Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:17

Кореяга қиз узатиш катта бизнесга айланган


Ўзбекистондаги ночорликдан қутилиш учун ўзбек қизлари орасида кореялик куёвларга эрга чиқаётганлар сони сўнгги йилларда кўпайди.


Шароит шуни тақозо қилмоқда

23 яшар наманганлик Муниса Ўзбекистондаги оиласини боқиш учун икки йил аввал корейс йигитига турмушга чиққан.

- Шу корейслар чаққон чиқиб қолди-да. Тўғрисини айтсам¸ биринчи ўринда шароит шуни тақазо қилди. Чунки, менинг онам бор, синглим бор, отам йўқ.

Онамни мени турмушга беришга қурби етар эди. Лекин орқамдан қўша-қўша сарпо жўнатишга қурби етмайди. Онамга қийинчилигим тушмасин¸ деган ҳолда Кореяга турмушга чиқдим, дейди Муниса.

Мунисани келин қилган кореялик куёв унинг Ўзбекистондаги оиласини ҳам моддий таъминлаб туришни бўйнига олган.

- Уйимга ёрдам беради. Ўзбекистондаги оилам учун турмуш ўртоғимни фойдаси тегади, зиёни эмас. Турмушга чиққанимдан ҳеч нолимайман, ҳудога шукур, дейди ҳозирда Сеулда яшаётган Муниса.

Айни пайтда¸ Кореядаги ўзбекларнинг Озодликка айтишича¸ чет эллик куёвга турмушга чиқиб эрга ёлчигани кам. Жанубий кореялик йигитга турмушга чиққан наманганлик Муҳайё яқинда эридан ажрашгани ва ўзи каби ажрашаётганлар кўп эканини айтади.

- Ажрашдим. Пул бермайди, уйга вақтида жўнатмайди. Ўзбекистонга вақтида жўнатиб турмайди. Бир йилда бир марта жўнатиб туриши керак эди-да. Договоримиз бўйича шундай эди.

Эрим бўлмаса катта эмас, ёш, 80- йил менинг эрим. Бор йўғи саккиз ёш катта мендан. Бошқаларни эрига ўхшаб жуда катта эмас. Бошқаларники 40 қа чиққан¸ 50 ка борган. Лекин ўшалар ўзига тўқ, оиласига қарайди, яхши олиб юради хотинини. Рўзғори бут. Менинг эрим эса ишлай десам ишлатмайди, пул десам бермайди¸ дейди Муҳайё.

Бугун Кореяга турмушга чиққан ўзбекистонлик келинларнинг сони ҳақида аниқ рақам йўқ. Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонасидан бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Улар сони¸ ўзбек қизларини Кореяга турмушга узатиш билан шуғулланадиган наманганлик Гулбаҳор опанинг айтишича¸ оз эмас.


Кимга корейс эр, кимга бизнес

Гулбаҳор опа ўзбек қизларини Жанубий Кореяга турмушга чиқариш билан шуғулланадиган Намангандаги энг олди агентлардан. Корейсга турмушга чиқмоқчи бўлган қизлар ҳам¸ ўзбек қизига уйланмоқчи бўлган корейс куёвлар ҳам шу кишига мурожаат этишади.

- Олдин куёв болага қизларни расмларини юборамиз. Улар ичидан беш-ўнтасини танлаганидан кейин кореялик куёвимиз ўзлари уларни кўриш учун Ўзбекистонга келади. Куёв кутиб олинади, битта меҳмонхонага жойланади. Кейин у ерда кўриш бўлади. Кўришга фақат танлаб олинган, “шорт лист”га кирган қизлар чақирилади. Ўшанга қараб танланади, дейди наманганлик агент.

Кореялик куёв қизни танлаганининг эртаси бўлажак қайнона-қайтона уйига ўзи совчиликка боради.

- Қизнинг уйига совчи бўлиб бориб, ота-онасининг розилигини олиб, энди қиз рози бўлганидан кейин ота-онасидан ҳам рухсат сўралади-да. Совчиликка борганидан кейин ота-онаси билан келишилади-да. Четни одамини ҳам чув туширмаслиги керак. Конкретний гаплашилади-да олдиндан.

Уйланаётган бола ҳам чув тушмаслиги керак. У ҳам оддий оила, миллионер эмас, чиқаётган қизимиз у ерга бориб подводит қилмаслиги керак. Чиройли турмуш қуриши керак. Шуни совчиликка борганда келишилади-да¸ дейди Гулбаҳор опа.

Агент хонимнинг айтишича¸ ота-она розилиги олингандан кейин, эртасига тўй бўлади.

-Тўйни ҳам ўзимиз қилиб берамиз, ҳамма жойда қилиб берамиз, хоҳланг Наманганда¸ хоҳланг Тошкентда, дейди қўшмачи Гулбаҳор опа.

Тўй ўтгандан кейин кореялик куёв ўзбек келинини Кореяга олиб кетиши керак. Четга чиқишга рухсат, корейс визасини олиш керак, хуллас бу билан энди бошқа одам шуғулланади.


Куёв кекса бўлса¸ виза бермай қўйган

Четга чиқишга рухсат, корейс визасини олиш тез битиши учун энди бу бизнесдаги навбатдаги бўғин - тошкентлик Аняга мурожаат этишга тўғри келади.

- Куёв Кореядан таклифнома юборади, шу таклифнома билан элчихонага борилади. ОВИР рухсатномасини олиш, корейс визаси, бунинг ҳаммаси уч-тўрт ҳафта, узоғи билан бир ойда ҳал бўлиши мумкин, дейди Аня.

Сўнгги пайтларда корейсга турмушга чиқаётган ўзбекистонликлар кўпайгани сабаб¸ Корея элчихонасидан виза олиш анча қийинлашиб қолган"¸ деб қўшимча қилади никоҳни ҳужжатлаштиришни бизнесга айлантирган бу аëл.

- Агар келин билан куёв ёши ўртасидаги фарқ 12 ёшдан катта бўлса¸ виза бермай қўйган. Бир йил бўлди элчихона шунақа талабни қўймоқда. Энди куёвнинг ёшига ҳам эътибор беришга тўғри келади. Келин 22 ёшда бўлса унга минимум 35 яшар куёв топиш керак бўлади¸ деб маслаҳат беради Аня.


Фоҳишаларни ҳам корейсга ўтқизиворишяпти...

Сеулда яшаётган Муҳайёнинг айтишича, қизни танлаш жараёнидан то унга виза олиш учун кетган барча чиқимлар, шунингдек Ўзбекистондаги тўй харажатини ҳам куёв томон кўтаради. Фойдани¸ ўртада турган агентлар баҳам кўради.

- Тўйимда куёвим 2000 доллар пул берган экан, йўл харажатимга деб. Уни ҳам менинг ота-онамга беришмаган. Агентлар олган. Бу ерга келиш учун визамгача ўзим кўтарганман. Агентлар визага, ҳамма нарсага пулни олиб қолишган, менга беришмаган.

Визангни¸ йўл пулини ўзинг тўлашинг керак¸ дейишди. Ҳаммасини ўзим югуриб¸ ўзим тўлаганман. Ўша пайтда корейс тилини билмасдим-да, эрим менга пул берганини кейин Кореяга борганимда унинг ўзидан эшитдим, дейди Муҳайё.

Корейс йигити Ўзбекистонга келган пайт ўзбекчани билмайди, унга тегмоқчи қиз эса¸ корейс тилини билмайди. Бўлғуси эр-хотин бир-бирини тушунмаётганидан¸ ўртадаги чайқовчилар даромад қилади.

- Ўртада турганлар унга керак, бунга керак деб, катта миқдорда пул олишади. Ўзи аслида 2000 доллар билан тўй қиворишади. Бундан ташқари¸ документларга ҳам куёв пул беради, уни ҳам ўртадагилар олиб қўяди-да¸ қизга ўзинг тўла¸ дейди.

Қиз бечора Кореяга келгунича қийналиб келади. Жудаям алдашади-да. Масалан¸ куёв томон мукофот пули беради қизнинг ота-онасига раҳмат деб, ёрдам сифатида. 10 минг долларча пул беради. Ўртадагилар уни ҳам олиб қўяди. Куёв оддий оиладанман¸ деса ўртада турган таржимон сани куёвинг каттакон бойбача¸ деб таржима қилиб беришади. Россаям алдов кўп бу савдода. Ўртакашла жудаям алдайди, дейди бу жараëнни ўз бошидан ўтказган Муниса.

Жанубий Кореяда эркаклар учун маҳаллий корейс қизига уйланиш қимматга тушиши боис, улар келинни чет эллардан қидиришаётгани, корейс қизларидан фарқли, талаблари анча камтарин бўлгани боис ўзбек қизларини афзал билишаëтгани айтилади.

Сеулда яшайдиган Мунисанинг айтишича, Ўзбекистонда фоҳиша бўлиб юрган аёлларни ҳам корейсга ўтқизиворишяпти.

- Мана шу Кореяда яшайдиган қизлар¸ ҳатто Ўзбекистонда юрган йигитими, биринчи эрими, иккинчисими, ишлаш учун чақиртириб¸ мани акам деб, корейс эрига таништириб, эри билан ҳам яшайди¸ ўзбек эри билан ҳам яшайди, дейди Муниса.
XS
SM
MD
LG