Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:32

Ўзбекистон қўшниларидан барчанинг манфаатини ҳисобга олишни сўрамоқда


Орол денгизининг коинотдан кўриниши, 2009 йилда олинган тасвир.
Орол денгизининг коинотдан кўриниши, 2009 йилда олинган тасвир.

“Орол денгизидаги экологик офат бутун Марказий Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда”.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Мурод Асқаров БМТ Бош ассамблеяси 66-сессиясининг иккинчи қўмитасида қилган чиқишида билдирган.

- Бугунги кунда Оролбўйида фақат экологик муаммолар эмас, сайёра миқёсида салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммолар мажмуаси юзага келди, бунга БМТ Бош котиби жаноб Бан Ки Мун ўтган йили Оролга ташрифи чоғида шахсан амин бўлди, - деди Мурод Асқаров.

БМТ янгиликлар марказининг хабар қилишича, Ўзбекистон вакили бундай шароитда Амударё ва Сирдарё бошида экологик, ижтимоий ва техноген (табиий офат кабилар назарда тутилмоқда – таҳр.) муаммоларни юзага келтириш нуқтаи назаридан аҳоли хавфсизлигига жиддий хатар туғдирувчи улкан гидроиншоотлар қурилиши бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилиш уринишлари хавфли эканини таъкидлаган.

- Бу ҳудудда юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишда биз трансчегаравий дарёлар сувларидан фойдаланиш бўйича ҳар қандай ҳаракатлар мазкур дарёлар ҳавзаларида жойлашган барча давлатларнинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши лозимлигидан келиб чиқмоқдамиз, - деди Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили.

Ўзбекистон томони дарёлар бошида жойлашган Тожикистон ва Қирғизистонда Роғун ва Қамбарота ГЭСлари қурилишига қаршилигини анчадан буён айтиб келади. Расмий Тошкент иддаосига кўра, мазкур гидроиншоотларнинг қурилиши минтақада экологик, ижтимоий-иқтисодий ва шу каби муаммоларни келтириб чиқаради.

Ўз навбатида, тожик ва қирғиз расмийлари Ўзбекистон томони даъволарида асос йўқлигини, улар бу лойиҳаларни энергетик мустақилликка эришиш учун амалга ошираётганларини ҳамда бу ГЭСлар қурилишидан дарёлар қуйисида жойлашган давлатлар фақат фойда кўришларини таъкидлаб келадилар.
XS
SM
MD
LG