Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:08

Ўш қамоқхонасидан яна бир ўзбекнинг жасади чиқди


Ҳуқуқ ҳимоячилари 63 ёшли Маматазиз Бузуруков қийноқлар оқибатида вафот этганини айтишмоқда.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапировга кўра, Ўшдаги тергов изоляторида сақланаётган 63 ёшли Маматазиз Бузуруков 1 сентябр куни 23.30 лар чамаси вафот этган. Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзбек миллатига мансуб маҳбуси тергов пайтида қийноққа солинганини айтди:

Ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров.

- Эрлигига электоршок босишган. СИЗОга ўтказилгунича қайта - қайта қийноққа солинган. Терговда қийноқ орқали жиноятни тан олдириб, кейин СИЗОга ўтказишган экан. СИЗОга ўтганидан кейин оғриб юрган. Сўнгги кунларда сийдик келмай қолган экан. Тунда вафот этибди, - деди Равшан Гапиров.

Унинг айтишича, марҳум Маматазиз Бузуруков ўтган йилги Ўш воқеаларида одам ўлдирганлик, оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб икки ойдан бери қамоқда ётган. Номаълум сабабларга кўра, унга нисбатан суд маҳкамаси ҳам қолдириб келинган

Бироқ ҳуқуқ - тартибот органлари Маматазиз Бузуруковнинг қийноққа солинганини инкор қилишади. Ўшдаги жазони ўташ департаменти шифокори Даргул Исраилова Бузуруковнинг танасида қийноқ излари бўлмагани, у юрак хасталигидан вафот этганини айтади:

Қамоқхона шифокори Даргул Исраилова.

- У келганда ҳам танасида хеч қандай жароҳат излари бўлмаган. Бу ерда текширганимизда ҳам танасида жисмоний жароҳат бўлмаган, хеч ким урмаган. У тунги соат 11лар чамаси юрак инфарктидан вафот этган. Реанимационний бригада ҳам келиб кўрган. Текширувда ҳам юрак хасталигидан ўлгани белгилари бўлган. Ҳозир экспертиза ҳам қилинди. Тахминий натижалар бўйича инфаркт бўлган, - деди Даргул Исраилова.

Бузуруковнинг яқинлари унинг аввал юрак касалидан шикоят қилмаганини айтишади. Бироқ улар бу борада журналистлар билан ҳозирча гаплашишни исташмаяпти ва буни марҳум Бузуруковнинг июн воқеаларида айбланиб қўлга олинган ўғли хавфсизлиги билан боғлашмоқда.

Маълум бўлишича марҳум Маматазиз Бузуруковнинг ўғли Маҳаммаджон Бузуруков ҳам ҳозир қамоқда сақланмоқда.

Қирғизистон президенти Ўтунбаева бир неча кун олдин Бузуруков сақланаётган қамоқхонани бориьб кўрган ва у ердаги шароитдан қониқиш ҳосил қилганини билдирган эди.

Айтиш жоизки Бузуруковнинг ўлими Қирғизистон жанубида маҳбусларга нисбатан қийноқларнинг қўлланишини исботловчи ягона воқеа эмас. Шу йилнинг 7 август куни Жалолобод вилояти Бозорқўрғон тумани милицияси ходимлари асли бозорқўрғонлик, айни пайтда Россия фуқароси бўлган Усмонжон Холмирзаевни ҳам ўтган йили Ўш ва Жалолободда содир бўлган мудхиш воқеаларга алоқадорлигини текшириш учун уйидан олиб кетишган ва туман ички ишлар бўлими биносида аёвсиз калтаклашган. Натижада Холмирзаев олган тан жароҳатлари натижасида 9 август куни вафот этган.

Холмирзаевнинг ўлимида айбланган 4 та милиция ходимига нисбатан “Қийноқ қўллаш”, “Пора талаб қилиш” каби айбловлар билан жиноят иши очилган. Қирғизистон Бош прокуратураси бир неча кун олдин мазкур жиноят иши судга ўтказиб берилганини маълум қилган.

Мазкур воқеадан кейин Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева шахсан мамлакат жанубига борган ва куч тизими раҳбарлари билан учрашган. Учрашувда президент куч тизими раҳбарларини қийноқлар бўйича аниқланган ҳар бир ҳолат учун жавобгарликка тортиш борасида огоҳлантирган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатулло Рахматуллаев.

Бироқ ўшлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат расмийларининг маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилишига қарши баёнотлари самара бермаётганини айтишмоқда:

- Қийноқлар мавжудлиги тўғрисида биз Бош прокурорга айтдик. Президент келган эди, у билан учрашиб президентга айтдик. Яқинда бу борада Ички ишлар вазири ўринбосари Қурсан Асанов билан гаплашдик. Бироқ шунга қарамай қийноқлар давом этяпти. Очиғини айтганда, президент келиб кетганидан кейин биз бу ҳолнинг яхши томонга ўзгаришига умид қилган эдик. Лекин бугунги кунгача бирон бир ўзгариш йўқ, - деди ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаев.
XS
SM
MD
LG