Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:26

Талабалар қулларча меҳнатга зўрланмоқда


Ўқиш бошланмай туриб пахтазорга ҳайдалган талабалар ўта оғир шароитда ишлашга мажбур қилинмоқда.


“Талабаларни фашистлардек қийнашаяпти”

Ўзбекистонда талабаларнинг пахта терими даврида меҳнат нормаларига жавоб бермайдиган шароитларда яшаб, ишлашлари собиқ иттифоқ давридан буён кузатиб келинмоқда.

Андижон Тиббиёт институтининг педиатрия факултети талабалари Озодликка электрон мактуб йўллаб, ўзларининг ўта ночор шароитларда пахта тераётганликлари ҳақида ёзиб, “фашистларча” муносабатда бўлаётган домлаларнинг бедодликларидан қутқариш учун кўмак сўрайдилар.

“Bizga yordam kerak, bizni yani studentlarni fashistlardek qiynashyapti. Ertalab soat 4:00 dan dala maydoniga olib chiqib kuniga 100kg dan paxta terdirishyapti. Suvimiz yöq. Obedni 13:00 da berishyapti. Kechqurun 12:00 dan keyin uxlagani yotyapmiz. Xoxlagan payti uxlagan joyimizdan turgizishib shtab qilishadi. Domla XUSAN G'ANIYEVICH tog'ri kelgan studentni chidab bo'lmas xaqoratlar bilan so'kadi. Bizga yordam so'rab qolamiz. Pediatriya fakulteti talabalari”

Озодлик ушбу мактуб ортидан Андижон Тиббиёт институтига қўнғироқ қилиб¸ Педиатрия факултети 189 нафар талабасининг Улуғнор туманидаги “Олтин чаноқ” фермер хўжалиги дала шийпонига жойлаштирилганини аниқлади.

Андижонлик талабалар пахтага кетаяпти.


“Нормани бажармасак юқоридан сўкиш эшитамиз”

Озодлик мухбири мактубда тилга олинган домла Ҳусан Ғаниевич Мамадиев билан телефон орқали боғланиб, талабалар шикояти бўйича изоҳ сўради.

Кутилганидек, Ҳусан Мамадиев талабаларнинг барча шикоятларини инкор қилди.

Бироқ домла Мамадиев норма борасида ўзининг юқоридан берилган топшириқни бажаришга мажбур эканлигини яширмади.

- Соат 7 да далага тушади болалар. 5.30-6 да туришади. Ўзлари туради. Даже биз подëм ҳам қилмаймиз. Ўзлари уже ўрганиб қолди туришга. Кечқурин 10 да ëтишади. Биз уни назорат қиламиз. Устида шунча домлалар бор. Ҳамма шароит бор. Норма 75 кило. Вилоят ҳокими Аҳмаджон Тугилович томонидан белгиланган. 75 килони бажаришаяпти бизнинг талабалар. Энди Нигора Камоловна бизга масъул. Ҳар куни йиғилишга борамиз. Йиғилишда кунлик нормани 75 килога чиқараяпмиз.

Озодлик: Болалар “Нормани бажармаган одамни чиқариб ҳамманинг олдида ҳақорат қилишаяпти” деб ёзишган.

- Йўқ, ҳеч ким ҳақорат қилгани йўқ. Ҳали штаб ҳам бошлаганимиз йўқ. Бизнинг вақтимиз йўқ. Мана келиб сўранг. 35 кило тергани бор, 55 кило тергани бор. Ҳеч ким ҳақоратлагани йўқ. Келиб сўрангчи ичидан мана. Энди "кўпайтир" дейиш мумкин. Ахир бизга ҳам норма қўйилган. Отряд раҳбариман мен. Аҳмаджон Тугилович “нормани бажарасан” деган, бажаришимиз керак ўшани. Чунки бўлмаса у ерда биз сўкиш эшитамиз. Энди бир-икки гапирамиз, терганини тераяптида. Биз ҳеч қанақа жазо қўлламаймиз. Талабаку у, деди домла Мамадиев.

Шунингдек, Ҳусан Мамадиев талабаларнинг сув йўқлиги ва озиқ-овқат борасидаги шикоятини ҳам ўринсиз деб топди.

- Вазият энг зўр. Сув бор шийпонимда. Ҳеч кимда йўқ сув. Мактабда ëтаëтганларда йўқ. Призивной сув олиб борадиган жойлари бор. Менда ҳамма шароит бор дам олиш учун, бошқа учун. Мен тушунмадим нимага унақа ёзишган. Обедгача тахминан 100 литр қайнатилган сув бердим иложи борича. Қайнатиб олиб келиб бераяпмиз ҳаммасини. Алоҳида менда фамилиялар бор. Сув билан таъминлайдиган болаларим бор. Иккитаси сув билан, чаноқ билан таъминлайди болаларни. Овқатда кунига 20-22 кило гўшт ишлатаяпман 15 500 сўмдан олиб. Бизга ректоримизнинг буйруғи билан ҳар куни центрилизованний келади. 20-22 кило гўшт келади штабга. Мен уни иккига бўлиб обедга ва кечқурунга соламан болаларга. Сиз ўзингиз келиб кўринг. Ҳозир келиб кўришингиз мумкин шароитни, деди Ҳусан Мамадиев.

Ҳусан Мамадиев билан суҳбат:


“Уч кундан буён овқат беришмади”

Домла Ҳусан Мамадиев “вазият зўр”лигини таъкидлаган бир пайтда, Озодликка Сурхондарёнинг Чироқчи туманидан Озодбек исмли йигит қўнғироқ қилиб, талабалар билан боғлиқ шароитларнинг ўта оғирлигидан шикоят қилди.

Озодбекка кўра, Чироқчи Тиббиёт коллежида ўқиётган синглиси буйраги хасталиги ҳақида тиббий маълумотнома (ВКК)си бўлишига қарамасдан пахтага олиб кетилган.

Озодбек синглиси ва унинг курсдошлари озиқ-овқатдан қийналаётгани, ўта ночор шароитларда яшашга мажбур бўлаётганликлари, шунингдек, талабалар домлалар томонидан босимга учраётгани ҳақида хабар қилди.

- Палаткада ётишар экан. Жойлари зах дейди. “Кўрпачаларимиз ҳўл бўлиб кетади. Чиқариб ëямиз. Шунда ҳам қуримайди” дейди. Кейин уч кун овқат беришмаган. Эрталаб чой ҳам қилиб беришмаган. Уйларидан олиб борган продукта билан овқатланишган. Ҳозир яна телефон қилаяпти “продуктам қолмади, буларнинг овқати яхши эмас, жуда кам” деб. Штаб деган нарсаси бор экан. 65 кило териш керак экан. Лекин 65 кило терадиган пахтанинг ўзи йўқ, дейишаяпти. Кам терганларни штаб қилар эканда, болаларни ўртага чиқариб, қиз бола бўладими, ўғил бола бўладими ўзларининг курсдошларининг олдида ҳақорат қилар экан, дейди чироқчилик Озодбек.

Чироқчи Тиббиёт коллежи раҳбариятидан бу борада бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.

Коллеж директори котибаси раҳбариятнинг барча ходими далага кетганини айтди. Коллежнинг даладаги пахта штаби билан эса боғлана олмадик.

Одатда талабалар ўқишдан ҳайдалиш хавфи боис пахтага чиқишга мажбур бўладилар.

Ўтган йили Гулистон давлат университети Агроиқтисодиёт факултетининг талабаси Жавлон Тоғаев пахта териш нормасини бажармагани учун ўқишдан ҳайдалган ва кейинчалик университет маъмуриятини судга бериб, суд ҳукмига кўра, ўқишга қайта тикланган эди.
XS
SM
MD
LG