Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:15

Халқаро экспедиция Тожикистондаги музликларни ўрганади


Марказий осиёлик ва россиялик мутахасcисларни ўз ичига олган халқаро экспедиция Тожикистондаги тўртта музлик ҳолатини ўрганишга киришди.

Таркибида Қозоғистондан ташқари минтақа барча мамлакатлари, жумладан, ўзбекистонлик мутахассислар ҳам борлиги айтилаётган халқаро экспедициянинг вазифаси Тожикистондаги “Скагоч”, “Гармо”, “Хирсон” ва “Россия географик жамияти” музликларининг бугунги ҳолатини ўрганишдан иборатдир.

Тожикистон мустақилликка эришганидан буён илк бор музликлар ҳолатини ўрганишга киришажак халқаро экспедиция вакиллари орасида музликларни, об-ҳавони ўрганувчи олимлар, қишлоқ хўжалик соҳасидаги таҳлилчилар борлиги айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, Тожикистонда худди шундай экспедиция бундан 57 йил аввал музликлар ҳолатини ўрганган экан.

Россия ва минтақа мамлакатларидан келган ўттиздан ортиқ мутахассис тожикистонлик ҳамкасблари билан биргаликда Вахш ва Панж дарёларини шакллантирган “Скагоч” ва “Гармо”, ”Хирсон” ва “Россия географик жамъияти” музликларининг ҳолатини таҳлил қилиб, уларни сақлаб қолиш йўлларини ўрганади ҳамда бу борадаги хулосасини Тожикистон ва минтақа мамлакатлари ҳукуматлари ва халқаро ташкилотларга тақдим қилади.

Экспедиция раҳбари тожикистонлик олим Абдуҳамид Қаюмовнинг билдиришича, халқаро экспедиция Тожикистон ҳукуматининг 2010 ва 2030 йиллар учун қабул қилган дастури асосида ташкил этилган бўлиб, у БМТ ва Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирилмоқда.

- Глобал иқлим исиши натижасида эриб йўқ бўлиб кетиши айтилаётган музликларни сақлаб қолиш минтақа барча давлатлари учун ўта муҳимдир, - дейди тожикистонлик олим Абдуҳамид Қаюмов.

Зеро, унинг айтишича, сув ва сув заҳиралари билан боғлиқ масала минтақада энг дардли мавзу саналади.

- Экспедициямиз олдида турган асосий вазифа Тожикистондаги музликларнинг бугунги ҳолати ва уларнинг кичрайишига таъсир қилаётган омилларга халқаро ҳамжамият диққатини қаратиш. Шунингдек, Панж ва Вахш дарёларини шакллантирган бу музликлар ҳолати ҳамда глобал иқлимнинг уларга таъсирини реал ўрганиб, баҳо беришдан иборатдир, - деди Қаюмов жаноблари.

Тожикистондаги музликлар ҳолати шўролар замонида икки марта, яъни 1932 ва 1957 йилларда ўрганилган.

Сўнгги йилларда тожикистонлик мутахассислар ўтказган тадқиқотлар хулосаларида музликлар 30 йиллардагига нисбатан 25 фоизга кичрайгани айтилган эди.

Аммо Абдуҳамид Қаюмов музликлар ҳолатига оид аниқ маълумотлар экспедициянинг сентябр ойи охирида эълон қилинажак хулосасидан сўнг берилишини айтди.

Қаюмов фикрича, музликларнинг эришига кўпроқ глобал иқлим исиши боис бўлмоқда.

Ундан ташқари, Қаюмовга кўра, минтақанинг барча мамлакатлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган музликлар ҳажми ҳавонинг заҳарли газлар билан ифлосланиши оқибатида 2030 йилгача кескин қисқариши эҳтимолдан йироқмас.

Эколог Холназар Муҳаббатов фикрича, ҳавога иссиқхона газларини чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортаётгани музликларнинг кескин қисқаришига туртки бўлмоқда.

- Тожикистонда 947 та дарё мавжуд. Иложи бўлса, республиканинг ҳар битта туманида сув омбори қуришимиз ва сувни заҳира қилишимиз керак. Ана шу йўл билан музликларнинг эриб кетиши ва қишлоқ хўжалигимизни эса қурғоқчилик хавфидан сақлаб қола оламиз. Вазиятдан чиқишнинг ягона йўли шудир, - дейди Холназар Муҳаббатов.

Тожикистонлик олим Қаюмов эса музликларнинг эриб йўқ бўлиб кетишини олдиндан тахмин қилиб бўлмаслигини қайд этади.

- Олимлар 2010 йилда Ҳимолайда сув заҳиралари тугаб қолиши мумкинлигини олдиндан тахмин қилган эди. Лекин, кўриб турганингиздек, бу ердаги музликлар ҳали ҳам бор, улар батамом эриб йўқ бўлиб кетгани йўқ. Менимча, Тожикистондаги музликлар ҳам яқин йиллар ичида эриб кетиши ва минтақада сув заҳиралари билан боғлиқ масала боши берк кўчага кириб қолиши атрофидаги ваҳимага ҳозирча ўрин йўқ, - дейди Абдуҳамид Қаюмов.

Тожик олими минтақа сув заҳиралари манбаи саналмиш тўртта йирик музлик истиқболлари ёки уларнинг аянчли тақдири ҳақида фақатгина халқаро экспедиция хулосасидан сўнг аниқ бир фикр айтиш мумкинлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG