Туркиядаги ҳаракат фаоллари, мухолифат тарафдорлари ва турк жамоатчилиги фаолларидан иборат ўнлаб пикетчи президент Ислом Каримов етакчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати олдига қатор талабларни қўйди.
Туркиядаги ҳаракат фаолларидан бири Алибой Йўляхшиевга кўра, талаблар орасида хорижда юрган ўзбек мухолифатининг Ўзбекистонга қайтиши учун имкон бериш ва мамлакатда зудлик билан демократик сайловлар ўтказиш талаби ҳам бор.
- Бугун расман Ўзбекистон мустақиллиги байрам қилинадиган кун. Лекин биз, биринчидан, 1 сентябрнинг байрам бўлишига қарши эдик. Чунки 1 сентябр Каримов ва унинг гумашталарининг байрами. Ўзбекистон халқи вакиллари эса 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган эди. Ўзбекистон сиëсий жиҳатдан мустақил бўлса-да, озодлик, эркинлик, ҳуррият, демократия жиҳатдан мустақил бўлмади. Шунга қарши эканлигимизни, фикримизни билдириш учун йиғилдик.
Озодлик: Қанақа талабларни илгари сураяпсизлар?
- Биринчиси, барча антидемократик тақиқлар бекор қилинсин. Иккинчиси, ҳақиқий матбуот эркинлиги таъминлансин. Учинчиси, сиëсий маҳбуслар сўзсиз озод этилсин. Тўртинчиси, сургундаги мухолифат партиялари ва гуруҳларнинг ватанга қайтиши учун барча ҳуқуқий ва сиëсий-иқтисодий шароитлар яратилсин.
Бешинчиси, бир муддат ичида, бутун мухолиф партия, ташкилот ва ҳаракатлар бемалол қатнашиши мумкин бўлган бир шаклда, мамлакатнинг барча давлат органларига, жумладан, президентликка ҳам эркин, очиқ, одилона сайловлар ўтказилсин!
Биласиз, кейинги вақтларда чет элдаги Ўзбекистон мухолифати бирлашган¸ Халқ ҳаракати, деган жабҳа ташкил қилган. Май ойида Берлинда таъсис мажлиси ўтди. Шундан бошлаб чет элдаги ва Ўзбекистондаги бугунги ўзбек ҳукуматига мухолиф бўлган кишиларнинг янги Ўзбекистон халқ ҳаракати деган ташкилоти тузилган.
Шу ҳаракатнинг Истанбулдаги аъзолари ўз талабларимиз билан бугун Ўзбекистон консуллиги олдига йиғилишга қарор қилдик.
Озодлик: Алибой ака, тахминан қанча одам бор?
- 50 дан ортиқ бўлди.
Озодлик: Ҳаммаси Ўзбекистон халқ ҳаракатининг аъзоларими ëки Туркиядаги ўзбекларми?
- Истанбулдаги ўзбеклар, яна бизнинг фикримизга қўшилган Истанбулдаги ҳуқуқ ҳимоячилари. Туркларнинг Mazlumdar деган ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти бор экан, Адолат деган ташкилоти бор экан, Буюк Бирлик партиясидан аъзолар, Истанбулдаги Туркия матбуотидан, газеталардан вакиллар бор.
Озодлик: Ҳозир сизлар элчихона биносининг олдида турибсизлар-а?
- Ҳа.
Озодлик: Элчихонадан биров-ярим чиқиб: “Нимага келдингизлар? Нима мақсадда бу ерда турибсизлар?” деб сўрадими?
- Жуда кўп милициялар турибди. Улар йўлнинг чеккасида. Элчихонадан ҳеч ким чиқмади. Лекин, дераза пардаларидан мўралаб, бизни росса сёмка қилишди. Пикетнинг бошидан охирига қадар тасвирга олишди, лекин, - деди Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси биноси ёнига пикет учун йиғилган Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаолларидан бири Алибой Йўляхшиев.
Ўзбекистон халқ ҳаракати шу йил май ойида Берлинда илк таъсис қурултойини ўтказган ва ҳозирга келиб дунёнинг 10 га яқин давлатида ўз бўлинмаларини ташкил қилишга улгурган.
Ҳаракат фаоллари муттасил равишда ўз режалари борлиги ва бу режалар Ўзбекистондаги диктаторлик режимини ўзгартиришга қаратилганини айтиб келмоқда.
Аммо, ҳозирга қадар Ўзбекистон халқ ҳаракатидан эшитилган бу каби баёнотлар ортидан танқид нафақат ўзбек муҳолифачтилари, балки айни кезда Ўзбекистон ичкарисидан туриб фаолият юритаётган мустақил журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва кузатувчиларда ҳам кучайиб бормоқда.
Биз бу танқидларга Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Туркия бўлими раиси Алибой Йўляхшиевнинг муносабатини сўрадик.
У кишининг жавобларини қуйида тинглашингиз мумкин.