Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:15

Долимов: Юртга қайтганлар бизга қарши гапиришга мажбур


Сўнгги ойларда ЎзТВ орқали АҚШдан қайтган андижонлик қочқинларнинг афсус ва надоматга тўла чиқишлари берилмоқда.

АҚШдан Ўзбекистонга қайтиб борган андижонлик қочқинлар давлат телевидениесида сафдошларига қарши гапиришга мажбурланмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон халқ ҳаракатининг АҚШ бўлими раҳбари, Аризона штатида бошпана топган Исломиддин Долимов “Озодлик” радиоси мухбири билан суҳбатда таъкидлади.

- Ўзбекистон телевидениеси шундай кўрсатувларни ишлаб чиқараяпти, бу ўзбек мухолифати бир ном остида жамлангани ортидан кузатилаяпти.

Яъники, Ўзбекистон халқ ҳаракати тузилганлиги сабабли шунақанги видеороликлар ишлаб чиқарилаяпти. Лекин аслида Ўзбекистонга қайтиб борган болаларнинг ҳаммасини мен жуда ҳам яхши танийман, баъзи бири қўшним, баъзилари менга шогирд.

Улар ўзи аслида бунақа дейдиган эмас. Чунки шу кунгача ҳам улар биз билан алоқада бўлган, бир қанча оилаларга ёрдам қиламиз, улар ҳам яхши билади. Лекин мажбур улар. Биз уларни албатта тушунамиз, - деди Исломиддин Долимов.

Сўнгги ойларда Ўзбекистондаги телевидениелар орқали АҚШдан қайтиб борган бир неча андижонлик қочқин ва уларнинг оила аъзоларининг афсус ва надоматга тўла чиқишлари берилмоқда.

Улар ўзларининг адашиб “Акромия” деб аталмиш гуруҳга қўшилиб қолганлари ва 2005 йилда ҳам ўша гуруҳ туфайли Ўзбекистонни тарк этганлари, АҚШдан президентнинг авф қилиш ҳақидаги ваъдасига кўра қайтганлари ва ҳозирда ватанда қийинчиликларсиз, хотиржам яшаётганлари ҳақида сўзлаб беришмоқда.

2007 йилнинг ёзида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида Америкадан бошпана олган ҳамда Аризона, Айдаҳо ва Пенсилвания штатларида яшаган андижонлик қочоқларнинг 100 га яқини Ўзбекистонга қайтган эдилар.

АҚШ 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда рўй берган қирғиндан омон қолган андижонлик қочоқларнинг энг кўпи - 250 га яқинини қабул қилган.
XS
SM
MD
LG