Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:28

Ўзбекистон-Япония 1-1


Тожикистон ва Қирғизистон жамоалари устидан ғалабадан руҳланган ўзбек ишқибозлари япон жамоаси устидан ҳам ғалабага кўз тикмоқда.
Тожикистон ва Қирғизистон жамоалари устидан ғалабадан руҳланган ўзбек ишқибозлари япон жамоаси устидан ҳам ғалабага кўз тикмоқда.

Саккизинчи дақиқада Сервер Жепаров урган гол ўзбек ишқибозлари кутган ғалаба умидини мустаҳкамлади. Бироқ меҳмонлар жавоб тўпини уришга муваффақ бўлди.


Бугун Тошкент вақти билан соат кечки 7 да "Пахтакор" стадионида бошланган ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Япония терма жамоаси устидан ғалаба қозониши ёки энг камида дуранг натижага эришиши кутилган эди.

Бунга талайгина асослар келтирилган.

Uff.uz нашрининг айрим оптимист футбол шарҳловчилари билан суҳбатлар асосида келтирган тахминларига кўра, бугун япон жамоасининг асосий ўйинчилари майдонга тушмаслиги ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафига ёш, маҳоратли футболчиларнинг тортилгани ўзбек миллий терма жамоасига ғалаба имконини бериши мумкин.

Нисбатан пессимист шарҳловчилар ва ишқибозлар эса ўзбек жамоасининг ҳимояси бироз ожизлиги ва тайёргарлик ҳам меъёрида бўлмагани боис бугунги ўйин дуранг натижа билан тугаши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Озодлик боғланган Ўзбекистон футбол федерацияси маъмурияти, Пахтакор стадиони маъмурияти ва ишқибозлар некбинлик билан ғалабани кутаётганини айтди.

Пахтакор ва Футбол федерациясининг Тошкент шаҳар бўлимида ишлайдиган ходималар бунга яна бир асосни келтирдилар - бугун бўладиган ўйинга бирорта чипта қолмаган.

- Федерацияга телефон қилинглар. Билетларни федерация чиқарган. Бу ëқда билет қолмаган, - деди “Пахтакор” стадионида чиптахоналардан бирида телефон гўшагини кўтарган сотувчи.

- Билетлар йўқ болам, нима қилай ахир? Биласизми, сиз менимча 2000чи одамсиз билет сўраб телефон қилган. Шунинг учун робот бўлиб қолдим битта гапни гапиравериб, - деди телефон гўшагини олибоқ, саволимизни ҳам кутиб ўтирмай билет йўқлиги айта қолган Ўзбекистон Футбол федерациясининг Тошкент шаҳар бўлимидаги ходим.

Бугунги футбол ўйини учун ҳақиқатда ҳам чипта ўта танқис бўлганини Ўзбекистон Футбол федерацияси ходими ҳам тасдиқлади.

Давлат нархи 3-5-10-15 минг сўм қилиб белгиланган 30 минг донага яқин чипта 4 сентябр куниёқ сотиб бўлингани айтилмоқда.

6 сентябр куни ўйинга бир неча соат қолганда чипта сотиб олган тошкентлик ишқибоз Сабоҳиддин Ҳасанов 10 сектордаги ўриндиқ учун 25 минг ўзбек сўмига билет сотиб олганини айтди.

Унга кўра, майдонга энг яқин ва томоша энг қулай бўлган ўринлар учун нарх, ҳатто, 70-80 минг сўмга чиқиб кетган.

Ўзбекистон Футбол федерацияси расмийси бу ҳолни ҳам тасдиқлади ва буни назорат қилиш имконсизлигини айтди.

- Қандай назорат қиласиз, ахир? Масалан, сиз кассага келасизда бешта билет оласиз ёки бирданига 10 та билет оласиз. Мен сизга буни тақиқлай олмайманку. Кейин юз метр нарига ўтасизда, устига қўйиб сотаверасиз. Шунақа система бўлиб қолган, - деди Ўзбекистон Футбол федерацияси расмийси.

Аммо унга кўра, федерация ҳар гал шунақа катта ўйинлар олдидан касаначи чиптачиларни ҳам сотувга жалб қилади ва улар олиб сотарлик олдини олиш мақсадида ёлланади.

- Уларда сотиладиган билет нархи давлат нархи бўйича. Булар расман ёлланган чиптачилар, улардан олиш ҳам мумкин. Аммо, бугун майдон атрофида туриб билет сотганларнинг қанчаси касаначи кассир, қанчаси олиб-сотар – буни биз айтолмаймиз, - деди Ўзбекистон Футбол федерацияси расмийси.

Хуллас, қандай қилиб бўлса-да, чипта олишга муваффақ бўлган 30 мингдан ортиқ одам ҳозир “Пахтакор” стадионида.

Уларни бир стадионга йиққан икки жамоа эса бунга қадар жами 7 марта учрашган. Бунинг иккитаси дуранг, бештаси эса Ўзбекистон ҳисобига мағлубият билан тугаган.

Футбол ишқибозлардан бири Сабоҳиддин Ҳасанов шунга қарамай ғалабага умид қилаётганини айтди.

Қуйида ушбу мухлис билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.



Озодлик жамоаси 2014 йил Бразилияда бўладиган Жаҳон чемпионати учун саралаш ўйинлари гуруҳ босқичи доирасида Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ўртасида бўладиган ўйинни кузатиб бормоқда ва якуний натижадан, албатта, сизни хабардор қиламиз.
XS
SM
MD
LG