнинг, маълум бир гуруҳларнинг, масалан Фирдавс Абдухолиқовнинг, яна кимларнингдир қўғирчоқлари деб айтишди-да. Мен ҳаммага айтмоқчиман, бизнинг орқамизда ҳеч ким йўқ. Биз ноҳақликка чидай олмадик, холос,- деди Саодат Омонова.

Ўтган 17 кун давомида Ўзбекистон расмийлари журналистларнинг очлик акциясига бирор муносабат билдиргани йўқ.

Бироқ Саодат Омоновага кўра, улар ўз мақсадлари йўлида курашни давом эттириш ниятидалар.

- Биз энди Малоҳат опа билан Тошкент шаҳар судига ишга тиклаш бўйича аппелляцияга берганмиз. Яна бизни биласиз 27 июн матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баробари жаримага тортишган эди. Демак, бу 3 миллион сўмга яқин маблағни ташкил этади. Ўшани ҳам аппелляцияга ëзганмиз, деди Саодат Омонова.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканалида ишлаб келган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар телевидениедаги қонунбузарликлар, маҳаллийчилик ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб, ўтган йили 6 декабр куни Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказганидан кейин 9 декабр куни ишдан ҳайдалган эдилар.

Журналистлар ноҳақ ишдан бўшатилганини даъво қилиб, "Ёшлар" канали раҳбариятини судга берди.

31 май куни Шайҳонтоҳур туманлараро суди икки журналистнинг ишдан бўшатилганини қонуний деб топиб, “Ёшлар” телеканали раҳбарияти фойдасига ҳукм чиқарди.
XS
SM
MD
LG