Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:56

Қирғизистонда Ўзбек лидерлари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Қодиржон Ботиров.
Қодиржон Ботиров.

Қирғизистондаги ўзбеклар раҳбарлари Қодиржон Ботиров ва Ином Абдурасулов сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Уларнинг мол-мулки давлат ҳисобига мусодара этиладиган бўлди. Бу ҳақдаги ҳукм Жалолобод шаҳар судида 28 октябр куни ўқиб эшиттирилди.

Бу ҳақдаги Олий суд баëнотини олган мухбиримиз Элмурод баъзи бир маълумотлар билан ўртоқлашди.

- 28 октябр куни Жалолобод шаҳар суди Қодиржон Ботиров ва у билан судланаëтган яна беш нафар ўзбек лидерлари деб аталаëтган шахсларга нисбатан ўз ҳукмини ўқиди. Мана шу ҳукмга кўра Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасуловлар 2010 йилдаги Ўш воқеаларининг ташкилотчилари сифатида тан олиниб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Булар билан бирга судланаëтган Абдураҳмон Абсдуллаев, Халилжон Худойбердиевлар 20 йилга, Жавлон Мирзахўжаев 14 йилга, Муҳаммадрасул Абоқжонов 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Буларнинг мол-мулклари давлат ҳисобига ўзлаштирилиши ҳам мана шу ҳукмда қайд этиб ўтилган.

Озодлик: Озодлик радиоси қирғиз хизмати Абоқжоновни шартли уч йилга озодликдан маҳрум қилинди деяпти. Сиз олти йилга деяпсиз.

- Менинг қўлимда Олий суд матбуот хизмати тарқатган баëнот турибди. Мана шу баëнотда Муҳаммадрасул Абоқжоновнинг 6 йилга колония поселениега ҳукм қилингани айтилади. Буни ўташ учун уч йиллик синов муддати (испитателний срок) берилган.

Озодлик: Ҳар ҳолда Озодлик радиоси қирғиз хизмати Олий суд матбуот хизмати баëнотига таяниб хабар тарқатаяпти. Ҳозир охирги гапни айтмаймиз. Кейинроқ бунга аниқлик киритамиз. Яна нима гаплар айтилди?

- Суд жараëнида 300 нафар гувоҳ ва 60 нафар жабрланган одам сўроқ қилинган. Шу билан бир қаторда Олий суднинг баъзи бир хабарларига қараганда Халилжон Худойбердиев ЎшТВ телекомпаниясининг раҳбари сифатида, Жавлон Мирзахўжаев МезонТВ телекомпанияси раҳбари сифатида ўзларининг лавозимидан шахсий манфаатини амалга оширишда ва мана шу манфаатларни амалга ошириш чоғида миллатлараро низони қўзғашда айбдор деб топилишган. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Халил Худойбердиев ва Жавлон Мирзахўжаевнинг адвокатлари суднинг бундай қарорига норозилик билдиришган. Улар суд қарорининг юқори инстанцияда апелляция тарзида кўриб чиқилиши учун ариза ëзишларини билдиришди.

Озодлик: Мана сиз қўлингиздаги маълумотномага таяниб айтаяпсиз. “Судда 300 нафар гувоҳ кўрсатма берди” дейилган экан. Лекин қирғизистонлик ўзбек лидерлари деб айтилаëтган бу кишилар устидан суд баҳорда бошланган ва ўша гувоҳлар, жабрланувчилар, адвокатлар вақтида суд мажлисига келмагани учун бир неча марта қолдирилган эди. Матбуот хабарларидан буни қайта текшириб кўриш мумкин. 300 гувоҳни қачон сўроқ қилишга улгурушибди? Мен шунга ҳайронман.

- Бу маълумот нафақат сизни балки барчани ҳам ҳайрон қолдирмоқда. Ҳақиқатан ўзбек лидерлари деб аталаëтган шахсларга нисбатан суд иши баҳор ойида бошланган ва то октябр ойининг бошларигача бу суд 10 марта қолдирилган эди. Сабаби судга гувоҳларнинг келмагани, жабрланувчиларнинг келмагани. Энг охирги хабарларда суд жараëни мунтазам бошлангандан кейин суд гувоҳларни ва жабрланувчиларни судга мажбурий тарзда олиб келиш ҳақида қарор чиқарган эди. Ана шундан кейин ҳам мана матбуот хабарларида судда фақат иккита гувоҳ, иккита жабрланувчи, иккита гувоҳ, битта жабрланувчи кўрсатма берди деган маълумотлар тарқалган эди. Айни пайтда Олий суд томонидан 300 нафар гувоҳ, 60 нафар жабрланувчи судда кўрсатма берди деган маълумот албатта ўрганилишга муҳтож маълумот.

Озодлик: Демак, Жалолобод шаҳар судининг 28 октябрдаги ҳукми жавоблардан кўра саволларни кўпроқ пайдо қилди. Афтидан бу мавзуга кейинги эшиттиришларимизда яна тўхталамиз. Элмурод, раҳмат сизга.

- Хўп, саломат бўлинг, дейди Элмурод.

Қуйида Жалолобод суди томонидан сиртдан 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда АҚШда қочқинликда яшаëтган ЎшТВ раҳбари Халил Худойбердиевнинг ҳукм юзасидан билдирган фикрини тинглашингиз мумкин.



Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари Ботиров ва Абдурасуловни ўтган йил июл ойида қирғизлар билан ўзбеклар ўртасида миллий низони қўзғашда айблаган.

Қирғизистон Қодиржон Ботировга нисбатан Интерпол орқали қидирув эълон қилган, Қирғизистон Бош прокуратураси эса уни Украинадан экстрадиция қилишни сўраган.

Айбланувчиларнинг ҳимоячилари бугунги суд ҳукми юзасидан юқори инстанцияга арз қилишларини билдиришди.
XS
SM
MD
LG