Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:45

КХШТ Ўзбекистонга “Хуш кўрдик” демоқчи


"Ўзбекистонга Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида қолиши ёки қолмаслигини ўйлаб кўриш тавсия қилиниши мумкин".

Бу хабарни Россияда чиқадиган “Коммерсантъ” газетаси ўзининг 5 сентябр сонида Россия ташқи ишлар вазирлигидаги бир манбанинг айтганларига таяниб эълон қилди.

Масала нима учун бу қадар кескин қўйилаяпти?

Тошкент билан КХШТ ўртасидаги муносабатлар чигаллиги замирида қандай сабаблар ётибди?

Россиялик дипломатнинг айтгани

“Коммерсантъ”га кўра, Россия Tашқи ишлар вазирлигидаги манба айнан қуйидаги гапни айтган:

“Давлат раҳбарлари даражасида консенсус принципидан воз кечиш томон илгарилаш зарурлигини тушуниш мавжуд. Бунга Ўзбекистондан ташқари бошқа ҳамма қарши эмас. Шунинг учун Ўзбекистон президентига ўз позициясини аниқлаб олиш таклиф қилинади. Агар имзолашдан бош тортса, демак, биз биланми, биз билан эмасми - танлов имкони бўлади”.

Демак, Тошкент “консенсус принципи”га - КХШТ доирасида қарор қабул қилишда консенсус принципига қарши чиқмоқда.

Принциплар ўзгаруви

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевнинг айтишича, “шу пайтгача КХШТ доирасида у ёки бу қарор ташкилотга аъзо давлатларнинг барчаси тўла розилик билдирган тақдирдагина қабул қилинган. Лоақал битта давлат қарши бўлган тақдирда ҳам қарор қабул қилинмаган. Яъни консенсус принципи амал қилар эди”.

- Эндиликда эса, - дея давом этади Сатпаев, - қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштириш зарурлигини рўкач қилиб, консенсус принципидан воз кечиш, қарорларни кўпчилик розилиги билангина қабул қилиб қўйишни Россия таклиф қилаяпти. Яъни ташкилотга аъзо давлатлардан бир-иккитаси қарши бўлган тақдирда ҳам қарор кўпчилик овоз билан қабул қилинаверади.

Москва КХШТни реал ҳарбий иттифоққа айлантирмоқчи,

дейди россиялик таҳлилчи Павел Фельгенгауэр, - лекин бу йўналишда ташланган амалий қадамлар кўп эмас. Ҳарбий иттифоқнинг уютқиси сифатида тузилган Коллектив тезкор кучларни (КСОР) ҳозирча коллектив ҳам, куч ҳам, деб бўлмайди. Бунинг сабаблари кўп.

Сабаблардан бири Ўзбекистоннинг тутган позициясидир. Ва бу ҳолат Москванинг ғашини келтирмоқда.

Нима учун Москва консенсус принципидан воз кечмоқчи?

Москвалик бошқа бир таҳлилчи Александр Гольцнинг фикрича, “Россия Коллектив тезкор кучларни тузишга ва муҳими, бу тузилманинг ҳуқуқий базасини тезроқ яратишга интилаяпти. Бу эса, Афғонистондан АҚШ ҳарбийлари олиб чиқиб кетилганидан сўнг Ўрта Осиё мамлакатларида чиқиши муқаррар бўлган можароларга аралашиш имконига эга бўлиш учун зарурдир”.

Нима учун Тошкент консенсус принципидан воз кечмоқчи эмас?

Александр Гольцнинг фикрича, “Марказий Осиёнинг заиф авторитар режимлар бўлган давлатлари раҳбарлари Москванинг ташаббусларидан дўппиларини осмонга отаётганлари йўқ. Бунинг икки сабаби бор. Уларнинг Коллектив тезкор кучларнинг Москва айтаётган принципларда тузилишига розилик бериши ўзларининг заифликларини тан олишлари бўлади”.

- Иккинчидан эса, ўз республикаларида назоратсиз яккаҳокимлигидан воз кечишларига тўғри келади. Коллектив тезкор кучлар тузилишига энг катта қаршилик кўрсатаётган лидер - кучлироқ авторитар раҳбар бўлгани сабабли жаноб Каримовдир. Минтақадаги бошқа давлатлар эса, Ўзбекистонга қараганда заифроқ бўлгани учун қаршилик кўрсата олмаяпти, - деди Александр Гольц.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев ҳам Александр Гольц билдирганга ўхшаш фикрни айтар экан, “Москва таклифларидан бошқалар, хусусан, Каримов мамлакат ичида бирон тўполон чиққудай бўлса, КХШТнинг ҳарбий аралашувини хоҳламаяпти”, -деди.

КХШТ Ўзбекистонга “Хуш кўрдик” дейдими?

Дўсим Сатпаев минтақа хавфсизлигини, демакки, шимолий қўшни Россиянинг ҳам хавфсизлиги таъминлашда Ўзбекистон жуда зарур ўйинчи эканлигини Москва тушунишини таъкидлади.

- Лекин Москва КХШТни масалаларни оперативроқ ҳал қиладиган ташкилотга айлантирмоқчи ва агар Тошкент КХШТни ислоҳ қилиш ғоясига қарши чиқса, Россия Ўзбекистоннинг бу ташкилотдан чиқиши масаласини кун тартибига қўйиши мумкин, - деди Дўсим Сатпаев.

“Батька”нинг айтгани

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг “Коммерсантъ” газетаси 5 сентябр кунги сонида келтирилган гапи бу масалада қилинган илк баёнот эмас.

КХШТга аъзо давлатлар бошлиқларининг 12 август куни Астана шаҳрида бўлиб ўтган норасмий учрашувида Беларус президенти Александр Лукашенко “Шартнома доирасида тўла қувват билан ҳамкорлик қилишни истамаётган мамлакатлар"ни КХШТдан чиқариб юборишни таклиф қилган эди.

Норасмий саммитга фақатгина Ўзбекистон президенти бормаганидан келиб чиқиб, Беларус раҳбари қайси мамлакатни назарда тутганини тушуниш қийин эмас.

Бу масалада баёнот берилмайди

Бу жавобни Озодлик мухбири “Президент Лукашенконинг баёноти ҳамда “Коммерсантъ” газетасида чиққан хабарга муносабат билдирасизларми?” деган саволига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Одилбек Қаипбергеновдан олди.

КХШТ идорасининг ҳозирча жавоби йўқ

КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдинов Озодлик радиосининг Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг “Коммерсантъ” газетаси 5 сентябр кунги сонида келтирилган гапига муносабат билдиришини сўраб қилган илтимосига жавобан “КХШТ маъмурияти бундай маълумотлардан бехабар" экани ва "Ўзбекистоннинг ташкилотни яна тарк этишига оид маълумотларга ҳозир жавоб беролмаслиги”ни айтди.

Ўзбекистон 1999 йилдан 2006 йилгача КХШТга аъзолигини тўхтатиб турган эди.

КХШТга шу кунда Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.
XS
SM
MD
LG