Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:27

“Зеромакс” кредиторлари учрашади


Бугунга келиб "Зеромакс" хўжайини Миродил Жалолов тақдири номаълумлигича қолмоқда.
Бугунга келиб "Зеромакс" хўжайини Миродил Жалолов тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Швейцария маҳкамаси томонидан банкрот деб эълон этилган “Зеромакс” кредиторлари 23 август куни Цугда тўпланади.


Чиқмаган жондан умид...

Цуг – Zeromax GmbH расмий рўйхатдан ўтган Швейцария шаҳарчаси.

Айни шу шаҳар полицияси биносида 23 август куни эрталаб “Зеромакс” кредоторлари тўпланиб¸ банкротга учраган ширкатнинг ўзларига қанча қарз экани борасида расмий ариза тўлдирадилар¸ қолаверса бу қарзларни қандай ундириш масаласини муҳокама қиладилар.

Кредиторлар йиғини у ëки бу ширкат ликвидация бўлгач¸ яъни тугатилгани расман эълон қилинганидан сўнг бўлиб ўтадиган нормал жараëн ва Цуг полицияси биносида ўтказиладиган бу йиғинда фавқулодда бир жиҳат йўқдек.

Аммо Ўзбекистондаги нефт ва газ¸ рангли металлургия¸ олтин қазиш¸ қурилиш¸ пахтачилик¸ тўқимачилик¸ озиқ-овқат саноати каби сердаромад соҳаларидан тортиб¸ спорт ва маданиятга қадар барини ўн йил давомида ўз монополиясига айлантириб келган “Зеромакс” кредиторлари номи шу пайтгача деярли сир қолаëтгани боис¸ Цуг йиғини якунида бу номларнинг ошкор бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Кредиторлар ким ўзи?

2010 йилнинг 28 октябр куни Цуг район суди шу ерда рўйхатдан ўтган Zeromax GmbH ширкатини банкрот деб эълон қилгач¸ Озодлик қўлга киритган маҳкама материалларига кўра¸ унинг кредиторларидан бири бу қарор юзасидан федерал судга ариза киритди - бу Украинадаги SCM ҳолдинги бўлиб чиқди.

Айнан “Зеромакс” каби Украина иқтисодининг аксар сердаромад йўналишларини назорат қилувчи бу ширкат Швейцария судига “Зеромакс”нинг Россиядаги ЕТК ширкатидан етказиб берилган қувурлар учун 416 миллион АҚШ доллари қарздор экани¸ Россия ширкатининг эса¸ ўзидан 390 миллион доллар қарзлигини билдириб¸ “Зеромакс”нинг банкрот деб эълон қилинишига эътироз билдирди. Аммо Швейцария федерал суди ариза берувчи бевосита кредиторнинг ўзи бўлмагани боис¸ унинг сўровини қондирмади.

Айни пайтда¸ Германия Иқтисод ва Технология федерал вазирлиги “Зеромакс”нинг бир неча немис ширкатларига 130 миллион евро қарздор эканини билдирди. Озодлик сўровига жавоб берган Берлин расмийлари бу муаммонинг Ўзбекистон ҳукумати билан сўзлашувлар орқали ҳал этилишига умид билдирган бўлса¸ Тошкент расмийлари ҳукуматнинг хусусий ширкатнинг хориждаги ҳамкорларига қарзи масаласи билан шуғулланмаслигини айтиб¸ муаммони ҳал қилиш учун Ўзбекистон Хўжалик ишлари бўйича судига мурожаат қилишни маслаҳат беришди.

Айни пайтда¸ Зеромакс” ширкати билан Тошкентнинг “Бунëдкор” клубида ўйнаш ҳақида 2008 йил августида икки йиллик шартнома имзолаган бразилиялик Ривалдо¸ Германиянинг Bild газетасига берган интервюсида ҳозиргача фақат биринчи йилигина шартномада кўзда тутилган гонорарни ола олгани ва ҳозирда клуб ўзига 16 миллион евро¸ ëки 23 миллион АҚШ доллари қарз эканини даъво қилмоқда.


"Зеромакс" қайнар хумчасида ҳеч вақо қолмади...

2010 йилнинг 5 май куни Хўжалик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди “Зеромакс” активларини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган¸ боз устига бу ширкат бўйнига 500 миллион долларга яқин солиқ тўламаганлик айбини ҳам илиб қўйган эди.

“Зеромакс” активида бир чақа ҳам қолмаган бир кезда кредиторларнинг Швейцарияга келиб йиғин ўтказишидан улар учун нима наф етади?

- Мен ҳам “Зеромакс” активларида ҳеч нарса қолмаган бўлса керак¸ деган ўйдаман. 23 август куни йиғиладиган кредиторлар расман Швейцария маҳкамасига ўз талабларини билдирадилар ва қарз миқдорини аниқ ëзадилар. Ҳозирда маҳкама сўрови билан Швейцариядаги Transliq AG ширкати “Зеромакс” ликвидацияси билан шуғулланмоқда. Йиғиндан кейин Transliq кредиторлар талаби асосида “Зеромакс” активларини кўриб чиқади ва унда бирор нарса қолган бўлса¸ уларга бўлиб беради. Аммо тахминимча¸ ҳозирда “Зеромакс” активида ҳеч нарса қолмаган¸ дейди “Зеромакс” фаолияти юзасидан махсус журналистик суриштирув ўтказаëтган швейцариялик журналист, L'Hebdo нашри мухбири Жулиа Заугг Озодлик билан суҳбатда.


"Зеромакс" миллиардлари қайга кетди?

2008 йилда “Зеромакс” эълон қилган расмий рақамларга кўра¸ бундан уч йилча аввал ширкат активлари 3.298 миллиард Швейцария франки (қарийб 4¸5 миллиард АҚШ доллари)ни ташкил қилган. Бугун ҳам кредиторлар¸ ҳам жамоатчиликни “икки йил ичида шунча пул қайга ғойиб бўлди?” деган савол қизиқтирмоқда.

- Яқинларгача “Зеромакс” банкрот бўладиган ширкатга мутлақ ўхшамас¸ унинг активлари миллиардлаб долларни ташкил қилар эди. Бу пуллар қайга кетганини¸ аниқроғи қандайдир мураккаб схемалар орқали кимларнингдир хусусий банк ҳисобларига бориб тушганини тахмин қилиш мумкин¸ холос¸ дейди Швейцариядаги L’Hebdo нашри мухбири Жулиа Заугг.

Норасмий манбаларга кўра¸ “Зеромакс” ширкати¸ Швейцарияда расман Миродил Жалолов ва унинг рафиқаси Фотима Жалоловаларга тегишли деб қайддан ўтказилган бўлса-да¸ амалда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган.

Каримова билан узоқ йиллар биргаликда бизнес юритган шахснинг Озодликка ўз исмини келтирмаслик шарти билан айтишича¸ Ўзбекистон иқтисодининг барча асосий йўналишларидан олинган миллиардлаб доллар маблағларни хориж банкларига қўйиш воситаси сифатида ташкил этилган мураккаб ўргимчак тўри – “Зеромакс” айнан Каримовлар оиласи қарори билан орадан кўтарилган¸ йиллар давомида уларга садоқат билан хизмат қилиб келган Миродил Жалолов қурбонликка келтирилган. Ҳозирда Жалоловнинг тақдири мавҳумлигича қолмоқда¸ Озодлик боғланган Жалоловга яқин манбалар¸ унинг қамоқда эканини билдирмоқда.

“Пул ювиш учун тузилган бу схема ўз ишини бажариб бўлди ва Каримова хоним имиджига доғ бўла бошлагач¸ оила қарори билан тугатилди. Эндиликда “Зеромакс” каби битта гигант ширкатга ҳожат қолмади¸ унинг вазифасини энди бир эмас¸ балки бир неча тизим бажаришга ўтди”¸ дейди яқинлари хавфсизлиги учун исми келтирилмаслигини сўраган Озодлик манбаси.


"Йўқолган хазина изидан тушиш мумкин"...

Швейцарияда “Зеромакс” фаолияти юзасидан журналистик суриштирув бошлаган Жулиа Заугг¸ агар “Зеромакс” кредиторларидан бирортаси ширкатнинг пул ювишга алоқдорлиги ҳақида ариза киритса¸ Швейцария маҳкамаси бу масалани махсус ўрганишга маъсул эканини айтади.

- Швейцарияда пул ювиш жиноятларини тафтиш этувчи махсус идора бор. Аммо бу идора “Зеромакс”нинг бу жиноятга алоқадорлигини текшириши учун кредиторларидан бири уларга расмий ариза билан мурожаат қилиши керак. Аммо ҳозирча кредиторлардан ҳеч бири бундай шикоят аризаси топширмаган¸ дейди швейцариялик журналист.

Озодликка номлари маълум бўлган кредиторлардан бирортаси¸ афтидан бундай ариза билан мурожаат қилмаса ҳам керак - Украинадаги SCM, Россиядаги ETK каби ширкатларнинг жамоатчилик билан ишлаш бўйича мутасаддилари бу борадаги саволларга жавоб беришни истамади. Бу ширкатлар фаолияти ҳам “Зеромакс” никидан деярли фарқ қилмаслиги боис¸ улар ўз фаолиятининг ҳам маҳкама¸ ҳам жамоатчилик муҳокамасига тушишидан ҳайиқиши тайин.

Бундан эса¸ “Зеромакс” ни яратиб¸ сўнгра уни бирваракайига йўқ қилишга қарор қилганларнинг ошиғи янада олчи бўлишини тушуниш қийин эмас¸ дейди Жулиа Заугг.

Uznews.net нашрига кўра¸ ҳозирда хориж ширкатларининг “Зеромакс”дан талаб қилаëтган қарзлари бирга қўшилса¸ бу рақам 3¸5 миллиард Швейцария франки ëхуд 4¸6 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
XS
SM
MD
LG