Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:29

Каримов бизга “жасорат" ўқини отди


Ҳозирда АҚШнинг Аризона штатида истиқомат қилаётган Абдусалом акани 2005 йилда Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида андижонлик қочқинлар учун барпо этилган лагерда учратгандик.
Ҳозирда АҚШнинг Аризона штатида истиқомат қилаётган Абдусалом акани 2005 йилда Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида андижонлик қочқинлар учун барпо этилган лагерда учратгандик.

2005 йилнинг 19 майида Жалолободдаги қочқинлар лагерида суратга олганимиз Абдусалом Абдураҳмоновни Facebook орқали топишга муваффақ бўлдик.

Бундан 6 йил муқаддам содир бўлган Андижон қирғинида 500 га яқин андижонлик Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Жалолобод вилоятига қочиб ўтган. Ўша пайтдаги қирғиз ҳукумати Жалолободда андижонлик қочқинлар учун муваққат лагер ташкил қилганди. 2005 йилнинг 19 майида фотомухбир сифатида бориб кўрганим қочқинлар лагери манзараси ҳамон кўз олдимда.

Андижонлик қочқинлардан кимдир офтобда қолган аёллар ва болалар учун чодир қураётибди, қариялар шифокор кўригидан ўтаётибди, кимдир эса овқатланиш билан банд.

Лагер оралаб юрарканман, ариқ бўйида кийимларини юваётган бир кишига кўзим тушди. Олдига яқинлашиб, уни суратга олдим. Ўша пайтларда унинг кимлигини, нима иш қилишини ҳам билмас эдим. Яқинда у кишини “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали топишга муваффақ бўлдим. Кир ювар акамиз асли андижонлик, ҳозир эса АҚШда умргузаронлик қилаётган Абдусалом Абдураҳмонов бўлиб чиқди.

- Мен Андижон вилояти Жалолқудуқ туманида истиқомат қилганман. Ҳозирги кунда АҚШнинг Аризона штатида яшайман. 5 йилдан бери Бултеникус шаҳрида “Фрайз” магазинида ишлайман. Ёшим 41 га кетаяпти, - дейди асли андижонлик Абдусалом ака.

Суҳбатдошимиз Андижонда тадбиркорлик билан шуғулланганини айтади:

- Андижон вилояти Жалолқудуқ туманида маданият истироҳат боғининг бошқарувчиси бўлганман.

Озодлик: Нечанчи йиллари?

- 2005 йилдан олдинги йиллари. 10 йилдан бери қаровсиз ётган боғни ўзимнинг меҳнатим билан, ҳеч қандай ҳокимият ёрдамисиз маданият боғига “Учқун” деб ном бериб, инсонлар маданий дам оладиган ҳолатга олиб келганман. Андижондаги 23 тадбиркор уюшган “Тадбиркор” фуқаролик жамияти аъзоси бўлганман. Дўстларимга бўлган адолатсизлик мени ҳам қаттиқ ранжитган. Табиийки, Андижондаги суд биноси олдида бўлганман, у ерда адолатли ҳукм чиқишини талаб қилганман. Лекин ҳукм адолатли бўлмади. 13 май куни бизни ваҳшийларча отиб, Қирғизистонга қувиб чиқарди, - дейди Абдусалом ака.

Ҳозир АҚШнинг Аризона штатида яшаётган суҳбатдошимиз Қирғизистондаги 50 кунни андижонликлар қайғу, ташвиш, шукрона каби аралаш туйғулар оғушида ўтказганини эслайди.

- Бизни озиқ-овқатларимиз, ҳамма нарса билан таъминлаб, бизга жуда катта қувват, ёрдам берди Қирғизистон. Биз бундан миннатдормиз. Ундан кейин Руминияга кўчдик. Руминияда бир йил юрдик. Бир йилдан кейин бизни ўша ерда рўйхат билан тақсимлаб, ҳар хил давлатларга жўнатди.

Озодлик: Абдусалом ака, сиз билан лагерда учрашганимизда кийимларингизни ювиб ўтиргандингиз...

- Эслайман, эслайман.

Озодлик: Ҳозир қандай вазият, кийимларингизни ҳали ҳам ўзингиз юваяпсизми?

- (кулади) Менинг оилам, бола-чақам ҳозир Ўзбекистонда. Бу ерда уйланиб, бола-чақали бўлганимиз йўқ, лекин ўзимизни ўзимиз эплаб яшаяпмиз. Шарт-шароитлари яхши бу ернинг, кийим ювадиган кир машиналари бор, кир қуритадигани бор. Жуда ҳаёт яхши бу ерда, Ўзбекистондака ҳаётмас бу ерда. Лекин оиламни соғиндим, бола-чақа соғинчи бор.

Озодлик: Улар билан гаплашиб турибсизми?

- Ҳа, албатта, алоқада бўлиб гаплашиб турамиз, моддий ёрдам бериб турамиз, телефонлашиб, интернет орқали кўришиб гаплашиб турамиз, - дейди Абдусалом ака.

“Facebook” интернет тармоғининг фаол иштирокчилардан бири бўлган Абдусалом ака саҳифасидаги ўз суратлари остига “Мен Каримов режимига қаршиман” деган сўзларни ёзиб қўйибди. “Бундай деб ёзишга менда асослар етарли”, дейди суҳбатдошимиз.

- Чунки у халқнинг жонидан тўйдирди. 90-йилларда Каримовнинг шунақа гапларини эшитганман: “Ўзбекистондан тадбиркорлар чиқади, ёшлар чиқади, мен уларга коллежлар қуриб бераман, мен уларга жасорат медалимни тақиб қўяман, уларга ҳеч ким теголмайди”, деган. Шу гапига асосан биздек тадбиркорлар чиқди. Мана биз заводлар, фабрикалар, чиройли бир нонвойхоналар, шунақанги ишлаб чиқаришлар бошладик. Ва одамларга ишлашга имкон яратиб, халқ учун фойдали катта ишлар қилдик. Биздек тадбиркорларга умуман тескари муносабат қилди. Бизга жасорат медалини тақмади, ўзининг жасорат ўқини отди. Ўзбекистондан қувиб чиқарди. Шунинг учун мен унинг тузумига юз фоиз қаршиман, - дейди бундан олти йил муқаддам ватанини тарк этишга мажбур бўлган андижонлик Абдусалом Абдураҳмонов.

АҚШдаги турмуши бинойидек эканини айтган Абдусалом ака айни пайтда Ўзбекистондаги мавжуд ижтимоий-сиёсий тузум ўзгарган тақдирда хурсандчилик билан юртга қайтиш орзусида юрганини яширмайди.
XS
SM
MD
LG