Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:18

Шарқлик аёллар намойишга чиқди


Маълумотларга кўра, намойишга чиққан аёлларни "Шарқ" қишлоқ ҳукумати биносида қишлоқ ҳукумати раҳбари Арстан Жўлдўшев қабул қилган."
Маълумотларга кўра, намойишга чиққан аёлларни "Шарқ" қишлоқ ҳукумати биносида қишлоқ ҳукумати раҳбари Арстан Жўлдўшев қабул қилган."

Ўш шаҳри яқинидаги “Шарқ” қишлоғида яшовчи аёллар ноқонуний ҳибсларга қарши ўз норозилигини билдирдилар.

Тадбир иштирокчиларининг айтишларича, Қорасув туманига қарашли “Шарқ” қишлоқ ҳукумати биноси олдидаги намойишда юздан ортиқ маҳаллий аёллар қатнашган.

- Ҳар 10-15 кунда болаларимизни олиб чиқиб кетишаяпти. Фарзандларимизни турли чет давлатларга чиқариб юборганмиз. Ҳар бир оилага кирсангиз, 4-5 дан фарзанди чет давлатларда ишлашаяпти. “100-200 одам кўтарилди”, деб айтишяпти. Тўғри кўтарилдик, жонимиздан тўйдик. Кеча қўшнимни олиб чиқиб кетди, ҳаммамиз кўтарилдик. Ота-онаси 2 минг доллар топиб, ялиниб, йиғлаб болани олиб чиқди. Биз айтсак, дадаси “Бўлди-бўлди, бости-бости қилдик, боринглар, кетинглар”, деди. Бугун ҳокимиятга икки юзга яқин аёл бордик, - деди исмини ошкор қилинишини истамаган норозилик намойиши иштирокчиларидан бири.

Мазкур намойишда шарқлик 75 ёшли онахон ҳам қатнашган. Ўз исмини айтишни истамаган бу онахоннинг айтишича, у қишлоқ ҳукумати раҳбаридан қишлоқда тинчлик ўрнатилишини талаб қилган:

- “Болаларимизни олиб чиқиб кетмасин. Ана шу айтадиган ерингга айт”, дедим. “Биз сендан нон ҳам сўрамаяпмиз, ош ҳам сўрамаяпмиз, фақат сендан тинчлик сўраяпмиз. Бизни яшатадими, йўқми? Яшатмайдиган бўлса, ҳаммамизни қирворсин”, дедим. “Агар яшайдиган бўлсак бизга тинчлик берсин”, дедим.

Озодлик: Ҳоким нима деди?

- Ҳоким: “Биз гаплашамиз ўшалар билан, биз учрашамиз ўшалар билан”, деди

Озодлик: Ўшалар дегани ким экан?

- “Ўшалар” деб гапирганидан кейин кимлигини қаердан биламиз, ГОВДми, УВДми - қайсиниси эканини билмаймиз. Биз кўрмасак, билмасак уларни. Улар оддий кийимда (фуқаролик кийимида демоқчи – таҳр.) келишади. “Бизга маляр керак ё уй қурувчи уста керак” деб, болаларни ушлаб, машинага солиб, олиб кетиб қолишяпти, - дейди шарқлик онахон.

Норозилик намойишига чиққан аёлларга кўра, улар маҳаллий ҳокимиятдан асосан куч ишлатар тизим ходимлари томонидан қишлоқ эркакларнинг ноқонуний қўлга олиниши ва одамлардан ноқонуний пул талаб қилиниши тўхтатилишини талаб қилишган:

- Милиционерлар, орган ходимлари фуқаролик кийимида олиб кетишаяпти. Ертўлага олиб тушиб, уришаяпти, “пул олиб келсанг, чиқиб кетасан”, дейишаяпти. Пулни олгандан кейин ҳам уриб, эзиб чиқаришяпти. Яна: “Ота-онангга айтма, бировга билдирма, билдирсанг, ўласан”, деб қўрқитишаяпти. Ўзимнинг ҳам бошимдан ўтди бу ишлар. Куёвимни ҳам шундай қилишди. Уйга автоматлар билан йигирматаси кириб, автоматни оғзимга тиқиб, куёвимни олиб чиқиб кетишган. Бир йил бўлди, қотилликни бўйнига қўйишган. Қаерга бориб арзланишимизни билмасак, куёвимга салафан кийдиришди, токка тиқишди, игна санчишди, 20 йилга қамашди, - дейди суҳбатдошимиз.

Биз норозилик намойишига чиққан аёлларлар томонидан кўтарилган масалалар қандай ҳал қилиниши тўғрисида маълумот олиш учун Қорасув туман “Шарқ” қишлоқ ҳукумати раҳбари Арстан Жўлдўшев билан ҳам боғландик.

Жаноб Жўлдўшев қишлоқда ҳеч қандай норозилик намойиши бўлмаганини, шунчаки қишлоқ аёллари ўзи билан учрашганини қайд этди.

- Милиционерлар икки болани қонун доирасида олиб чиқиб кетишибди. “Биз қишлоқ ҳукумати раҳбаримиз, милиционерларнинг ишига аралаша олмаймиз. Агар йигитларнинг айби бўлса тан олади, айби бўлмаса, озодликка чиқади” дедик. Фақат шу тўғрисида сўз бўлди. Митинг бўлмади. Биз тегишли органларга айтдик, улар бундан буён қонун доирасида иш кўрадиган бўлишди. Бу ерда қишлоқ ҳукумати томонидан йўл қўйилган камчилик йўқ. Мен одамларга: “Айби бор одам жавоб беришига тўғри келади, айби бўлмаса чиқади, сизлар провокация қилаверманглар” деб айтдим, - деди Арстан Жўлдўшев.

“Шарқ” қишлоқ ҳукумати раҳбарининг таъкидлашича, қишлоқ аҳли томонидан ноқонуний қўлга олишлар борасида тушган ҳар қандай ариза кўриб чиқилади ва уларга тегишли ёрдам кўрсатилади.
XS
SM
MD
LG