Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:28

Ўзбеклар Қозоғистон ва Қирғизистон пахтасини тераяпти


Шу кунларда қозоқ фермерлари Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона водийсига бориб, оммавий равишда ишчиларни Қозоғистонга пахта теримига олиб кетаяптилар.

Қозоқ фермерлари, жумладан, Сурхондарёнинг Бандихон туманида уйма-уй юриб, фуқароларни пахта териш учун Қозоғистонга олиб кетаяпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган деновлик коллеж талабаси Шавкат мактубида айтилишича, Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ ҳақ ваъда қилаётган қозоқ фермерлари сўзига ишониб, сурхондарёликлар оммавий равишда Қозоғистон томон йўл олаяптилар.

Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманидан бўлган Шерали айни пайтда Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч туманида пахта тераяпти.

Шералига кўра, қозоқ фермерлари пахта териш мавсумига ўзбекистонликларни жалб қилиш механизмини жуда яхши йўлга қўйган.

- Қозоғистоннинг одамлари бориб, Сурхондарёдан олиб келади теримчиларни. Пахтасини тердириб, кейин таможнядан ўтказиб қўяди. Ўзбекистоннинг таможняси - Қоплонбек, Майский бор, Черняевка бор - шу ерлардан ўзбек теримчиларини ўтказиш йўлга қўйилган. Пахтасини тердириб, бир ой терадими, 25 кунми, кейин яна тамножнядан ўтказиб қўяди. Агар "автобусда кетаман" деса, ипподромга, "поездда кетаман" деса, вокзалга олиб бориб қўяди. Ўзбекистондан хотин-қизлар келади, болалар келади, қари одамлар келади. Кўпинча аëллар, ëш қизлар келади, - деди Сариоғочда пахта тераётган қумқўрғонлик Шерали.

Сурхондарёнинг Олтинсой туманидан бўлган Шерзод ака икки йилдирки, икки қизи, ўғли ва келини билан бирга Сариоғочда пахта мавсуми тугагунча пахта теради.

Шерзод аканинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда таъкидлашича, оиласидаги 6 киши кунига ўртача 500 килограммдан пахта теради, ҳар пахта мавсумида унинг оиласи 1500 АҚШ долларидан зиёдроқ пул ишлайди.

Шерзод ака оиласи билан маҳаллий ўзбеклардан бирининг уйида ижарада туради. Кўпчилик ўзбекистонликлар эса дала шийпонларига жойлашади. Унга кўра, умумий ётоқхонага айланган бундай жойларда яшаш учун шароитлар умуман йўқ, деса ҳам бўлади. Айрим жойларда иш берувчиларнинг ўзи ўзбек теримчиларини турар-жой ва озиқ-овқат билан таъминлайди. Бундай ҳолатларда эса пахтага тўланадиган ҳақ нисбатан арзон бўлади.

Қибрайлик Ғофуржон ака Озодлик илтимосига кўра ўзбек-қозоқ чегарасида Қозоғистонга пахта теримига кетаётган ўзбекистонликлар билан боғлиқ вазиятни ўргангач, қуйидагиларни айтиб берди:

- “Яллама” деган пост бор. Ундан кейин “ПостГАИ” деган ҳам пост бор. Шунинг нариëқ тарафида бугун бўлаётган воқеа. Фермерлар тайëр бўлиб ўтиришибди. Бу ердан пахта теримига одамлар ўтаяпти. Қозоқ фермерларининг ўзи олиб кетар экан. Бир ойлик учëтга қўйиш, овқат фермерлардан. Бир ойдан кейин олиб келишиб, яна ўзи чегарадан чиқариб қўяркан. Бир ой туриш мумкин экан. Бир килосига 10 тангадан бераëтган экан. Бизларнинг пулда 160 сўм бўлади. Тошкентда 120 сўмдан тўлаëтган экан пахтага. Асосан, сурхондарёлик, қашқадарёлик, жиззахлик ва водийликлар пахта теришга ўтаяпти, - деди Ғофиржон ака.

Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда туман далаларида ўзбекистонликлар пахта тераётганини тасдиқлар экан, бунинг қонунга қарши ҳолат эмаслигини таъкидлади.

Қозоқ матбуоти маълумотига кўра, Жанубий Қозоғистоннинг Мақтаорол туманида ҳам ўзбекистонлик теримчилар бўлиб, улар сони 2500 дан зиёдни ташкил қилади.

Маълум бўлишича, ўзбекистонликлар пахта мавсумида қўшни Қирғизистон пахтасини теришга ҳам кўмаклашар экан.

Бу борада мониторинг ўтказган ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилла Раҳматуллаевга кўра, ҳар мавсумда юзлаб ўзбекистонликлар Қирғизистонга пахта теримига келади.

- Ягана, пахта терими мавсумида кўпроқ ўзбекистонлик аëллар, болалар бизнинг территорияда пахта теришади. Олинган ҳақи Ўзбекистонникидан анча юқори. Биз тадқиқот олиб борган пайтимизда Қорасув райони далаларида бўлдик. Битта далада 100 га яқин аëл, болалар пахта тераëтган эди. Уларнинг 80 фоизи Ўзбекистон фуқаролари. Бултур, бурунги йилги сезондаги баҳони оладиган бўлсак, 1-1,5 қирғиз сомидан пул тўлашган. Бу дегани ўртача 30 центдан ошиқроқ. Ўзбекистонда арзонроқ тўласа керак. Шунинг учун Ўзбекистон фуқаролари бизнинг территорияга чиқиб, пахта теришади, - деди ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилла Раҳматиллаев.

Ўзбекистонда пахта теримига яроқли фуқаролар қўшни давлатларнинг пахта хирмонларини тиклашга кўмаклашаётган бир пайтда уларнинг далаларда бўшаб қолган ўрни яна мактаб ўқувчилари ва талабалар билан тўлдирилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG