Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:42

Қамчи Кўлбаев озод қилинди


Қирғизистон жиноят олами етакчиларидан бири, АҚШ президенти Барак Обама томонидан “Дунёдаги энг йирик наркоқироллар” қора рўйхатига киритилган, шу йилнинг 21 июл куни Абу Даби шаҳрида заргарлик дўконини тўнаганликда гумонланиб, маҳаллий полиция томонидан қўлга олинган қирғизистонлик Қамчи Кўлбаев озодликка чиқди.

Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳар суди 6 август куни Қамчи Кўлбаевни ҳибсда сақлашга асос йўқ, деб ҳисоблаб, уни озод қилди.

Бу борада маълум қилган Қамчи Кўлбаевнинг адвокати Икрамиддин Айтқуловга кўра, текширувлар натижасида унинг жиноятга алоқадорлиги аниқланмаган:

- Аввал маълум қилингандай, унинг Абу Дабидаги заргарлик дўконини тўналишига алоқаси борлиги тасдиқланмади. Ростдан ҳам у ерда бир дўкон тўналган ва бу ишда Осиё миллатига мансуб шахслар гумонланган. Полиция ташқаридан келганларни чақириб, текшира бошлаган. Кейин Кўлбаевни қамоқдан қочди, деб Интерполга берилган эски дело чиқиб қолган. Мазкур иш бўйича Кўлбаев Чуй вилоят суди томонидан оқлангани исботланганидан кейин, уни ҳисбда сақлашга асос йўқ, деган сабаб билан озод қилишди, - дер экан Икрамиддин Айтқулов Кўлбаев билан бирга қўлга олинган ва унинг ўнг қўли сифатида талқин қилинувчи Алманбет Анапияев ҳамда Адилет Касенов ҳибсдан бўшатилган-бўшатилмагани борасида маълумотга эга эмаслигини, уларнинг иши билан шуғулланмаганини қўшимча қилди.

Айни пайтда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари расмийлари Кўлбаевнинг озод қилингани борасидаги маълумотни на тасдиқлаяптилар, на-да инкор қилаяптилар.

Хусусан, Қирғизистон Бош прокуратураси расмийлари бу борада изоҳ беришдан бош тортдилар. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Бақит Сейитов эса Кўлбаевнинг озодликка чиққан-чиқмагани ҳозирда аниқланаётганини айтди:

- Вазирлигимизга у ёқдан унинг бўшатилганини тасдиқловчи ёки инкор қилувчи маълумот келмади. Биз ўзимизнинг каналлар ва Интерпол орқали бу масалани ўрганаяпмиз. Бироқ биз Кўлбаев бўйича барча ҳужжатларни Бош прокуратурага ўтказиб берганимиз боис бу масаланинг охирига ўша орган етиши керак. Шунинг учун бу борада тасдиқланган маълумот йўқ, - деди Бақит Сейитов.

Қамчи Кўлбаев Қирғизистонда уюшган жиноятчиликка қарши уруш эълон қилингач ва жиноят оламининг 200 га яқин аъзоси, жумладан, жиноий гуруҳлар раҳбарлари қамоққа олингач, мамлакатни тарк этган эди.

Қамчи Кўлбаев Абу Даби шаҳрида қўлга олинганидан кейин Қирғизистон Бош прокуратураси уни Қирғизистонга қайтариш бўйича арабистонлик ҳамкасблари билан керакли ишлар олиб борилаётганини ҳам маълум қилинганди.
Қирғизистон собиқ бош прокурори Қубатбек Байболов фикрича, Қирғизистон тергов органлари Кўлбаевни қайтариб келиш ва жазога тортиш бўйича етарли далилларни топа олмагани сабабли Кўлбаев озод қилинган:

- “Абу Дабида қўлга олинди” деган маълумотга мен кўп ҳам ишонмаганман. Сабаби мен ўша материалларни биламан. У ерда етарли далиллар йўқ бўлмаган ҳам. Абу Дабида ҳам қўйилган айбловлар етарли даражада исботланмаган. Шу сабабли қўйиб юборилган бўлиши керак, - деди Қубатбек Байболов.

37 ёшли Қамчи Кўлбоев 2006 йилдан бери Қирғизистондаги уюшган жиноий гуруҳларни бошқариб келаётгани айтилади.

Қирғизистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари Мелис Турғанбаев аввалроқ Озодликка Қирғизистонда наркотиклар ноқонуний айланмаси собиқ президентнинг укаси Жаниш Бакиев ва жиноий гуруҳлар раҳбарлари Қамчи Кўлбаев ҳамда Алманбет Анапияев назоратида бўлганини айтганди.

Шу йилнинг 1 июнида АҚШ президенти Барак Обама қирғизистонлик Қамчи Кўлбаевни “наркотик қироллари” қора рўйхатига киритган.
XS
SM
MD
LG