Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Интернет сайтида ёзилишича, “хусусан, кўчалардаги эълонлар, бекатлардаги ёзувлар, жойлар номлари ва реклама воситасига кирмайдиган бошқа турдаги ташқи ёзувлар, афсуски, қатор имловий–орфографик хатолар билан битилаётганидан кўз юмиб бўлмайди”.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг Республика Маънавият тарғибот маркази билан ҳамкорликда ташкил қилган “Тил, тараққиёт, маънавият” мавзуидаги давра суҳбатида гап борди.
Давра суҳбатида партия фаоллари туман, шаҳар, вилоят тил комиссиялари билан биргаликда, барча ҳудудлардаги жойлар ва муассасалар, транспорт воситаларига ўрнатилган ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, реклама маҳсулотлари, ташқи ёзувлар, умуман, барча турдаги ахборот ва тарғибот материалларини “Давлат тили ҳақида”ги, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига мос бўлишини таъминланишига кўмаклашиш хусусида чора-тадбирларни белгилаб олдилар, дейилади хабарда.
Бу билан гўёки ушбу муаммога чек қўйиш тадбирлари белгиланди, деган хулоса ҳам чиқариш мумкин. Бироқ, ўзбекистонлик тилшунос олим Бахтиёр Исабеков, партия кичик бир муаммони кўтариб чиқиши билан, асосий муаммони четлаб ўтди, деган фикрни билдирди:
- Авваламбор¸ ўша партияга бир ëғи раҳмату, иккинчи ëғи кўтарган масаласи менга унча ёқмади. Орфографиядан олдин умуман давлат тилининг нима эканлигини ва қанақа амал қилиш кераклигини партиядагилар англаб олса яхши бўларди. Гап шундаки, шаҳар кўчаларини айлансангиз, ўша давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинганидан кейин кўпроқ ажнабий тилларда, давлат тили бўлмаган тиллардаги рекламалару эълонлар бор.
Мен бу нарсага эътибор берганим¸ давлат тилига мутлақо амал қилинмаган ҳолда, айниқса шаҳар марказида¸ асосан ҳаммаси яна қайтадан русчага ўта бошлади. Ўта бошлади эмас, ўтиб бўлди шекилли. Бу ерда орфографиядан кўра тил масаласининг ўзи бор. Бу саводсизлик бўлса, бу умуман қонунга амал қилмаслик ëки умуман қонуннинг ишламаслиги дегани. Демак айни пайтдаги муҳит ва шароит "Давлат тили ҳақида"ги қонунга мос эмас, дейди филология фанлари номзоди Бахтиёр Исабеков.
Тошкент Миллий Университети ўқитувчиси, филология фанлари доктори Абдурозиқ Рофиевнинг айтишича, пойтахт кўчаларидаги эълонларнинг асосий қисми ҳамон рус тилида ёзилмоқда.
- Ўзбекчасида ҳам бор хатолар. Бемаза гаплар кўп жуда. Мана маршурткаларни орқасига ёзиб қўяди, ўзбекча бўлмаган гапларни. Ўқисангиз, кулгингиз келади. Гўëки йўловчи лицензиясиз юриши мумкин эмас. Бу автомобилга тааллуқли. Ўқисангиз, тузган гапига ҳайрон қоласиз. Лицензияси бўлмаган йўловчиларни ташиш мумкин эмас деб тушуниладида ëзувларда. Яъни йўловчида лицензия бўлиши керак эмиш. Шунақа майнавозчилик нарсалар кўп¸ дейди Абдурозиқ Рофиев.
Тилшунос олимга кўра, “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганидан сўнг, давлат тилида иш юритишга ўтиш бўйича махсус курслар ташкил қилинди ва ҳозир ҳам Давлат жамият қурилиши академиясида "Бошқарув маданияти" деган курс бор. Бироқ:
- Одамларнинг саводсизлиги, масъулиятсизлиги туфайли халқ ўқиса тушунмайдиган жумла, иборалар пайдо бўлаяпти. Айниқса¸ кўчада, қўяверингки оилада, жамоат жойларида, ишхоналарда муомала маданияти жуда бузилаяпти. Бу бевосита бизнинг қадриятларимиз, урф-одатларимизга боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ҳар қадамда шу нарсага дуч келасиз. Бунинг сабаби¸ менинг назаримда¸ биринчидан бефарқлик, лоқайдлик бўлса миллатга, давлатга, иккинчидан, саводсизликдан келиб чиқаяпти.
Одамларимиз саводсиз бўлиб бормоқда. Тил-адабиëт факултетларидан бирор киши диктант оладиган бўлса, камида 70 фоизи икки баҳо олади. Жуда ҳам саводсизларни тайëрлаяпмиз. Булар мустақил фикрлай олмаса эртага, тафаккури ривожланмаган бўлса, нутқ маданияти қандай қилиб ўсади? Қандай қилиб оилада тарбия олиб боради, қандай қилиб иш юритади, қандай қилиб одамлар билан мулоқотга киришади? Бунинг ҳаммаси бугунги ëшлар тарбиясига таъсир этади деб ўйлайман, дейди тилшунос олим Абдурозиқ Рофиев.
Тилшунос олимларга кўра, ҳозиргача Тошкентдаги кўплаб идораларда ҳужжатлар рус тилида юритилади, йиғилиш ва анжуманлар рус тилида олиб борилади.
Ўзбекистонда “Давлат тили ҳақида”ги қонун 1989 йилда қабул қилинган эди.