Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:35

Зилзила қурбонлари 13 киши, ярадорлар 100га яқин


2011 йил 20 июл куни кечаси соат 0:35 да зилзилада Риштон туман болалар кардиология шифохонаси биносига жиддий зарар етди.
2011 йил 20 июл куни кечаси соат 0:35 да зилзилада Риштон туман болалар кардиология шифохонаси биносига жиддий зарар етди.

Фарғонада чоршанбага ўтар кечаси, соат 0:35 да рўй берган зилзилада камида 13 киши ҳалок бўлганини Ўзбекистон расмийлари тасдиқлади.


Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги чорашнбага ўтар кечаси рўй берган зилзилада 13 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

ЎзА агентлигининг вазирликка таяниб берган хабарига кўра, кечаси маҳаллий соат 0:35 да рўй берган ер силкиниши оқибатида Фарғона вилоятининг Риштон, Бағдод ва Ўзбекистон туманларида айрим эски уй-жойларга шикаст етган. Бунинг оқибатида 86 нафар фуқаро жароҳатланган, улардан 35 нафари шифохонага ётқизилган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг Фарғона вилояти бўлими фаоли Баҳодир Элбоев туман марказий шифохонасидан олинган маълумотга таяниб, биргина Риштон туманида зилзила қурбонлари сони камида 5 киши эканини маълум қилди. Унинг айтишича, шифохонага 47 нафар жароҳатланганлар олиб келинган:

- Риштон туманининг Тўда, Қипчоқ, Зоҳидон, Амиробод қишлоқларида вайронгарчиликлар кўпроқ содир бўлган. Риштон марказида эса дарз кетмаган уй қолмаган. Энг янги уйларни ҳам шувоқлари кўчиб, ғиштлари ҳам тушиб кетган жойлари бор,- деди Баҳодир Элбоев.

Баҳодир Элбоев олган маълумотларга кўра, бир ёш бола касалхонанинг ўзида, бошига ғишт тушиши оқибатида ҳалок бўлган, ярадор бўлганларнинг сони эса ортиб бормоқда:

- Зилзила пайтида касалхонадан ҳамма ташқарига қочган, битта касал бола ҳам кўп қатори қочаётган пайтида бошига ғишт тушиб йиқилиб қолган, тўполонда уч қаватдан қочаётган одамлар қоронғуда уни босиб, тепкилаб ўтиб кетган. Ўша бола ўша ерда ҳалок бўлган,- деди Баҳодир Элбоев.

Риштон туманида зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича махсус штаб тузилди. Бу штабнинг ўзини таништирмаган мулозимларидан бири, Озодлик билан суҳбатда, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ходимлари, ҳарбийлар ва ҳокимият вакиллари биалн биргаликда жойларга сафарбар этилганлигини айтар экан, қурбон бўлганлар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.

Фарғона вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчиси ҳам Озодлик билан суҳбатда қурбонлар ҳақидаги маълумотни инкор қилди, лекин турар жой ва бошқа биноларга зарар етганини маълум қилди.

Айни пайтда Фарғона вилояти суд-тиббий экспертиза хизматидаги манба, кечаси Фарғона тумани ва вилоятнинг бошқа тоғли минтақаларидан бир неча кишининг жасади ўликхонага олиб келинганини маълум қилди. Талафотлар ҳақидаги хабарни Фарғонадаги маҳалла қўмитаси фаолларидан бири ҳам тасдиқлади.

Фарғона шаҳри аҳли зилзиладан кейин саросимага тушиб, тунни кўчада ўтказгани ҳам айтилмоқда. Фарғоналикликлардан бирининг айтишича, кучли зилзила камида 10-12 секунд давом этиб турган.

Тошкентлик Абдуқаҳҳор Мусаевнинг айтишича, зилзила кучли бўлган, юқори қаватлардаги одамлар югуриб кўчага чиққан, баъзилар тонгни кўчада оттирган. Бироқ шаҳарда бузилишлар бўлмаган.

Зилзила ўчоғи ва қўшнилар

"Тошкент" сейсмология станцияси маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 0:35 да рўй берган зилзила ўчоғи қўшни Қирғизистонда бўлган ва унинг кучи 7 баллни ташкил этган. Ўзбекистон пойтахтида "зилзила кучи 5 баллни ташкил этди", дея маълум қилди сейсмолог. Зилзила кучи бошқа вилоятларгача ҳам етиб борган.

Зилзила уч қўшни давлат чегаралари яқинида содир бўлгани учун, Тожикистон ва Қирғизистонда ҳам кучли ер силкиниши кузатилди.

Озодлик радиосининг тожик хизмати хабарига кўра, Хўжанд шаҳрида истиқомат қиладиган 43 яшар Абдулло Ашрапов ер қимирлаётган пайтда саросимага тушиб, иккинчи қаватдан ўзини ташлаган ва боши билан бетонга тушиб ҳалок бўлган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, Боткент вилоятининг бир қанча қишлоқларидаги аҳоли уйларига шикаст етган, бироқ қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Фарғона шаҳрида ҳам бир киши ваҳимадан ўзини бешинчи қаватдан ташлаб юборгани ва оғир аҳволда касалхонага ётқизилгани айтилади.

АҚШ Геология хизматининг билдиришича, водийда кечаси юз берган зилзила эпицентри Фарғона шаҳридан 40 километрча жануб-ғарбда жойлашган ва 6,2 баллик силкинишни эпицентрдан анча узоқдаги шаҳар ва районлар аҳолиси ҳам ҳис қилган.
XS
SM
MD
LG