Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:30

Ўзбекистон фуқаролигидан қачон ва қандай чиқилади?


Бугун бу саволга ҳам Ўзбекистон ичкариси¸ ҳам ташқарисида жавоб излаëтганлар кўпайиб бормоқда.


Хорижда доимий яшаш ҳаққини қўлга киритиб¸ бошпана топган юрти фуқаролигини олишига бир қадам қолган ўзбекистонликлар сони ошиб бораëтган бир даврда бу саволга жавоб излаëтганларнинг ошиб бораëтгани тайин.

Ўзбекистон қўш фуқаролиликни тан олмайдиган давлат бўлгани учун¸ бошқа давлат фуқаролигини олишга қарор қилган ўзбекистонликлар ўз яшил паспортларидан воз кечишлари лозим бўлади.

Аммо бугун Озодликда бу мавзунинг кўтарилишига¸ хориждагилар орасида бу савол жавобини излаëтганлар сонининг ошаëтганигина сабаб бўлгани йўқ.

Ўзбекистонлик адвокат аëлнинг “Мени Ўзбекистон фуқаролигидан чиқаришингизни сўрайман!” деган расмий ариза билан Ўзбекистон президентига мурожаат қилишга мажбур бўлгани туртки берди бугунги лавҳага.

Хориж давлатида ўн кундан ошиқ қолмаган Турсуной Пўлатовада на бошқа давлатда доимий яшаш ҳаққи ва на эрта-индин амалга кўчадиган янги фуқаролик истиқболи бор. 64 йиллик умрининг аксар қисмини бошқалар ҳимоясига бағишлаган адвокат аëл саккиз йилдан бери ўз ҳақларини ҳимоя қилишнинг чорасини топа олмагач¸ ана шундай сўнгги чорага қўл уришга мажбур қолган.

*******************************************


Ҳуқуқимни ҳимоя қилмайдиган давлат фуқаролигидан воз кечаман!

“Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиги тўғрисида” 1992 йил 2 июлида қабул қилиниб¸ ўша йилнинг 28 июлида кучга кирган давлат қонунининг 1-моддасида ëзилишича¸ “Ўзбекистон республикаси ўз расмий идора ва амалдор шахслари тимсолида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари олдида ¸ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эса¸ давлат олдида масъулдирлар.

Ўзбекистон Республикаси ўз фуқаролари ҳақ-ҳуқуқлари¸ эркинлик ва манфаатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудуди¸ шунингдек ундан ташқарида ҳам ҳимоя қилади”. Иқтибос тугади.

Тошкентлик адвокат Турсуной Пўлатова Ўзбекистон Республикаси мазкур қонун¸ шунингдек Ўзбекистон конституциясида белгиланган айни шу асосий масъулиятини бажармаëтгани¸ яъни ўз фуқароси ҳақларини ҳимоя қилмаëтгани боис¸ бу давлат фуқаролигидан воз кечишга қарор қилди.

- Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш ниятим умуман йўқ эди. Лекин мана 18 йилдан бери ўзим учун курашаяпман. Бир-икки йилдан бери ўзимнинг ўғлим учун курашаяпман, ўзимнинг лицензиям учун курашаяпман. Чунки адвокатлик лицензиямни бекор қилишган. Ноқонуний. Адвокатлик фирмамни регистрация қилишмади. Шунча курашдим. Ҳамма ëққа бордим, мурожаат қилдим юқори турувчи инстанцияларга, судларга. Суд мени 6 йил 9 ойда ишга тиклаб берди. Лекин Олий суд раисининг ўринбосари Исмоилов протест келтириб “Пўлатова даъво муддатини ўтказиб юборган” деб менга чиқарган қарорни мутлақо бекор қилиб яна мен ишсиз қолиб кетдим¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Турсуной Пўлатова.

2003 йилга қадар Тошкент шаҳар Электр тармоқлари идорасида юрист-консултант бўлиб ишлаб келган Турсуной Пўлатова ўз ишидан ноҳақ бўшатилганига етарли асослари бўлгани важидан¸ ўз ҳаққини тиклаш учун курашди. Аммо уни бу ҳақдан кичик идора ëки майда амалдор эмас¸ балки Ўзбекистон Олий Суди ва бу суд раисининг ўринбосари маҳрум қилди. Бундай вазиятда ҳатто тажрибали ҳуқуқшунос ҳам ўз ҳаққи ҳимояси учун нима қилишни билолмай¸ сўнгги чора – ўзини ҳимоя қилишни истамаган давлат фуқаролигидан чиқаришларини сўраб ариза беришга қарор қилди.

- Мен мажбурман. Агар мени ўзимнинг юртим ҳимоя қила олмаса, мен кимга мурожаат қилишим керак? Мажбур бўлдим биласизми. Мен яхши кўраман ўзимнинг касбимни, одамларни ҳимоя қиламан. Астойдил касбимни ҳам яхши кўраман, ўзимнинг корхонамни ҳам яхши кўраман. Лекин бундай ҳақсизликка президент диққатини қаратишнинг шундан ўзга чорасини топа олмадим¸ дейди Турсуной опа Пўлатова.


Фуқароликка кириш ҳам¸ чиқиш ҳам Президент ваколатида

“Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга кўра¸ бу масала¸ дарҳақиқат¸ президент масъулиятидадир.

- Фуқароликни қабул қилиш ва ундан чиқиш тартиблари алоҳида қонун нормаларида қайд этилган. Ариза ëзилади. Фуқароликка қабул қилиш давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилишини ҳисобга оладиган бўлсак, фуқароликдан чиқиш масалалари ҳам ўша тартибда ариза бериб ўзи яшаб турган жойдаги ички ишлар органлари томонидан керакли идорага етказилади. У ерда кўриб чиқиб бу масалани ҳал қилиш мумкин. Фуқаро бошқа давлат ҳудудида бўладиган бўлса, ўша ердаги элчихоналарга аризалар бериб фуқароликдан чиқиш масаласини қўяди аризасида¸ дейди фуқароликдан чиқиш масаласининг ҳуқуқий жиҳатига ойдинлик киритган тошкентлик яна бир адвокат Гулнора Эшонхонова.

“Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддасига кўра¸ Ўзбекистон фуқаросининг фуқароликдан чиқиш тўғрисидаги аризасини қондириш-қондирмаслик президент ваколатига берилган бўлса-да¸ айни қонуннинг 38-моддаси бундай аризаларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон президенти ҳузурида Фуқаролик масалалари бўйича қўмита таъсис қилишни кўзда тутади. Президент номига ëзиладиган аризалар билан дастлабки босқичда ана шу қўмита ишлайди ва сўровларнинг “сарагини саракка¸ пучагини пучакка” ажратади.

Қонунга кўра¸ фуқароликдан чиқиш учун Ўзбекистон фуқароси ўзи рўйхатдан ўтган район Ички ишлар бўлимининг тегишли мутасаддиларига¸ хорижда эса¸ Ўзбекистон элчихонасининг консуллик бўлимига мурожаат қилади.

28 октябр куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Тошкентдаги Учтепа туман мутасаддиси¸ президент номига ëзиладиган бундай аризага илова қилинадиган махсус ҳужжатлар рўйхати борлигини айтиб¸ бу рўйхат бўлимнинг ўзида берилишини таъкидлади. Фуқароликдан чиқиш ҳақида ариза топширилганидан сўнг фуқаро аризасига қанча вақт ичида жавоб олиши ҳақида¸ бу масъулга кўра¸ қонунда аниқ бир муддат белгиланмаган. Аммо бу жараëн ками бир йил давом этади¸ дея огоҳлантирди Ички ишлар бўлими мутасаддиси.


Бу жараëн йилларга чўзилиши мумкин....

Хориж давлатида доимий яшаш ҳуқуқини олиб¸ бу давлат фуқаролигини олишга ҳақли бўлган ўзбекистонликлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Норасмий манбаларга кўра¸ саккиз миллионга яқин ўзбекистонлик ҳозирда хорижда ишламоқда ва уларнинг кўпи¸ узоқ йиллик меҳнат баробарида ўзлари ишлаëтган юртларда ҳуқуқий мақомни ҳам қўлга киритмоқдалар.

Бундайлар¸ агар янги фуқаролик истиқболи Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишни талаб қилмаса (масалан¸ АҚШ¸ Британия каби давлатларда қўш фуқаролик тақиқланмаган – таҳр)¸ бундай ҳолда ҳам Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмаган ҳолда¸ иккинчи давлат фуқаролигини қабул қилмоқдалар. Зотан¸ уларнинг аксари ота-онаси¸ мол-мулки қолган Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишни истамайдилар. Бундай ҳолда уларни хориж фуқароси сифатида Ўзбекистонга кириш визаси ололмай¸ яқинларининг тўйу маъракасига бора олмай қолишлик истиқболи энг кўп қўрқитади. Қолаверса¸ Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишга расман ариза бериш билан Тошкентдаги сони кўп қора рўйхатларга қўшилиш эҳтимоли ҳам уларнинг бундай ариза ëзишга журъат қилишига қўймайди.

Аммо энг қийин томони¸ дейди узоқ йиллардан бери Британияда яшаëтган ўзбекистонлик мустақил журналист Шоҳида Ëқуб¸ Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш ҳақидаги аризанинг ҳеч қачон қондирилмаслигидир.

- Масалан¸ мен биламан Ўзбекистон ватандошлигидан воз кечиш ниятида бўлган одамлар ариза берганлар. Уч йил, беш йил ўтаяпти. Ҳеч қанақа жавоб келмаяпти. Ўзбекистон ичида битта юрист билан гаплашганимда “Қанақа процедура бор?” деб сўрадим. Менга “Ўзбекистон ватандошлигидан воз кечишнинг ҳеч иложи йўқ. 10 йил бўлади кутасиз, ҳеч қанақа жавоб келмайди. Ўзбекистон ватандошлигидан воз кечишнинг умуман имкони бўлмайди” деб айтишган¸ дейди бу масала билан бевосита шуғулланган журналист Шоҳида Ëқуб.


Фуқароликдан чиққанлар ҳам бор....

Шундайлардан бири асли тошкентлик Тимур. Аввалига АҚШ Green Cardини ютиб¸ бу мамлакатда ўринлашган Тимур¸ Америка паспортини олганидан сўнг¸ 2007 йилда расмий ариза билан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига расмий ариза билан мурожаат қилган. Узоқ давом этган қоғозбозликлардан сўнг¸ икки йил ўтиб унинг аризаси қондирилган ва почта орқали унга Ўзбекистон президенти қарори билан Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилгани ëзилган расмий хабарнома келган.

- Аммо мен билан бирга ариза топширган 73 яшар онамнинг аризаси ҳамон қондирилгани йўқ. Элчихона ходимлари қачон телефон қилсам¸ “Кутинг¸ кўриб чиқилаяпти”¸ деб жавоб беради. Очиғи¸ аризанинг асосий вақтини чой ичиб¸ гап сотиш билан ўтказадиган элчихона ходимларидан ўтиб¸ Тошкентга етиб борганига ҳам ишонмай қўйдим¸ дейди онаси тўрт йилдан бери Ўзбекистон фуқаролигидан чиқолмай юрган Тимур Озодлик билан суҳбатда.


Мен президентга ишонаман....

Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш ҳақида президент Ислом Каримов номига расмий ариза ëзишимдан мақсад¸ Ўзбекистонда яшашни истамаганим эмас¸ балки ватанимдаги адолатсизликларга президент эътиборини жалб қилишдир¸ дейди 64 йиллик умрини севимли Тошкентида ўтказган Турсуной опа Пўлатова.

Мабодо президент жаноби олийлари бу аризамни қондиришга қарор қилсалар¸ бундай ҳолда Ўзбекистон Республикасига керак бўлмай қолган бир фуқаро сифати бошимни олиб кетишдан ўзга чорам қолмайди¸ дейди Озодлик билан суҳбат сўнгида йиғлаб юборган таниқли адвокат аëл.

- Мен кетаман нима қиламан. Бошқа иложим йўқ. Бошим оққан жойга бораманда нима қиламан энди¸ дейди Турсуной Пўлатова.
XS
SM
MD
LG