Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:53

АҚШ базасига жой бериш учун Ўзбекистон КХШТ дан чиқиши шарт эмас


Ўзбекистон президенти кўпдан КХШТ тадбирлари¸ хусусан унинг шу йил 12 август куни Остонада ўтказилган норасмий саммитида ҳам иштирок этмади.
Ўзбекистон президенти кўпдан КХШТ тадбирлари¸ хусусан унинг шу йил 12 август куни Остонада ўтказилган норасмий саммитида ҳам иштирок этмади.

КХШТ расмийси Озодлик билан суҳбатда шундай баëнот берди.

Юқори лавозимли АҚШ расмийларининг Тошкентга қилаëтган сафарлари кўпайиб¸ улар даражаси ҳам ошиб бораëтган бир пайтда¸ Россия матбуоти кунда-шундага айланган америкаликларнинг Ўзбекистонда яна ҳарбий база очиш режаси борлиги ҳақида баҳс этмоқда.

22-23 октябр кунлари Тошкентга АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг келиши кутилмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийсининг “Новая Газета” мухбирига билдиришича¸ Клинтоннинг Тошкент сўзлашувларида минтақавий хавфсизлик муаммолари баробарида икки томонлама ҳамкорлик¸ хусусан инвестициялар¸ савдо ва илм-фан соҳасидаги лойиҳалар муҳокама қилинади.

Расмийлардан фарқли¸ айрим рус шарҳловчилари кун тартибида Афғонистондан чиқишга ҳозирланаëтган АҚШ ҳарбийларининг унга қўшни мамлакатлардан муқим бошпана топиши масаласи борлигини тахмин қилмоқда.

Чунончи¸ 2005 йилда Қарши-Хонобод базасини йўқотишни АҚШнинг минтақадаги манфаатларига берилган энг жиддий зарба деб баҳолаган россиялик шарқшунос Александр Князев¸ Америка ҳарбийларининг Афғонистондан қисман чиқиб¸ минтақанинг бошқа давлатларида ўринлашуви учун Ўзбекистон ўта муҳим эканини таъкидлайди.

“АҚШ Афғонистондаги муаммоларини ҳал этиш учун Ўзбекистондаги имконларини оширишга уринмоқда. Аммо ҳозирча гап Ўзбекистон ҳудудида доимий асосдаги Америка ҳарбий базаси очиш ҳақида бормаëтир. Зотан¸ бундай қилиш Ўзбекистон аъзоси бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти низомига зиддир”¸ дейди бундай эҳтимолга тўхталган ўзбекистонлик сиëсатшунос Рафик Сайфулин “Новая Газета” мухбири билан суҳбатда.

Шу боис¸ Сайфулинга кўра¸ Тошкентга серқатнов бўлиб қолган АҚШ расмийлари Каримовга КХШТдан чиқиш ва Америка режаларида тўлақонли қатнашиш эркини қўлга киритишни таклиф қилмоқдалар.

Айтилишича¸ айни шундай маслаҳат АҚШ нинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус намояндаси Марк Гроссманнинг ўтган ҳафта Тошкент музокараларида янграган ва айни маслаҳатнинг Клинтон хоним томонидан ҳам айтилиши кутилмоқда.

1992 йилнинг 15 май куни Тошкентда тузилган Коллектив хавфсизлик шартномасига қўшилган Ўзбекистон 1999 йил апрелида бу ташкилотдан чиқишга қарор қилган ва 2001 йилда ўз ҳудудидан АҚШ ҳарбий базасига жой берган эди.

Аммо орадан 7 йил ўтиб¸ 2005 йил 13 май воқеаларидан сўнг АҚШ билан муносабатлар бузилгач¸ ўша йил ëзида АҚШ ҳарбийларини Қаршидан ҳайдаб¸ 2006 йил 16 августида КХШТ аъзолигига қайтган эди.

“Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига айланган бу гуруҳнинг Ўзбекистон иштирокисиз 2002 йилда қабул қилинган Низомининг III Боб¸ 7-моддасига кўра¸ ўз ҳудудида ташкилотга аъзо бўлмаган давлат ҳарбий кучлари ëхуд ҳарбий инфрструктурасига жой бермоқчи бўлган аъзо давлат бу масалани зудлик билан бошқа аъзо давлатлар билан маслаҳатлашиши шарт”¸ дейди КХШТ Бош котибининг ўзини Александр Петрович деб таништирган ëрдамчиси.

- Ўзбекистон АҚШ базасига ер бериши мумкин¸ аммо КХШТ нинг қолган аъзолари билан маслаҳатлашувлардан сўнг. КХШТ Низомида¸ аъзо давлат ўз ҳудудига аъзо бўлмаган давлат ҳарбий базасини жойлаштира олмайди¸ деган модданинг ўзи йўқ. Бундай вазиятда¸ ташкилотда санкция¸ жазо қўллаш ваколати ҳам йўқ. Қирғизистон КХШТ аъзоси ва кўриб турибсизки¸ Бишкекда ҳам Россия¸ ҳам Америка базаси ëнма-ëн фаолият юрғизаяпти. Принципда¸ бу икки нарса бир-бирини инкор қилмайди¸ дейди КХШТ расмийси.

Низомда кўзда тутилган “маслаҳатлашув” қандай кечади¸ бу маслаҳат оши пишмаса¸ яъни қолган КХШТ аъзолари Ўзбекистонда АҚШ базаси очилишига қаршилик кўрсатса¸ унда муаммо қандай ҳал бўлади¸ деган саволларга жавобан КХШТ расмийси¸ ҳозирга қадар ташкилот тарихида бундай вазият кузатилмагани боис¸ жавоб беришга қийналишини эътироф этди.

- Мен сизга Ўзбекистон президентининг бу масалада бошқа президентлар билан қандай маслаҳатлашишини айта олмайман. Бу балки телефон орқали бўлар¸ балки юзма-юз учрашув шаклида. Агар аъзо давлатлардан бирортаси¸ ëки кўпчилиги КХШТ аъзоси ҳудудида АҚШ ҳарбий базаси қурилишига эътироз билдирса¸ унда нима бўлиши низомда кўрсатилмаган. Ҳуқуқий жиҳатдан¸ суверен давлат сифатида Ўзбекистон¸ мабодо шунга қарор берса¸ уни амалга ошириши мумкин. Шундай қилса¸ Ўзбекистоннинг КХШТ дан автоматик тарзда чиқарилиши ҳақидаги тахминлар ҳам асоссиз. Аммо сизга таъкидлаб айтмоқчиманки¸ ҳозирча КХШТ да на Ўзбекистоннинг АҚШ базасига жой бериши ва на ташкилотдан чиқиши ҳақида гапнинг ўзи йўқ¸ дейди ташкилот Бош котиби ëрдамчиси 18 октябр куни.

Ўзбекистонлик сиëсатшунос Рафик Сайфулинга кўра¸ “тошкентдагилар Вашингтоннинг араб баҳоридаги ролини муносиб баҳолагани боис¸ АҚШ билан қаттиқ яқинлашув борасида эҳтиëткорлик”ни маъқул кўрмоқдалар.

Россиялик шарқшунос Князев эса¸ ўтмиш хатоларидан хулоса чиқарган Ислом Каримов¸ АҚШ таклифига кўниш Россия билан муносабатлар совуқлашувини англатиши боис¸ ўз тизгинини на у тараф ва на бу тарафга охиригача бериб қўймаслигини тахмин қилади.
XS
SM
MD
LG