Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилувчи 11 шахс яқинларидан олинган маълумотга кўра, бу фуқаролар 13 сентябр куни эрталаб соат 6-7 оралиғида ҳибсга олинган.
- Эрталаб соат 6 ларда гражданкада РОВДни одамлари келишди. Уларни қўлида ордер бор экан. Шу ордер билан бизнинг маҳалладан 4 кишини олиб кетишди. Улар эди буларни қанақадир группа бўлган, деб айблашаётганмиш, деди ҳибсга олинган зангиоталиклардан бирининг қариндоши.
Бу суҳбатдошга кўра, ордерда "Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш, халифалик қуришга уриниш", деган сўзлар бўлган.
Шунингдек, бу суҳбатдош ҳибсга олиш ва кейинчалик ўтказилган тинтув чоғида куч қўлланилмаганини ҳам айтди.
Уйидан олиб чиқиб кетилганидан буён бу 11 кишининг қаерда, қандай аҳволда сақланаётгани яқинларига ошкор қилинмаяпти.
- Қанақадир "геофизика", деган жойда 10-15 сутка сақлайдиган жой бормиш. Ўша ерда кечаси ушлашиб, кундузи бошқа жойларга сўроққа обориб келашётганмиш. Ўша жойнинг қаердалигини сўрадик, лекин бизга айтишмаяпти, дейди ҳибсга олинганлардан бирининг қариндоши.
Ҳибсга олинган зангиоталикларнинг яқинлари Озодликка ошкора ахборот беришдан чўчидилар.
Уларга тез орада қариндошларининг озод этилиши мумкинлиги, бунинг учун эса ҳамма ахборотни хуфя сақлаш кераклиги уқдирилгани айтилди.
Озодликнинг Зангиота туманидаги ўз манбаларидан олинган маълумотларга кўра, 11 кишилик гуруҳ сафида 1964 йилда Зангиота туманида туғилга Адҳам Сиддиқов ва шу туманда туғилган 27 ёшли Аҳрор Саидвалиевлар бор.
Бу шахсларнинг оиласи аъзолари Озодлик мухбири билан суҳбатлашишдан бош тортди.
Инсон ҳуқуқлари фаолларининг кузатувларига кўра, Ўзбекистонда бирор жиноятда гумон қилиниб, ҳибсга олинган фуқаро 72 соат ичида қўйиб юборилмаган тақдирда уни 10 ёки 15 сутка ҳибсда сақлаш тўғрисида суд қарори бўлиши лозим.
Зангиотада ҳибсга олинган диндорларни 72 соатдан ортиқ ҳибсда сақлаш тўғрисидаги ҳужжат уларнинг яқинларига тақдим қилинмаган.
Шунингдек, ҳисбдагиларга нисбатан қандай муносабатда бўлинаётгани ҳам номаълум.
- Зангиотани РОВДга бориб, "уйидан чиқиб кетаётганда кўйлакчан кетган, оёғида пайпоғи ҳам йўқ эди. Совуқ тушиб қолди, ҳеч бўлмаса кийим берайлик", десак "Биз бунисига жавоб беролмаймиз", дейишди. Қаерда, қандай аҳволда сақлашяпти¸ бизга умуман айтишмаяпти. Қанақа группа, дейишаётганини ҳам айтишмаяпти. Бўлмаса, ҳеч қанақа группа йўқда бу ерда. Буларни қанақа гуноҳи бўлиши мумкин ахир?! - дейди ҳибсга олинган зангиоталиклардан бирининг қариндоши Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.
Ўзбекистонда диний мотивларга асосланган ҳибсга олишлар, тергов ва маҳкама жараëнларини кузатаëтган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, шу давр ичида кечадиган илк тергов ҳаракатлари чоғида ҳибсга олинганлар яқинларига кўрсатилмайди.
Гуруҳ етакчиси Суръат Икромовнинг айтишича, бу жараёнда¸ одатда диний мотивларда гумон қилинган шахсларга нисбатан қийноқлар қўлланилади¸ аммо уларнинг яқинлари ҳам муттасил босим остида сақлангани боис бундай ҳолатлар аксар ҳолларда жамоатчиликка ошкор қилинмайди.
- Аслида бунақа ҳибсга олишлар кейинги пайтда Тошкент вилояти ва шаҳрида кўп бўляпти. Аммо, токи яқинлари ўзлари ҳаракат қилиб, ҳуқуқ фаоллари ёки матбуотга чиқмас экан, бунақа ҳолатлар ошкор бўлмай қоляпти. Ҳуқуқ-тартибот идоралари эса бу жараёнда асло маълумот бермайди. Лекин диндорларга қарши кенг кўламли репрессия давом этаяпти, ҳеч сусайгани йўқ, дейди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.