Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:49

Ўзбек ўқитувчилари таътилни далада ўтказмоқда


Ўзбекистонда қишлоқ мактаблари, коллеж ва лицейлари ўқитувчилари ёзги таътил мавсумида мажбурий меҳнатга жалб қилинаяптилар.


Ўқитувчилар таътилда ҳам бекор эмас


Ўзбекистоннинг қишлоқ мактаблари, коллеж ва лицейлари ўқитувчилари ёзги таътил давомида дала ишларидан чопиқ, ягана, чеканка ишларига ҳамда ариқ-зовурларни, йўл бўйларини тозалаш, қурилиш ишлари ва мактабларни таъмирлаш ишларига мажбурий равишда жалб қилинмоқдалар.

Бу ҳақда мамлакатнинг турли ҳудудларида яшовчи ўқитувчилар Озодлик билан суҳбатда маълум қилдилар.

Намангандаги қишлоқ коллежларидан бирининг исмини ошкор қилишни истамаган ўқитувчисига кўра, айни кунларда у ва унинг ҳамкасблари дала ва қурилиш ишларига жалб қилинганлар.

- Биз ўзимиз янги коттежлар атрофида чим босишга чиқдик. Қишлоқ хўжалик ишларидан чопиққа чиқдик, яганага чиқдик. Энг асосийси йўлкира ўзимиздан. Яхши фермерга тушиб қолсак, у обедни кўтаради. Тушмасак, обедни ëнимиздан қилишимиз керак. Меҳнат ҳаққи берилмайди. Бу мутлақо текин,- дейди наманганлик коллеж ўқитувчиси.

Жиззахнинг Зарбдор туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси Зиёдулло Раззоқов Жиззахда ҳам мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга чиқарилмоқда, дейди.

- Ўқитувчилар дам олиш таътилларида жамоат ишларида, асосан қишлоқ хўжалик ишларига оид бўлган пахта чеканкалари, йўл четларини тозалаш, ҳар хил бегона ўтлардан тозалаш билан овора. Мана бугунги кунда мактаб ҳовлисидагина эмас ҳаттоки катта йўл атрофидаги ҳар хил бегона ўтларни ҳам тозалашаяпти,- дейди Зиёдулло Раззоқов.

Бу каби ҳолатларни Фарғона, Андижон, Хоразм ва Сирдарёнинг айрим қишлоқларидаги манбалар ҳам тасдиқлашди.

Интизомга риоя қил!


Суҳбатдошимиз наманганлик коллеж ўқитувчисига кўра, мажбурий меҳнатга чиқишни хоҳламаган ўқитувчилар ишдан ҳайдалиш ва дарс соатларини қисқартириш каби таҳдидлар орқали қўрқитилади.

- “Ишлаяпсанми, интизомга риоя қил. Коллектив чиқадими, ишлайдими, сен ҳам чиқасан”, деган тартибда. Асосий негизида нима ëтибди? Навбатдаги меҳнат шартномасини бекор қилиш деган қўрқув ëтибди. Яъни ўша билан ўқитувчи албатта огоҳлантирилади. “Ўйланиб кўр. Чиқмасанг, меҳнат шартномасини бекор қиламиз”, деган қўрқитишлар ëтади. Огоҳлантирилади. Бу норасмий огоҳлантирилади,- дейди наманганлик ўқитувчи.

Ўқитувчиларнинг дала ва қурилиш ишларига таҳдид билан олиб чиқилаётганини жиззахлик ўқитувчи Зиёддулло Раззоқов ҳам тасдиқлади.

- Агар чиқмайман деса, унга албатта дарс тақсимотлари, иш тақсимотлари пайтида босим қилинади. Ўқитувчи режалаган ишидан тўлиқ ололмайди. Бир ставка иш билан таъминланиши керак бўлган жойда ярим ставка иш билан чегараланиб қолади холос,- дейди Зиёдулло Раззоқов.

Маълум бўлишича, мажбурий меҳнатдан бош тортган айрим ўқитувчиларнинг ишдан ҳайдалиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Бироқ Озодликда бу борада аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

Биз ўқитувчиларнинг ёзги таътилда мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳолати бўйича, Ўзбекистон халқ таълими вазирлигига мурожаат қилдик. Вазирликнинг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш борасида бирор бир ёзма ҳужжат мавжуд эмаслиги, бироқ маҳаллий хокимликлар ташаббуси билан ўқитувчилар ихтиёрий равишда жамоат ишларига жалб қилиниши мумкинлигини айтди.

Сўнгги йилларда ўзбек ўқитувчиларининг нафақат ёзда балки йилнинг барча мавсумларида турли хил жамоат ишларига жалб қилиниши кузатилади.
XS
SM
MD
LG