Қизилтепа қамоқхонасида жазо ўтаëтган диний воиз ва футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов ëзган матн қўшиққа айланди.
Тақдир тақозоси билан айни қамоқхонада жазо ўтаëтган Зойир исмли хоразмлик ашулачи Хайрулла Ҳамидов ëзган мисраларни қўшиқ қилди.
Дийдорни соғинган кўзлардан сўра.
Озодликнинг ўзи катта бахт экан,
Озодлик қадрини бизлардан сўра.
"Маҳкум Хайрулла Ҳамидов Қизилтепа қамоқхонаси клубида режиссëрлик қилади, қамоқдаги маҳбусларни қайта тарбиялашга қаратилган тадбирлар уюштиради", дейди унинг онаси Муқаддас опа.
Бундан олдин Хайруллани қамоқхонада кўриб келган рафиқаси Озодлик билан суҳбатда¸ унинг қамоқ саҳнасида спектакллар қўйиб, маҳкумларни мутааассир қилаëтганини билдирган эди.
Бундай спектаклларда наркотикларнинг зарари танқид қилиниб, уларга мубтало бўлганлар аҳволининг кўрсатилгани айтилади.
Наркотиклар савдосида айбланиб қамоққа тушган хоразмлик ҳофиз Зойиржоннинг маҳбус Хайрулла Ҳамидов билан “ижодий ҳамкорлиги” жазо муассасаси тарбиявий режасига уйғун экани айтилади.
Бу ижодий ҳамкорлик меваси сифатида “Озодлик қадрини бизлардан сўра” деган қўшиқ вужудга келган.
Рамазон ҳайити арафасида Қизилтепадаги қамоқхонага бир гуруҳ зиëли ва артистлар тарғибот тадбири ўтказиш учун боришди. (Бундай тадбирлар ўтказиш анъанаси совет давридан бери бор. Али Ҳамроевнинг “Ким жинни” филмида ашулачи Фахриддин Умаровнинг Қизилтепа қамоқхонасидаги маҳбуслар олдида концерт бергани тасвирланган.)
Ўша тарғибот тадбирида бўлганлардан бири биз билан микрофонсиз суҳбатлашди.
- Биз тадбир давомида Хайрулла Ҳамидов билан учрашдик. Кичкинагина, бир бурдагина бўлиб қолибди, деди суҳбатдош.
Тадбир қатнашчилари “Озодлик қадрини бизлардан сўра” деган қўшиқни қамоқ клубида Зойиржон ижросида эшитишган.
Кейин тадбир иштирокчиларидан бири бу қўшиқ ëзилган чипни ўз мусиқа асбоби ичига яшириб олиб чиқишга муваффақ бўлган - шу тариқа бу қўшиқ Озодлик радиосига етиб келди.
Бир қарашда Ўзбекистон режими қуюшқонига тўғри келадиган, маҳбусларни инсофга чақириб, очиқда юрган фуқароларга “Озодлик қадрини билинглар” деган мужда йўллайдиган насиҳатли дийдиë қўшиқ бу.
Аммо бу қўшиқни яширинча ташқарига олиб чиққанларнинг айтишига кўра, бу қўшиқ тарқалишини Қизилтепа жазо муассасаси ходимлари сира исташмаган.
- Биз чиқаëтганимизда роса тинтув қилишди. Ҳатто кўрган- кечирганларимизни айтмаслик ҳақида тилхат ҳам олишди, дейди суҳбатдош.
Қўшиқни қайта тинглаш мобайнида турма ичидаги кайфиятни англагандай бўламиз.
“Бизлар асирмиз –сиз эса озодсиз” деган жумлалар қайта-қайта такрорланган сайин ўзбек маҳбусларининг ҳузун тўла ҳаëти кўз ўнгимизга келади.
Дарвоқеъ, қамоқхонадаги “тадбир” иштирокчиси Хайрулла Ҳамидовнинг “лохмач” лар тарафидан калтаклангани ҳақида ҳам айтди.
Қамоқда қўшиқ куйлаш рус аристонларига хос ҳолат. Бу қўшиқларда бўйсунмас маҳбуслар улуғланади, турма нозирлари ва уларнинг югурдаклари қораланади.
Чор даврида қамоққа олинган ўзбеклар ҳам қўшиқлар куйлашган.
“Қарғалар учса қарайлик¸ Марғилоннинг йўлига” қўшиғи, чор қамоқхонасидан чиққан нола бўлиб бугунгача етиб келди.
Аммо мустақил ўзбек қамоқхонаси маҳсули экани айтилиб Хайруллага нисбат берилган бу қўшиқда очиқ қаршилик руҳини кўрмаймиз. “Атони қадрини билгил, анони қадрини билгил” йўлидаги насиҳат қўшиқ.
Аммо бу қўшиқ мисралари тагига кўмилган кайфият боис бу ашулани сиз билан баҳам кўрдик.
Нолибан, бошингни деворга уриб¸
Дийдорни соғинган кўзлардан сўра.
Озодликнинг ўзи катта бахт экан,
Озодлик қадрини бизлардан сўра.
Хотиржам ичасан уйда чойингни,
Аëлинг тўшайди тунда жойингни¸
Бизлардек лойлама умр сойингни¸
Озодлик қадрини бизлардан сўра.
Қўлингга сув қуйса эркатой қизинг¸
Ўғлинг сочиқ тутар артгани юзинг¸
Қучоғингда порлар тунда юлдузинг¸
Озодлик қадрини бизлардан сўра.
Ота-онанг ҳаëт дуосини ол¸
Кеч бўлмай аларнинг ризосини ол¸
Бизлар асир бўлдик, озод юрақол¸
Озодлик қадрини бизлардан сўра.