Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:29

"Ватанимни жуда соғиндим, аммо..."


деган тошкентлик Жаннатой Ўзбекистонда ҳокимият тепасида ҳозирги расмийлар турар экан, юртдаги аҳвол ўзгаришига шубҳа қилишини айтади.

"Ўзбекистон халқи нега ҳалигача қийин аҳволда яшаяпти?"

Россиянинг Тула вилоятидан қўнғироқ қилган асли андижонлик Ҳабибулла ака Ўзбекистон ҳукумат бошчиларига "Мамлакатдаги иқтисодий вазият қачон ўзгаради?" дея савол йўллайди.

- Мустақиллигимизга 20 йил бўлган бўлса, йилига 86 тоннадан олтин олсак, 4 миллион тоннадан пахта оладиган бўлсак, 6 миллион 800 минг тонна буғдой оладиган бўлсак, нефтимиз бўлса, газимиз бўлса, яна муҳожирлар орқали кириб келаëтган пуллар эвазига иқтисодимиз кўтарилаëтган бўсла, нимага ҳалигача Ўзбекистон халқи қийин аҳволда яшаяпти? Бир пайтлар мана шу радио орқали эшитган эдим. Бир геолог олим: “Ўзбекистон мустақил бўлса, ҳар бир фуқаронинг ковуши тилладан бўлади”, деган экан. Биз ҳозир ковушимиз тилла бўлиши у ëқда турсин, керак бўлса, чет мамлакатларга чиқиб, ишлаб оила боқишга мажбур бўлаяпмиз. Бунинг сабаблари нима экан?

Озодлик: Кимга бераяпсиз бу саволни?

- Буни энди мана шунга масъул шахсларга-да. Ўзбекистон ҳукуматидан жавоб берадиган мард топилармикан, деган мақсадда. Яна шу нарсани айтмоқчиманки, ҳар йили август бўлишига ойлик кўтарилади. Ойликларга қўшади-да, у ëқдан икки-уч баробар қилиб олиб олади, нарх-навога қўшиб туриб. Бунинг ҳам сабаби бор-да. Қачонгача халқ чидайди шу нарсаларга? Шу нарсаларни ўйлайдиган одамлар борми? Нарх-наво кўтарилишининг олдини оладиган қанақадир ташкилотлар бўлиши керак-ку. Нимага назорат қиладиган ташкилотлар назорат қилмайди, - дейди Россиянинг Тула вилоятидан қўнғироқ қилган асли андижонлик Ҳабибулла ака.


"Туркия фуқаролигини олишга қарор қилдим"

Олти йилдан буён Туркияда яшаётган, асли тошкентлик 32 ёшли Жаннатой хориждаги ҳаётидан мамнунлигини айтиш баробарида, Ўзбекистондаги вазият ўнгланишини кутиб яшаётганини айтади.

- Мен 2005 йилда Туркияга келдим. Турист бўлиб келдим, лекин бу ерда қолдим. Бир йилдан кейин Туркия фуқароси бўламан мен. Ўз ватанимга қайтиб боргим ҳам келаяпти. Масалан, менинг 9 яшар ўғлим бор. Битта мактабга берадиган бўлсам, мактабда тўғри ўқитувчи йўқ. Биз ўқиган мактабларда ҳозир бизларнинг болаларимиз ўқий олмаяпти. Менинг болам икки йилдан бери Туркия мактабида ўқияпти. Қачонгача бу нарса давом этади? Мен Туркия фуқароси бўлгим келмаяпти аслида, лекин мажбурман. Мажбуриятдан олаяпман.

Озодлик: Кўнглингиз нима дейди? Ўзбекистонга қайтиш режа борми?

- Қайтиб боргим келаяпти. Кўнгилда боргим келаяпти. Ватанимни жуда ҳам соғиндим. Жуда ҳам яхши кўраман. Лекин юқоридаги шахслардан ҳеч ҳам мамнун эмасман. Ўзбекистон келажаги порлоқ, дейдилар президентимиз. У президент бўлгунча, бу нарса бўлмайди, - дейди олти йилдан буён Туркияда яшаётган, асли тошкентлик 32 ёшли Жаннатой.


"Бу охир замон экан..."

Оренбургдан қўнғироқ қилган андижонлик Абдулла ака ҳаваскор шоирлардан бўлиб, у Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган Хайрулла Ҳамидов ва бошқа диний ҳамда сиёсий маҳбуслар номидан ёзган шеърини ўқиб берди.

Ҳар мўминни синашга,
Бир иш тушаркан бошга,
Ҳамиша тайëр тургин,
Қарамасдан ҳеч ëшга.

Покла дилнинг зоҳирин,
Кўр замоннинг охирин,
Айтай бир аломатин,
Йўқотган ҳаловатин.

Инсоф бўлса, тавба қил,
Бўлмасанг золимлардан,
Бирма-бир айрилмоқда
Бу замон олимлардан.

Уйғон, эй мусулмонлар,
Келди шундай замонлар,
Имонингни қадрини,
Билишмоқчи ëмонлар.

Бир мусулмон қамалса,
Айблама, деб "фалоний",
Бошингга ëғилаëтган
Қайтармоқда балони.

Улар қалби очиқлар,
Ëлғиз Оллоҳдан қўрқар,
Кун чиққунча ухласанг,
Улар-чи намоз ўқир.

Ҳавас қил сен уларга,
Туҳмат тошин отгунча,
Ҳақларига дуо қил,
Ғафлат босиб ëтгунча.

Бу дунëнинг ғамлари,
Битмас рўзғор камлари,
Бунча аридай тўзир
Нафс учун одамлари.

Эй имон келтирганлар,
Ўйла диннинг ғамини,
Яшаш учун келмадинг,
Қўй рўзғорнинг ғамини.

Оллоҳ учун дўст тутгил,
Мусулмон бир-бирингни,
Озгина сабр қилгин,
Очавермай сирингни.

Бу Оллоҳнинг буйруғи -
Ҳақ йўлни "ҳақ" дейишлик,
Тақволи мўминларга
Дин ғамини ейишлик.

Ўтди қанча саҳоба,
Дин учун бериб жони,
Бу қандай мусулмон у -
Қийналмаса виждони.

Қай юз билан борасан
Саҳобалар олдига,
Ўйла, бугунги уммат,
Бунча ортда қолдинг-а?

Қандай замонга қолдик,
Кимлардан ибрат олдик?
Кел, беамал биродар,
Гапларимдан ибрат ол.

Қўрқоқ бўлсанг, сенсиз ҳам
Оллоҳ динин сақлайди,
Қайси қилган амалинг,
Гуноҳларинг оқлайди?

Бу охир замон экан,
Фитнаси ëмон экан,
Туҳмат ëғди бошима,
Заҳар солди ошима.

Ҳақиқатни сўйласанг,
Дин ғамини ўйласанг,
Қўшнинг тош отаркан,
Биродаринг сотаркан.

Замондан безганим йўқ,
Азобни сезганим йўқ,
Дин учун жоним фидо,
Эй кофирлар, алвидо.

Онажон, бағрингизни,
Соғиндим қабрингизни,
Бундай фитна замондан,
Обкетинг ўғлингизни.

Қанча азоб бермасин,
Имонимни сақлайман,
Онажон, олдингизда,
Ўз бурчимни оқлайман.

Бу менинг фақир жоним,
Оллоҳ, сенинг қўлингда,
Имонимни сақлагин,
Шаҳид бўлай йўлингда.

Бандангга муҳтож қилма,
Ëлғиз ўзингдан сўрай,
Саҳобалар олдига,
Ëруғ юз билан борай.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG