Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:58

Рўмол ўраган аëл судга тортилди


Момоларнинг рўмолни томоқ тагидан ўраш анъанаси ҳам бугунги Ўзбекистонда диний либос сифатида тақиқланмоқда.
Момоларнинг рўмолни томоқ тагидан ўраш анъанаси ҳам бугунги Ўзбекистонда диний либос сифатида тақиқланмоқда.

“Сирдарëда рўмол ўраган аëл суд томонидан жазоланди” деб хабар тарқатди 12 октябр куни “Эзгулик” жамияти.


“Эзгулик” баëнотида айтилишича¸ Сирдарё вилояти Бахт шаҳар Ғалаба кўчаси 14/2-уйда рўйхатдан ўтган Манзура Каттахўжаева оқ рўмолни томоғининг тагидан боғлаб юргани учун Жиноят ишлари бўйича Сирдарё тумани суди томонидан энг кам маош миқдорининг 4 баравари – 286 минг сўм миқдоридаги жаримага тортилган.

“Шу йилнинг 7 октябрида ҳарбий дала судларига хос тезкорлик билан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик иши Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184-моддаси 1-қисми билан малакаланган - фуқаро жамоат жойларида ибодат либосларида юргани учун жазоланган”¸ дейилади баëнотда.

“Мен 10 йилдан бери ҳам саломатлигим боис¸ ҳам ўзбек анъаналаридан келиб чиқиб¸ оқ¸ мовий ëки сариқ кичик рўмолларни томоғим билан қўшиб¸ қаттиқ боғлаб юраман. Кўпинча шим кийиб¸ устидан қора плаш кийиб юраман¸ мени кўрсангиз устимдагининг ибодат кийими эмаслигига ўзингиз ҳам ишонасиз”¸ дейди Озодлик билан суҳбатлашган Манзура Каттахўжаева.

Ўзбекистонда аëлларнинг рўмолни бу шаклда ўрашига¸ ҳозирча расмий рухсат бор....
Ўзбекистонда аëлларнинг рўмолни бу шаклда ўрашига¸ ҳозирча расмий рухсат бор....
- Маҳалладан сўради¸ маҳалла шундай ëзиб берди, деган гапни қилишди. Кейин телефон орқали чақиришди. Мен тўғрима- тўғри кириб боравердим милицияхонасига рўмолимда. “Бу юришингиз тўғри келмайди” дейишди. Суд биносига чақиртиришди. Судя чақириб, бурчакка турғиздириб, “Энди бошяланг юринг. Ўраманг иложи бўлса. Нима керак сизга шунақа муаммолар?” деб гапирди. Мен юра олмайман. Томоқдан бўғиб ўраяпман. Агар бетларимни тўсиб олсам, катта рўмолларни осилтириб олсам, “Нимага сиз халқдан ажралиб турибсиз?” деса бўлар эди. Ўзбек аëллари доимий рўмолда юрганку. Оналаримиз, момоларимиз юрганку!дейди Озодлик билан суҳбатда сирдарëлик 40 яшар аëл.

Тўрт боламни ўзим ниҳоятда қийинчилик билан катта қилаяпман¸ топганим уларнинг усти-бошига етмайди¸ энди кичик бир рўмолим учун шунча жарима тўлашим керакми¸ деб эзилади сирдарëлик касалаванд аëл.

- Бўйнимга шунча пулни қўйишди. “Шароитим етмайди. Ҳозир тўлай олмайман” десам, “10 куннинг ичида тўланг¸ барибир тўлашингиз керак. Биз ҳеч нарсани билмаймиз. Давлатнинг қонуни ¸ бажаришингиз керак”¸ деб айтди¸ дейди Манзура Каттахўжаева.

Рўмолни бундай ўрашга эса¸ рухсат йўқ.
Рўмолни бундай ўрашга эса¸ рухсат йўқ.
“Эзгулик” жамияти фаоллари¸ қолаверса Ўзбекистондаги бошқа ҳуқуқ фаоллари ва мусулмон аëллари бир неча йилдан бери ҳукумат Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184-моддаси 1-қисмига биноан¸ рўмолни бўйни билан қўшиб ўраган аëлларга босим қилаëтгани ҳақида гапириб келаяпти. Аммо Манзура Каттахўжаева ҳозирча рўмол ўрагани учун суд қилиниб¸ жавобгарликка тортилган аëлларнинг Озодликка маълум бўлган биринчисидир.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1841-моддасида белгиланишича:” Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.

Франция ва Белгия каби мусулмон бўлмаган жамиятларда хотин-қизларнинг юзни бутунлай тўсиб юрувчи ниқоб кийишни тақиқлагани халқаро майдонда катта шов-шувга сабаб бўлган ҳолда¸ 90 фоиздан кўпроқ аҳолиси ислом динига мансуб бўлган Ўзбекистонда хотин-қизларнинг анъанавий рўмол ўрашининг ҳам тақиқланиши жамият томонидан очиқ қаршиликка учрамади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1841-моддаси бўйича жазоланадиган “ибодат либоси”га аниқ расмий изоҳ берилмагани эса эндиликда исталган расмийнинг рўмол ўраган исталган аëл жавобгарликка тортиши¸ ундан расмий ëхуд норасмий асос билан пул ундиришига эшик очмоқда.

Мусулмонлар жамияти учун жамоатчилик олдига чиқиш мумкин бўлмаган ибодат либосининг қандайлиги ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими раҳбари шайх Абдулазиз Мансурнинг 2010 йил ëзида Озодликка билдиришича¸ хеч қандай фатво берилмаган:

- Қуръони Каримда ҳам шундай оят бор - Нур сурасининг 31-оятида Оллоҳ таоло айтадики¸ “Бошларингиздаги рўмолингиз билан кўкрагингизни ҳам тўсиб олинг” деган маънода оят бор. Шу оятнинг шарҳида ўша пайтдаги араб аëллари бошида рўмол бўлса ҳам кўкраклари очиқ юрган экан. Кўкраги кенг бўлиб аврат жойлари кўринганлиги учун ўша рўмолларингизни фақат бошингизда эмас кўкрагингизни ҳам ëпиб олинг деган оят бор. Бу деган сўз¸ кўкракни ëпиш¸ албатта¸ бошдаги рўмол билан бўлиши шарт эмас. Кўйлак билан¸ эркакларнинг кўйлагига ўхшаган нима билан ҳам кўкракни томоққача ëпиш мумкин. Шунинг учун рўмолини бошидан олиб келиб пастга тушириб¸ қулоғини ҳам ëпиб туриб орқага ўраса ва томоқ томони кўйлак билан ëпилса¸ мана шу ҳам ҳижобга ҳам ўтаверади¸ миллий кийимга ҳам ўтаверади. Шариатимизда “ëпилсин¸ ëпиб юрсин” деган жойини ëпган бўлади. Аëл киши аврат жойларини ëпиб юриши буюрилган, деган эди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бошлиғи шайх Абдулазиз Мансур 2010 йилнинг 23 июл куни Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Диний қўмита бундай фатвони ҳозирга қадар чиқармаган¸ расмийлар ҳам диний либоснинг аниқ тушунчасини белгилаб бермаган бир кезда¸ сирдарëлик Манзуда Каттахўжаева каби минглаб мусулмон аëллар нима қилишини билмай¸ қўрқув ва хавотирда яшамоқда:

-Судя энди менга қарор чиқариб “Иккинчи марта яна рўмол ўрасангиз, сизни жиноий жавобгарликка тортаман” дегандан кейин қўрқувга тушиб қолдим. Ўрамасам ҳам касал бўлиб кетаман, ҳам ўзим ўргандим, шуни ўрайман. “Ўраб чиқсам, эртага мен ушлаб олса, яна олиб кетса, кейин яна штраф, яна мени қамаб қўйса нима қиламан” деган қўрқув билан қўрқаяпман. Мен бир жиноятчи эмасман. Менинг қўрқувим “Яна рўмол ўрабсан деб сизни босамиз. Сизни жиноий жавобгарликка тортамиз. Сиз кўзингизни очинг” деяпти¸ дейди сирдаëлик аëл.

Манзура Каттахўжаеванинг 12 октябр куни Озодликка билдиришича¸ Сирдарë туман суди ҳозирга қадар суд ҳукмини унинг қўлига ëзма равишда топширмаган. “Улар менга на қўл қўйилган на ва муҳр босилмаган қоғозни кўрсатиб¸ тезда жарима тўлашимни талаб қилмоқда”¸ дейди рўмол ўрагани учун суд қилинган бу аëл.

“Эзгулик” жамияти Сирдарë туман суди ҳукми Каттахўжаевага топширилганидан сўнг¸ ундан шикоят қилиб юқори инстанция судига мурожаат қилиш лозимлигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG