Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:03

Қирғизистонлик наркоқирол Абу Дабида ушланди


Қатор жиноятларда айбланган Қамчи Кўлбаев Халқаро полиция (Интерпол) йўналиши орқали ҳам қидирилаётганди.
Қатор жиноятларда айбланган Қамчи Кўлбаев Халқаро полиция (Интерпол) йўналиши орқали ҳам қидирилаётганди.

АҚШ президенти томонидан “Дунёдаги энг йирик наркоқироллар” қора рўйхатига киритилган Қамчи Кўлбаев Бирлашган Араб Амирликларида қўлга олинди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Қирғизистон Ички ишлар вазирининг муовини Мелис Турғанбаевга кўра, Бирлашган Араб Амирликлари полицияси шу йилнинг 21 июл куни эрталаб қирғизистонлик ҳамкасбларига “қонундаги ўғри” Қамчи Кўлбаев ва унинг ўнг қўли сифатида талқин қилинувчи Алманбет Анапияев қўлга олинганини маълум қилган:

- Ҳозирча араблардан маълумотни оғзаки шаклда телефон орқали олаяпмиз, холос. Бу ҳақда бизга ҳали расмий ҳужжат келмади. Лекин иккаласи ҳам қўлга олинган, - деди Мелис Турғанбаев.

Вазир ўринбосарининг айтишича, Қамчи Кўлбаев ва Алманбет Анапияев Бирлашган Араб Амирликларида ҳам бир қатор жиноятларда гумонланаётган бўлиши мумкин.

Норасмий маълумотларга кўра, Қамчи Кўлбаевнинг Абу Дабидаги уйидан қалбаки ҳужжатлар ва заргарлик дўконидан йўқолган қимматбаҳо тилла буюмлар топилган.

Бироқ Қамчи Кўлбаевнинг адвокати Икрамиддин Айтқулов ўз ҳимоясидаги шахснинг уйидан заргарлик буюмларининг топилиши шунчаки уйдирилган иш бўлиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмайди.

- Мен унинг (Қамчи Кўлбаевнинг – таҳр.) АҚШда наркоқироллар қора рўйхатига киритилгани муносабати билан Интерпол йўналиши бўйича қўлга олинганини тасдиқлайман, бироқ гўё унинг уйидан топилган қимматбаҳо буюмлар ҳақида ҳозирча ҳеч нарса деёлмайман. Эҳтимол, бу шунчаки инсценировкадир, - дейди адвокат Икрамиддин Айтқулов 24.kg агентлигига берган суҳбатида.

Қамчи Кўлбаев Қирғизистонда уюшган жиноятчиликка қарши уруш эълон қилингач ва жиноят оламининг 200 га яқин аъзоси, жумладан, жиноий гуруҳлар раҳбарлари қамоққа олингач, мамлакатни тарк этган эди.

Айни пайтда унга нисбатан Қирғизистонда жиноят иши очилган.

37 ёшли Қамчи Кўлбоев 2006 йилдан бери Қирғизистондаги уюшган жиноий гуруҳларни бошқариб келгани айтилади.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тарқатган маълумотларга кўра, 2008 йилда Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиев наркотикларни назорат қилиш агентлигини тугатган эди. Қирғизистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари Мелис Турғанбаев аввалроқ Озодликка Қирғизистонда наркотиклар ноқонуний айланмаси собиқ президентнинг укаси Жаниш Бакиев ва жиноий гуруҳлар раҳбарлари Қамчи Кўлбаев ҳамда Алманбет Анапияев назоратида бўлганини айтган.

Шу йилнинг 1 июнида АҚШ президенти Барак Обама қирғизистонлик Қамчи Кўлбаевни “наркотик қироллари” қора рўйхатига киритгани маълум қилинган.

Айни пайтда Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳам Кўлбаевнинг АҚШ қора рўйхатига киритилганини тўғри қарор сифатида баҳолайди.

Ўтган ой Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаев Қамчи Кўлбаев президент Бакиев даврида унинг оиласи билан биргаликда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллангани ва бу ишда у президент оиласи ҳимоясида бўлганини айтганди:

- Бакиевнинг даврида Қамчи Кўлбаев қамоқдан оқланиб чиққанди. Бугунги кунда Қирғизистонда унга нисбатан жиноят иши очилиб, ўзи қидирувга берилган. Унинг наркоқирол эканига аниқ далиллар бор, - деганди Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаев.
XS
SM
MD
LG