Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:07

Қўрқув юрагимизни қамраб олди!


Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайди.
Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайди.

Россиянинг Владимир шаҳар изоляторида яна бир Ўзбекистон фуқароси ўз жонига қасд қилди.


7 сентябр куни кечки пайт Владимир шаҳар вақтинчалик ҳибсда сақлаш изолятори ходимлари камералардан бирида чойшабдан ясалган сиртмоқда осилиб турган шахснинг мурдасини топишди.

“У 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси экан”, дейди Озодликка Владимир вилояти Тергов қўмитаси ахборот маркази раҳбари адлия полковниги Ирина Минина.

- Исми Алишер Сувонов экан. У 1 сентябр куни майда қонунбузарликда айбланиб ҳибсга олинган ва 4 сентябр куни суд уни вақтинча қамоқда қолдириш тўғрисида ўз қарорини чиқарган. Яқин кунларда уни тергов изоляторига ўтказишлари керак эди. Дастлабки тахминларга кўра, у ўз жонига қасд қилган. Унинг камераси ва ҳодиса жойидаги вазият ўрганилгандан кейин шундай хулоса чиқарилди. Лекин тергов давом этмоқда, барча изолятор ходимлари сўроққа тутилмоқда ва экспертларнинг якуний хулосаси эълон қилинганича йўқ,- дея маълум қилди Тергов қўмитаси расмийси Ирина Минина.

Расмий Алишер Сувоновнинг ўз ҳаётига қасд қилганига руҳий кечинмалари сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. “Камерадошларининг айтишига қараганда, Алишер яшашни истамаётгани ҳақида бир неча маротаба гапирган”, дея қўшимча қилди адлия полковниги Ирина Минина.

Владимир вилояти Тергов қўмитаси ходими бундай ҳолат шаҳар изоляторида анчадан буён содир этилмаганини айтишига қарамасдан Россиянинг турли ўлкаларида ўз жонига қасд қилаётган ўзбекистонликлар ҳақида хабарлар келиши тўхтамаётир.

Куни кеча Волгоград вилоятида икки нафар ўзбек йигити ўзини осиб ўлдирди; 4 август куни Москвада иш топа олмаган 34 ёшли фарғоналик Абдумалик исмли йигит Фарғонада қолган оиласини боқа олиш имконияти йўқлигидан қўлидаги қон томирларини кесиб ташлаган ва маҳаллий врачлар кўмагидагина тирик қолган; шу йилнинг 8 февралида Николаев вилояти Вознесенск шаҳрида жойлашган теплицалардан бирида ўзини осиб ўлдирган Ўзбекистон фуқароси мурдаси топилган; ўтган йили июл ойида 35 ёшли Асқар Мамадалиев Москвадаги Отрадное метро бекатида поезд остига ўзини ташлаб ўлган... Бу каби мисолларни кўп келтириш мумкин.

Мутахассислар ва терговчилар санаб ўтилган фожеаларнинг деярли барчаси моддий ночорликдан келиб чиққанини таъкидлашмоқда.

Москвада 10 йилдан бери мардикорлик қилиб юрган хоразмлик Муроджон Россияда ўзбеклар орасида суйиқасдлар сонининг кўпайишини биринчи навбатда уларнинг вужудини қамраб олган, қон-қонига сингиб кетган қўрқувда, деб билади.

- Нима бўлганини билмадим-ку, у ерда ҳар хил положение бўлиши мумкин. Ёш болалар-да, қўлидан тузук бир иш келмайдиганларда шундай фикр пайдо бўлади. Менда, масалан, ундай фикр умуман пайдо бўлмайди: пулимни қандай бўлса ҳам оламан. Лекин бунга сабаб кимга мурожаат қилишни билмаслиги бўлиши мумкин.

Яна бир тарафи – ўзлари қўрқади, ўзларига ишонч йўқ. Ҳар бир одам яшашни яхши кўради. Лекин болаларимизни оддий гап билан қўрқитиб қўйган. Ўзларида қўрқув кўп. Лекин буларда қўрқув олдин бўлмаган. Секин-секинлик билан, юрагидан олиб гап билан қўрқитган. “Мана пулингни бермасдан кўчага чиқариб юборамиз, ишсиз кўчада қолишинг мумкин”, дейди. Кейин йигитлар фикрлаш қобилиятини ўзгартириб қўрқишга тушишни бошлайди. “Пулим еб-ичишга етса бўлди”, дейди. Бориб-бориб ким нима деса, шуни қиладиган одам бўлиб қолади булар, - дея ўз фикрини билдирди 37 ёшли хоразмлик мардикор Муроджон.

Муроджон, шунингдек, калласида ўлим ҳақида фикрларнинг мутлақо йўқлигини ўй-ҳаёли доимо яқинлари, фарзандларида эканини гапиради.

Тула вилоятида анчадан бери меҳнат қилиб келаётган 44 ёшли Тожикистоннинг Ғончисидан бўлган Болтавой ака кўп маротаба оғир вазиятларга тушган, кўп маротаба алданган. “Лекин ҳатто шу вазиятларда ўз жонимга қасд қилиш ҳаёлимга ҳам келмаган”, дейди у.

- Ўз жонига қасд қилиш Худога қасд қилгандек гап. Бошқа йўллари бор. Инсон ҳар қандай тугун йўлдан чиқиб кетиши мумкин. 7-8 йилдан бери Россияда келиб-кетиб ишлайман, Худога шукур! Ҳа, оғир кунлар ҳам бўлди, пулимизни ололмаган вақтимиз бўлди ёки кетишга, билетга пулимиз йўқ вақтлар бўлди. Лекин токи инсоннинг ўзидан ўтмаса биров сизга ҳеч қандай ёмонлик қила олмайди. Ҳаммамиз бу ерга ишлагани келамиз, тўғрими? Шундай экан 4-5 иш бўлмадими – ўзимизнинг инсонлардан - ўзбек, тожиклардан ёрдам сўраб, олдига уялмасдан бориш керак. “Шундай положениега тушдим”, деса иложи борича “Мана мени ёнимда ишла” ёки “Йўлингга, ейишинга, ётоғингга пул бераман”, дейди. Ўзимизнинг мусулмонлардан любойи ёрдам беради ҳозир, чунки ҳаммамиз шу аҳволга тушганмиз,- дейди Болтавой ака.

Федерал статистика хизмати келтирган маълумотга кўра, Россия нафақат мигрантлар сони ва аҳоли орасида ўлим даражаси юқорилиги билан, балки ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари бўйича етакчилик қилаётган мамлакатлар сирасига киради. 2010 йилда Россияда ҳар 100 минг кишидан 23 киши ўзини ўзи ўлдирган.

1991 йилдан буён ўсиб борган бу кўрсаткич сўнгги йилларда камайиб бораётганига қарамасдан, мутахассислар ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари Россияга иш излаб келган меҳнат муҳожирлари орасида кўпайиб бораётганини таъкидлашмоқда.
XS
SM
MD
LG