Аварияда олти киши ҳалок бўлди
Жиззахнинг Бахмалидан сим қоққан илк суҳбатдошимиз ўз атрофидагиларни ларзага солган фожиа ҳақида хабар берди.
- Мен Бахмал туманида яшайман. 31 июл куни эрталаб соат 9.30да Ғаллаорол-Бахмал йўлида иккита Нексия тўқнашиб кетди. Олтита киши вафот этди бирданига. Қолганлари болницага ëтди. Шуни бир айтиб қўймоқчи эдимда сизларга. Битта Нексия пастдан келаëтган, битта Нексия юқоридан келаëтган бўлган. Асосий айб ўша ерда бир умр созланмайдиган Тоза уруғ қишлоғи бўлган. Ғаллаоролга қарайди. Ўша ерда биттагина машина ўтадиган жой бўлган. Тепадан келаëтгани тез келаëтган бўлиб кўриш нимаси бўлиб иккаласи юзма юз тўқнашган. Тошкент-Самарқанд йўлига етай деганда 15 километрда бўлган. Биринчи сабаб йўллар ëмонлиги. Авария бўлган куннинг эртасига Самарқанддан асфалт олиб келиб, тўкиб жуда чиройли қилиб қўйдида. Иккитаси бизнинг қўшнимиз бўлади. Улар вафот этди. Қўшни қишлоғимиздан тўрттаси вафот этди. Ўзимизга кела олмай ўтирибмиз. Даҳшатли воқеа бўлдида жуда ҳам. Авария бўлган жойда трактор ҳам юриб бўлмас эди. Битта машина сиғадиган йўл бўлганда. Авариянинг эртаси куни Самарқанддан зўр асфалт олиб келиб асфалтлаб ëтибди ўша жойни, дейди жиззахлик суҳбатдош.
Гуноҳ йўлдан қайтинг, президент!
3 август куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 18 ëшга тўлмаганларнинг масжидга бориб намоз ўқишини тақиқловчи қонунга имзо чекди ва айни муборак Рамазон кунлари бу қонун дарҳол кучга кирди. Жиззахлик 54 яшар Очилбек Мирзаев бу хабардан даҳшатга тушганини айтиб, президент Раҳмонни бундай қўрқинч йўлдан қайтишга чақиради.
- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Кеча бутун жаҳон эшитди мусулмонман деб кўксига ураëтган Тожикистон президенти жаноб Имомали Раҳмоний “18га кирмасанг, намоз ўқимайсан” деб нохуш хабар берди. Буни эшитиб биз ўзбекистонлик мусулмонлар ҳам ларзага келдик. Энг даҳшатли ишларни тарихда Абраҳа, Абу Жаҳл деган кишилар қилган. Оқибатда Оллоҳ таоло уларга оғир касалликлар жўнатиб, уларнинг 5-10тадан фарзандлари бўлган, бутун фарзандлари билан оғир дардларга йўлиқиб ҳалок бўлган. Энди мен бу кишиларнинг бундай бўлишини хоҳламайман. Чунки замондошларимиз. Шунинг учун эртароқ тавба қилиб бу йўлдан қайтишларини Оллоҳдан сўраб қоламан. Намоздан қайтариш бу ислом динидаги энг оғир гуноҳлардан бирида. Мен ҳаëтда ҳам кўрдимда. Одамларни намоздан қайтарганларнинг ҳеч биттаси яхши яшамадида. Чунки Оллоҳ таоло “Намоздан қайтарган бандани кўрдингми? Мен унинг пешона сочларидан яқинда шиддат билан ушлайман” дейдида. Шунинг учун мен бу кишиларга бу йўлдан қайтиб, тавба қилиб, ўша қарорларини бекор қилишини сўрайман, дейди жиззахлик суҳбатдош Очил Мирзаев.
Сомасапаз битта сомса учун икки марта пул тўламоқда
Бухоронинг Когонида йиллардан бери сомсапазлик қилиб келган Суръат исмли навбатдаги суҳбатдошимиз Когон туман солиқ идорасининг ўзи каби тадбиркорларга зулм қилаëтганидан шикоят қилди.
- Мен Бухоро вилояти, Когон тумани Янги ҳаëт қўрғонида сомсачилик қилиб юрган Суръатман. Ëшим 35да. Тадбиркорлик бўйиа гувоҳнома очган ҳокимиятдан. Бир-икки йил сомсачилик қилганимдан кейин бизларнинг сомсахонамизни ëптирди. “Сизлар юридик бўлинглар”, деди. Ҳужжатларимизни қўлимиздан олиб қўйди Когон тумани солиқ инспекциясининг бошлиғи.
Озодлик: Қачон бўлди бу воқеа?
- 2008 йилда бўлди. Бизлар юридик бўлдик. Қўлимизда ҳужжат йўқ ҳеч қанақа. Кейин ҳаммасини қонунийлаштириб юридик бўлдик. Юридик бўлгандан кейин 2011 йилда олдин очган тадбиркорлик бўйича патентдан қарздор деб бир миллион қарз келаяпти. Қўлимиздан ҳужжатларимизни тортиб олган. Кўпчилик тадбиркорларни ана шунақа қилиб эзаяпти.
Озодлик: 2008 йилда бекор қилингани ҳақида сизга бирор тасдиқнома бердими?
- Ҳеч қанақа нарса бермайди. Когон туман солиқ инспекциясининг бошлиғи гапиришни ҳам хоҳламади.
Озодлик: Сизларнинг хусусий тадбиркорлик ҳужжатинглар бекор бўлди, деб оғзаки айтдими?
- Оғзаки айтиб, қўлимиздан ҳужжатларни олиб кетди. Қўлимизда ҳеч қанақа ҳужжат қолгани йўқ.
Озодлик: Сизнинг қўлингизга юридик шахс деган ҳужжат бердими?
- Ҳа, берган.
Озодлик: Юридик шахс сифатида солиқларни тўлагансиз.
- Тўланган. Жисмоний шахсга бўлган гувоҳномани ëпиш керак экан ҳокимиятдан. Буни бизга ҳеч ким айтгани йўқ. Қўлимиздан ҳужжатларнинг ҳаммасини олиб кетди. Энди келиб 2008 йилга бир миллион қарз деб юрибди судга бериб ҳар куни.
Озодлик: Демак, сиздан ҳам жисмоний, ҳам юридик шахс сифатида солиқ олаяпти.
- Икки марта солиқ олаяптида мендан. Ҳозир суд ижрочилари келаяпти менга бир миллион пул тўлайсиз деб. Бир ойга боринг 500 минг даромад қиларман. Икки нафар ëш фарзандим бор мактабда ўқийдиган. Ундан ташқари Янги ҳаëт посëлкасига қурилган ошхонам сносга тушган коттеж қурилгани учун. Уларга ҳам индаганим йўқ. Менимча, бундай бўлиши мумкин эмаску. Мен ҳам юридик шахс сифатида умумий овқатланишга тўлаяпман, ҳам сомса ва мантига алоҳида нима очиб келаяпман.
Озодлик: Қаерда рўйхатдан ўтказган.
- Когон туман ҳокимлиги.
Озодлик: Ҳокимликка бориб “Мен юридик шахс сифатида фаолият бошлаяпман. Жисмоний шахс сифатида тугатаяпман” деб билдириш қилмагансиз-а?
- Ўша билдиришни қилмаган эканмизда ўшанда. Бизларга ҳеч ким гапирмаган. Фаолият ўзгартирилган ëки янгиланган тарзда қайтарилиши шарт деб ëзиб ҳам қўйилмаган.
Озодлик: Шу кунларда нима қилаяпсиз? Сомса пишириб сотаяпсизми?
- Сотаяпмиз. Солиқларни тўлаяпмиз ҳар ой.
Озодлик: Мижоз борми? Даромад яхшими?
- Даромад яхши бўлса, бунчалик нима қилиб юрмас эдикку.
Озодлик: Битта сомсани неча пулдан сотасиз?
- 1600 сўм.
Озодлик: Ичида гўшти борми ëки ҳаммаси пиëзми?
- Ичига 80 грамм гўшт қўямиз. Хўрандаларимиз кўп, дейди когонлик сомсапаз йигит.
Когонлик сомсапаз суҳбатдошимиз муаммосига ойдинлик киритиш мақсадида ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловга мурожаат қилиб, бундай вазиятда қонун нуқтаи назаридан ким ҳақ, ким ноҳақлигига ойдинлик киритишни сўрадик.
- Албатта, юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтгандан кейин буни тегишли тартибда бекор қилиш керак эди. Якка тартибдаги тадбиркор патент оладику. Бориб ўшани бекор қилиш керак. Уларнинг қўлига гувоҳнома берилади.
Озодлик: Солиқчилар гувоҳномасини қўлидан тортиб олиб кетган эканда.
- “Якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги фаолиятимга чек қўйишларингизни сўрайман. Мени солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан чиқаришингларни сўрайман” деб мурожаат қилмаган эканми?
Озодлик: Қилмаган.
- Унда солиқ тўловчи субъект сифатида рўйхатда турган эканда. Бу ўзининг ташаббуси билан чиқиши керак эдим, қилиши керак эди. Сизнинг гапингиз бўйича қилмаган бу.
Озодлик: Битта одам иккита солиқ объекти бўлиши мумкинми ўзи?
- Бизнинг Ўзбекистонда 10та солиқ ҳам тўлаши мумкин битта одам, дейди ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.
Яхши ният қилиб турибмиз
2 август куни Ўзбекистон олий ўқув юртларига киришга даъвогарлар бир кунга кечикиб тест синовлари топширдилар. Йиллардан бери фарзандларини ўқитиб, уйли-жойли қилиш ниятида Москва қурилишларида меҳнат қилаëтган фарғоналик Расулжон ака, бу йилги тест синовлари бошқачароқ бўлибди, деган некбин хабарни бошқаларга ҳам етказиш илинжида Эркин микрофонга сим қоқибди.
- Мен Москва вилоятидан Расулжонман. Фарғона шаҳрида яшайман ўзим. Москва вилоятида бир неча йиллардан бери иш қиламан. Гастарбайтерлар дейди. Қурилишда ишлайман. Ўғлимга “Тест синовларини қандай топшириб олдинг?” деб телефон қилсам, жуда хурсанд бўиб чиқдики, “Дада, ким Х вариантлар сотиб олган бўлса, бирортаси тушмади” деди. Ўғлим вилоят олимпиадасида математикадан 2-ўринни олган.
Озодлик: Ўғлингиз қайси олий ўқув юртига имтиҳон топширди?
- Фарғона политехника институтига. Ўзининг билимига ишониб кирган эди.
Озодлик: Биринчи йил топширишими?
- Йўқ, бу йил иккинчи йил. Ўтган йил ўта олмаган.
Озодлик: Айнан ўша институтга-а?
- Ҳа. Ўтган йил контрактдан еттита ўрин пастроқда бўлиб қолган. Беш-олти балл етмай қолган. Бу йил жуда қаттиқ тайëргарлик кўрган. Билими яхши. Математикадан жуда аъло ўқиган мактабда. Жуда хурсанд бўлиб чиқди. “Дада, бирорта Х вариантлар тушмади. Х вариантсиз ўзим ишладим. Мен грантга ўтган бўлишим керак” деди. Мен жуда хурсанд бўлдим. Шу хурсандчилини сизларни билан шерик кўрмоқчи бўлиб телефон қилаяпман.
Озодлик: Расулжон ака, ҳали қувонишга бироз эртамасмикан?
- Энди нима дейди яхши ният дейдию.
Озодлик: Яхши ният яхши. Фақат болаларнинг ҳаммаси оптимист бўлиб чиқади. “Мен ҳаммасини ечдим. Худо хоҳласа кирдим” деб чиқади. Сиз ўғлингиз билан гаплашиб хурсанд бўлганингиз, “бу йил порахўрлик камроқ бўлди” деб умид қилаяпсизми?
- Илоҳим шунақа бўлсин деб ният қилаяпман. Агар институтга ўтиб қолса, яна сизларга суюнчи қиламан.
Озодлик: Худо хоҳласа.
- Ҳа, Худо хоҳласа, дейди фарғоналик Расулжон ака.
*********************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!