Европа парламентидаги Франция Яшиллар партиясидан вакил бўлган Никол Киил-Ниелсен Европа Иттифоқини болаларнинг мажбурий меҳнатига чек қўйиш бўйича Ўзбекистонга босим ўтказишга чақирмоқда.
Парламент аъзоси, гарчи ўзбек пахтаси ЕИ давлатларига келаётган жами пахта импортининг 23 фоизини ташкил қилса-да, савдо ҳамкорлигида Ўзбекистонга нисбатан ҳеч чўчимай кескин шартлар қўйиш зарурлигини таъкидлайди.
Халқаро меҳнат ташкилоти ва UNIСEF каби ташкилотларнинг Ўзбекистонга кириш сўрови рад этилганини урғулаган Ниелсон Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи имзолаган халқаро қонунларни бу тарзда ошкора бузишига чек қўйиш зарурати туғилганини таъкидлайди.
- Биз пахта импорти зарурлигини биламиз. Агар биз ўзбек пахтасини олмасак, Хитой олишини ҳам биламиз. Аммо Ўзбекистон ЕИ билан яқин алоқаларга эга бўлишни исташини инобатга олсак, фикримча, бизда бу масалада илгарилаш имкони бор ва буни биз қилмасак, бошқа ҳеч ким қилмайди, - деди Европа парламенти аъзоси Никол Киил-Ниелсен Озодлик мухбири билан суҳбатда.
Ниелсон каби фикрда бўлган парламент аъзолари таклифини инобатга олган ҳолда Европарламент Халқаро савдо қўмитаси оралиқ ҳисобот лойиҳасини тайёрлади ҳамда унга Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида пахтага оид савдо шартномасини ўзгартириш ҳақидаги таклифлар киритилди.
Ушбу ҳисоботнинг тушунтириш баёнотида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги пахта толаси ва пахта матоси бўйича шартнома ҳажми ЕИ ҳудудига келадиган жами пахта импортининг 5 фоизинигина ташкил этиши ва умумий қиймати 16 миллион 400 минг АҚШ доллари бўлган бу келишув туфайли Ўзбекистонда ҳар йили икки ойлик мактаб дарсларидан мосуво қилинган болаларнинг мажбурий меҳнатига кўз юмиш мумкин эмаслиги айтилган.
Шунингдек, ҳисоботда Economist Intelligence, Unut Freedom House каби халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида дунёнинг энг қолоқ давлатларидан бири сифатида келтирилган Ўзбекистоннинг дунёда пахта етиштириш бўйича бешинчи, пахта экспорти бўйича эса учинчи давлат бўлиб қолиши мутлақо диктатура руҳидаги сиёсат эвазига амалга оширилаётгани ҳам айтилади.
Жаҳон банки хулосасига кўра, хусусий фермер хўжаликлари етиштириб бераётган пахтаси учун давлатдан экспорт нархининг учдан бири миқдоригина ҳақ олади.
Турли манбаларга кўра, ҳар йили пахта теримига жалб қилинадиган 200 мингдан 2 миллион нафаргача бўлган 9-15 ёшдаги болалардан эса ҳукумат йиллар давомида деярли текин ишчи кучи сифатида фойдаланиб келаётгани ҳам ҳисоботда қайд этилади.
Буни тўхтатиш борасида ЕИ ва дунёнинг бошқа давлатлари чақириқларига нисбатан Ўзбекистон ҳукуматининг жавоби, ЕП аъзоларига кўра, муаммони инкор қилиш ва унинг масъулиятини асоссиз равишда хусусий фермерларга юклашдан иборат бўлмоқда.
Бу даъвога ишонч қилишга уринган халқаро ташкилотларга Ўзбекистонга кириб, мустақил текширув юритишга рухсат берилмагани ҳам ҳисоботда алоҳида қайд этилган.
Шуларни таъкидлаган Европа парламенти аъзолари ЕИдан Халқаро савдо қўмитаси оралиқ ҳисоботида кўрсатилган таклифлар асосида Ўзбекистон билан савдо ҳамкорлигини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.
Буни "мутлақо асосли ва зарурий" деб ҳисоблаган парламент аъзоси Никол Киил-Ниелсен Озодлик мухбири билан суҳбатда қўмита талабларидаги яна бир муҳим жиҳатни тилга олди.
- Бу вазиятда биз Халқаро меҳнат ташкилотига Ўзбекистонга кириш ва вазиятни кузатишига рухсат берилишини сўраймиз. Ундан кейин биз ўз хулосамизни чиқаришимиз ва пахта бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқишимиз мумкин. Биз Ўзбекистон ҳукумати болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланишни тақиқловчи қонунни қабул қилганини биламиз. Аммо аслида болалар мажбурий меҳнатидан ҳануз фойдаланилаётганига ишончимиз комил, - дейди ЕП аъзоси.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан бугунги сиёсати асосида ётиши кўзда тутилган инсон ҳуқуқлари устиворлигига, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга эришиш учун ЕПнинг Халқаро савдо алоқалари бўйича қўмитаси ҳисоботчиси Европа комиссияси ва кенгашининг бу масаладаги музокараларида бевосита иштирок этишига имкон берилишини ҳам сўраган.
Европа Парламентининг Ўзбекистонга нисбатан босимни кучайтириш тарафдори бўлган депутатлари фикрича, бунинг учун ЕИ манфаатига зид келмайдиган ижобий воситалар бор - гап фақат уларни самарали тарзда ишга солишдагина қолган.