Бугунги дастуримизда айрим тингловчиларимиз томонидан киритилган таклиф асосида масжидлар ва диний хизматчиларнинг даромади ҳақида суҳбатлашишга қарор қилдик.
Масжидлар қандай тирикчилик қилади, масжидга тушган хайру-эҳсонлар қаерга сарфланади ва ниҳоят, бу кирди-чиқдини назорат қиладиган органлар борми, мазмунида тингловчилардан кўп саволлар тушган эди.
Бундай савол билан юзланганларнинг кўпчилиги бугун Ўзбекистонда имомлик қилаётган шахсларнинг ҳатти-ҳаракати ва хулқ-атворидан қониқмаган эдилар.
Бу гал тинловчилардан тушган саволларга жавоб топиш билан бирга Ўзбекистондаги бугунги масжидлар аҳволига оид маълумотларни ҳам жамлашга уриниб кўрдик.
Диний эркинликлар тўғрисида 1998 йилги қонун қабул қилингунига қадар Ўзбекистонда 5 мингга яқин масжид борлиги айтилар эди.
Ўзбекистон мусулмонлар идорасидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, ҳозир республикада давлат рўйхатидан ўтиб ишлаётган 2050 тага яқин масжид бор.
Энг кўп масжид Самарқанд вилоятида – 290 га яқин. Бу ердаги аҳоли сони 3 миллиондан ошиқ.
Тошкент вилоятида – 230 га яқин. Бу ерда аҳоли сони 2 ярим миллиондан ошиқ.
Масжид кўп бўлган кейинги вилоят Фарғона – 200 га яқин масжид бор. Бу ерда аҳоли сони 3 миллиондан ошиқ.
Андижон, Наманган вилоятларида ҳам қарийб 200 тадан масжид бор. Бу икки вилоят аҳолиси жами 6 миллионга яқин.
Фарғона водийсида йилдан йилга маҳалла масжидлари сони қисқариб бормоқда. Рўйхатга олинган 2050 га яқин масжиднинг аксарияти эса энг камида 1 минг ёки – 5 мингдан 6 мингга қадар жамоат йиғиладиган жомеъ масжидларидир.
Озодликка тушган саволларнинг аксариятида бу масжидлар фақатгина элдан тушадиган хайру-эҳсон ҳисобига кун кўрадими, деган савол кўп такрорланади.
Афсуски, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмитадан бу хусусда жавоб ололмадик.
Аммо, Ўзбекистонда муқаддам имомлик қилган кишилар ва намозхонлар кўмагида йиғилган маълумотларга кўра, имомлар, масжид ходимлари тирикчилиги ва масжидларнинг ҳаражати тўлиқ хайру-эҳсон ҳисобига қопланади.
Бошқача айтилса, масжид молиявий жиҳатдан мустақил эмас, масжид хизматчилари эса элнинг эҳсонига қарам бўлиб қолган.
Қуйида эшиттиришимиз иштирокчилари - собиқ имомлар, имомларга иши тушганлар ва аҳоли вакилларининг бу борадаги фикрлари, ҳаётий тажрибалари ҳамда хулосаларини тинглашингиз мумкин.