Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:16

Жарқўрғонда фермерлар казарма ҳолатига келтирилди


Айрим сурхонликлар¸ фермерлар очилган пахтани ўғрилардан қўриқлаш учун сафарбар қилинганини айтади.
Айрим сурхонликлар¸ фермерлар очилган пахтани ўғрилардан қўриқлаш учун сафарбар қилинганини айтади.

Ҳоким қаҳрига учраган юздан ошиқ фермер икки ҳафта маҳаллий коллеж ëтоқхонасида "ҳарбий ҳолат"да ушлаб турилган.


Озодлик манбаларининг хабар қилишича¸ Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон тумани фермерлари касб-ҳунар коллежи ётоқхонасида икки ҳафталик кечаю кундузни “биргаликда” ўтказганидан сўнг, уларга уй-уйларига тарқалишга рухсат берилган.

Вилоят ҳокими буйруғига кўра, фермерлар дала ишларини ўз ҳолига ташлаб қўймаслик ва ҳокимиятдан тўғридан-тўғри топшириқ олиб туриш учун, икки ҳафта мобайнида кўрпа-тўшаги билан тунни бирга ўтказишга мажбур қилинган.

Озодлик беш тунни бошқа ҳамкасблари билан коллеж ётоқхонасида ўтказган жарқўрғонлик фермер билан суҳбатда бўлди:

Озодлик: Тунги навбатчилик ҳали ҳам бўляптими?

- Йўқ. Кеча тугатиб келдик.

Озодлик: Неча кун бўлдингиз?

- Мен дам олишда эдим. Чақириб олишди. Беш кеча бўлдим. Қолганлар мендан кўпроқ туришган.

Озодлик: Хўш, нима иш қилдиларинг тунда навбатчиликда?

- Ҳеч нарса, ётиб дам олдик, селектор эшитдик.

Озодлик: Озиқ-овқат, еб-ичиш кимнинг ҳисобидан бўлди?

- Кимнинг ҳисобидан бўларди, ўзимизнингда. Фермерлар пул ташлашиб у бу нарса олиб келдириб едик, дейди исми сир тутилишини сўраган жарқўрғонлик фермер.

Жарқўрғон тумани коллежининг исми ошкор этилишини истамаган ўқитувчисига кўра, юзга яқин фермер худди ҳарбий ҳолатдагидай кўрпа-тўшаклари билан коллеж ётоқхонасига келиб ётиб олган ва уларга нисбатан қаттиқ текширув жорий қилинган:

- Мана ҳозир ҳамма фермерларни битта жойга ёпиб ўтирибди. Мисол учун¸ 100-100та фермерни группа қилиб, коллежларнинг ётоқхоналарига ётқизяпти. Буни устига ҳар битта фермер ётоқ жойи учун 10-15 минг сўмдан пул ҳам тўлайди. Кечаси эса армиядагига ўхшаб перекличка қилиб чиқади. Яна ярим кечаси ҳам турғизиб, перекличка қилар экан. Эрталаб эса ҳаммани ишига жўнатар экан. Кечқурун эса қилинган ишлар ҳақида ҳисобот олинар экан. Худди ҳарбий ҳолатдай, дейди Жарқўрғон коллежи ўқитувчиси.

Суҳбатдошга кўра, вилоят ҳокимлиги бундай "ҳарбий сафарбарлик" сабабини, қишлоқ хўжалигида фавқулодда ҳолат юзага келгани билан изоҳлаган:

- Мен ўзим ўқитувчиман, ҳеч ким билмайди, нима учун шундай қилинганини. Бизда вилоят ҳокими бор, Туроб Жўраев деган. Ҳаммани сўкади, фермер борми, аёл борми, фарқи йўқ, сўкади. Яна “она” билан сўкади. Ўзи илгари Маориф вазири бўлиб ишлаган, энди сурхондарёликларни фақат онаси билан “сийлаяпти”. Эшитишимча, ҳатто туман ҳокимларини ҳам уриб, сўкар экан. Мана шундай бошқарув кетяпти-да, Сурхондарёда, дейди ўз хавфсизлиги учун исмини сир тутишга мажбур бўлган сурхонлик ўқитувчи.

Жарқўрғонлик бошқа бир суҳбатдош, Ўрол ака фермерларнинг икки ҳафта туну кун сафарбар қилингани сабаби очилган пахтани ўғрилардан ҳимоялаш эканини айтади:

- Бир ҳафта олдин шундай бўлган тўғри. Пахта очилган, уни теришга ҳали рухсат бўлгани йўқ. Лекин кечқурунлари ўғрилар териб кетаётган экан, шунга фермерларни икки ҳафта роса қаттиқ ушлабди, дейди Ўрол ака.

Қизириқ туманида фермерлик қилаётган Абдураҳмон ака сўзларига кўра, Жарқўрғонда содир бўлган пахта ўғирлаш ҳолати вилоят ҳокимининг фермерларни бир жойга қамаб жазолашига баҳона бўлган:

- Жарқўрғонда шундай факт бўлган. Вилоят прокурори билан Жарқўрғон туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, бир фуқаронинг пахта кўсакларини юлиб, пахтани териб олаётган пайтда шу воқеанинг устидан чиқиб қолган. Шунинг учун жарқўрғонлик фермерларга шундай чоралар қўлланилган, токи улар беэътибор бўлишмасин деган мақсадда, дейди фермер Абдураҳмон ака.

Сурхондарё вилоят ҳокимлиги қошидаги Қишлоқ хўжалик ишлари бўйича бўлимининг ўзини таништирмаган ёрдамчиси Озодлик билан суҳбатда, фермерларни мажбурий ётоққа жалб қилиниши юзасидан ҳеч қандай ахборот беролмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG