Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:59

Тожик расмийлари Худойбердиев таҳдидидан огоҳлантирмоқда


Исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг Тожикистонга ҳужум қилиш эҳтимоли бор.

Тожикистон ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров 20 июл куни Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида ана шундай баёнот берди.

- Маҳмуднинг Тожикистонга ҳужуми эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки у бир марта бу ишни қилди. 2011 йил бошида Сўғд вилоятида айнан Маҳмуднинг тарафдорлари учта портлаш уюштирмоқчи бўлганди. Аммо биз бу портлашларнинг олдини ололдик. Шу ҳолатларни назарга олган ҳолда, куч тизимлари, жумладан, милициямиз шай ҳолатга келтирилган, хусусан, Ўзбекистон билан чегарадош Сўғд вилоятида, - дея билдирди ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров.

Тожикистон ички ишлар вазири берган маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён Маҳмуд Худойбердиев тарафдорларидан бўлган 12 нафар шахс ушланган.

- Турли йўллар билан республика ҳудудига кириб келган Маҳмуд Худойбердиев одамларининг ҳаммаси Тожикистон ҳудудида қўлга олинди. Айни пайтда уларга нисбатан тергов давом этмоқда, - дер экан генерал Қаҳҳоров қўлга олинганлар 2000 йилга қадар республика ҳудудида қатор жиноятлар содир этганликда гумонланаётганини ҳам қўшимча қилди.

Тожик расмийлари Маҳмуд Худойбердиев Ўзбекистон ҳудудидан бошпана топганини иддао қилиб келади. Бироқ расмий Тошкент исёнчи полковникнинг Ўзбекистонда эканини ҳали бирор марта ҳам тасдиқламаган ва ё инкор ҳам қилмаган.

Аввалроқ Тожикистон собиқ Бош прокурори Бобожон Бобохонов ўз идораси Маҳмуд Худойбердиевнинг экстрадициясини сўраб, бир неча марта Ўзбекистонга расмий мурожаат қилганини ва у томондан ҳеч қандай жавоб олинмаганини айтганди.

Тожикистондаги айрим мустақил таҳлилчилар фикрича, 2000 йиллар бошидан буён Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг ўнгланмаётганига айнан Маҳмуд Худойбердиевнинг Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юргани сабабдир.

Бугунги кунда икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар тобора совуқлашиши ортидан, таҳлилчилар мулоҳазасича, Маҳмуд Худойбердиевнинг Тожикистон хавфсизлигига таҳдидлари ҳам кучаймоқда.

Хавфсизлик соҳасида мустақил таҳлилчи Абдулло Ҳабибов Маҳмуд Худойбердиевни Ўзбекистоннинг Тожикистонга нисбатан пишанг омили сифатида кўради.

- Маҳмуднинг соҳиби бор. Ўша соҳиблари унинг қорнини тўйғазади, ҳарбий машғулотлар учун шароит яратади, пул беради. Маҳмуд мустақил эмас. У шунчаки буйруқ бажарувчи машина. У Қозоғистон ёки Қирғизистон ерида эмаслиги ҳаммага аён. Бордию, Тожикистонга бирор таҳдид туғилса, у албатта Ўзбекистон томонидан бўлади, бевосита Маҳмуд Худойбердиев томонидан эмас, - дея ўз тахминлари билан ўртоқлашади мустақил таҳлилчи Абдулло Ҳабибов.

Бошқа бир таҳлилчи Саймуддин Дўстов фикрича эса, исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларига соя солиш учун учинчи кучлар томонидан тайёрланган шахсдир.

- Душанбе, Тошкент ва Россия ичкарисидаги учинчи кучлар Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов ҳукуматини ағдариш мақсадида бу икки мамлакатни ҳарбий низога тортишга уриниб келади. Ана шу мақсадда бу кучлар Тожикистон учун ташқи таҳдид саналмиш Маҳмуд Худойбердиевни ишга солиб, қулай фурсатдан фойдаланиб қолмоқчи. Менимча, биз энг аввало ана шу учинчи кучлардан эҳтиёт бўлишимиз лозим, - дейди мустақил таҳлилчи Саймуддин Дўстов.

Полковник Маҳмуд Худойбердиев 1998 йилда Тожикистонда давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган, бироқ ҳукумат кучлари томонидан тор-мор қилинганди.

Ўтган давр ичида Тожикистонда Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланган юздан ортиқ тожикистонлик турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди ва ўшандан буён эълон қилинган ўндан ортиқ амнистияга бу кишиларнинг бирортаси тушмади.
XS
SM
MD
LG