Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:36

Ўш: таҳдидми, миш-мишми?


Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова Ўшда миллий озчилик вакилларига таҳдидлар бўлаётгани ҳақида биринчилардан бўлиб бонг урди.
Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова Ўшда миллий озчилик вакилларига таҳдидлар бўлаётгани ҳақида биринчилардан бўлиб бонг урди.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилар Ўшда миллий озчиликларга таҳдидлар бўлаётганидан ташвиш билдирмоқда.

Ўшда номаълум шахслар президентликка номзодлар номидан миллий озчилик вакилларига таҳдид қилаётгани борасида “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Азиза Абдурасулова маълум қилди:

- Ўшда бир қанча одамлар билан учрашдим. Ростдан ҳам номаълум йигитлар қишлоқларда, кўчаларда юриб одамлардан “Кимга овоз берасизлар? Биз Атамбаевнинг одамларимиз” дейишибди. Одамлар “Майли Атамбаевга овоз берамиз”, дейишгандан кейин келган номаълум шахслар: “Атамбаевга овоз берсанглар биз келиб уйларингни ёндириб кетамиз”, деб очиқ айтаяпти экан. Мен Ички ишлар вазирлигидан шаҳар ичидаги кўчаларда назоратини кучайтиришни илтимос қиламан, - деди Азиза Абдурасулова.

Ўшлик ҳуқуқ фаоллларига кўра, номаълум шахслар томонидан таҳдидлар асосан ўзбекларга нисбатан бўлаяпти:

- Лозунглари ҳам биз учун қўрқинчли бўлаяпти. Масалан, “Қирғизимди чўбўлўтбўйм” – “Киргизов непозволю стать наколении” дегани. Кеча ҳам КТРдан (КТР - Жамоатчилик телерадиоканали – муаллиф.) эфирдан чиқди: “Қирғиз деган бу ким? Ҳамма бошқа миллатлар қирғиз миллати ёнида бўлиши керак, кийган кийимини кийиб, қирғиз тилида гапириши керак” деди. Бу ҳозир биз учун қўрқинчли бўлаяпти. Миллий озчиликларнинг ҳам ўз ҳоҳши бор. Сиёсий вазиятда Ўшда овоз ўзбекники. Маҳалла нима? Бу одамлар энг зич яшовчи ҳудуд бўлади. Домдагилар йўқ. Дом билан ҳеч ким ишламаяпти. Дом ёпиқ, таққиллатади, очмайди, бўлди кетаверишади. Маҳалла очиқ, ҳаммаси уйида, дарвозалар беркитилмайди. Одамлар иш қилиб юради, қурилишлар бўлаяпти, - деди ўшлик ҳуқуқ фаоли Алима Шарипова.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, бундай таҳдидлар кўплигидан айрим ўшлик ўзбеклар сайлов кунлари хавфсиз ҳудудларга кўчиш тарадудини ҳам кўрмоқда:

- Маҳаллаларда яшовчиларнинг кўпчилиги “30 октябр куни эрталабда сайловга бориб, кейин Ўзбекистон чегараси яқинига – Суратошга кетамиз”, дейишаяпти. Ўтган йилги воқеаларни бошдан ўтказгандан кейин ҳамма одам қўрқади. Қўрқмайман деган одам йўқ, - деди Алима Шарипова.

Ўш шаҳар ўзбек миллий - маданий маркази раиси Рашидхон Хўжаев бу каби таҳдидлар ҳолати ҳозирча расман тасдиқланмаганини ва шунинг учун бу гапларга миш-миш қаторида муносабат билдирилаётганини айтди.

- Бизда ҳозирча ўзбекларни қўрқитиб: “Сайловга чиқасан ёки мана бу номзодга овоз берасан”, деган гаплар бўлмади. Миш-мишлар кўп чиқаяпти, лекин буларга эътибор бериш керакмас.

Озодлик: Демак булар оддий миш-мишларми?

- Булар оддий миш-миш ҳозирча.

Озодлик: Ўзинглар мана шу миш-мишларни йўқ қилишга ёки шуларга қарши ишлар олиб бораяпсизларми?

- Ҳа, албатта, маҳаллаларда гапираяпмиз, йиғинларда айтяпмиз. “Миш-мишларга қулоқ солманглар, агарда бирон нарса бўлса, факт бўлса бизга тезда хабар беринглар, биз хабарингларни тегишли органларга етказамиз”, деб одамларга айтаяпмиз. Ҳозир бунақа нарсаларнинг ўзи йўқ, - деди Рашидхон Хўжаев.

Ўшлик Ҳайрилло ака эса ўзбекларни ваҳимага солган гап - сўзларни Озодликка айтиб берди:

- “Жануб билан шимол бўлиниши мумкин, Бакиевни олиб келади Қирғизистонга”, деган гаплар бор. Бир ойча бўлди, Наримон томонга бориб: “Июн воқеаларини такрорлаймиз”, деганлар бўлди. Кўп жойларда миш-мишлар, одамлар келади “Ўзбеклар сенлар кўтарилишмагин, бизнинг айтганимиз бўлади”, деб сайловга қатнаштирмаслик тўғрисида гаплар бўляпти, - деди Ҳайрилло ака.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати эса сайловчиларга таҳдидлар борасида ҳозирча вазирликка ҳеч ким муроожат қилмаганини маълум қилди.

21 октябр куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев Ички ишлар вазирлиги шахсий таркиби 25 октябрдан кучайтирилган тартибда ишлашга ўтказилишини билдирди.

Айни пайтда вазир сайлов куни хавфсизликни тўла таъминлаш учун иқтисодий етишмовчилик борлигини айтди:

- Бугунги кунда вазифамизни тўла бажаришимиз учун пул муаммо бўлиб турибди. Агарда пул масаласи ҳал қилиниб, бизга 17,5 миллион сўм ўтказиб бериладиган бўлса, бизнинг ходимлар сайлов пайтида жамоатчилик тартибини сақлашга тайёр, деб айта оламиз, - деди Зарилбек Рисалиев.

Маълумотларга кўра, 30 октябрга белгиланган президентлик сайлови куни жамоат тартибини 6,5 минг милиция ходими, 14 мингдан ортиқ халқ қўшини вакиллари назорат қилади.
XS
SM
MD
LG