Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:39

Атамбаев миллатчиликни жиловлайдими?


Ўш қирғинидан сўнг ўз ватанини ташлаб кетган ўн минглаб ўш ва жалолободлик ўзбеклар ана шу саволга жавоб изламоқда.

“Қишлоғимиздан ҳеч ким пахтага чиқмади”

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманидан қўнғироқ қилган Қудратбек Муртозоев ўзбек мухолифатининг лидери Муҳаммад Солиҳнинг “Собиқ иттифоқ давридаги пахта сиёсати ҳам ҳатто бугунгидай бўлмаган” деган фикрларига қўшилмаслигини айтади.

- Ўзбекистон мухолифатининг лидери Муҳаммад Солиҳ борку. Ўша кишига эътирозим бор эди. Бир куни эшитсам айтаяптиларки, СССР пайтида Ўзбекистонда териш яхши эди, ҳозир қийинлашиб борган деб айтди. Ўша одам ўйлаб кўришсинки, 6 миллион СССР пайтида Ўзбекистон пахта йиғарди. Ҳозир 6 миллион қаердаю 3,5 миллион қаерда. 6 миллион у кўп эди. Қандай кам одам ишлаган? Ким терган бўлмаса? Муҳаммад Солиҳ айтаяптики, СССР пайт яхши эди. Шу ҳам гап бўлдими энди.

Озодлик: Сизнингча қанақа ҳозир?

- Менимча, СССР пайтида ëмон бўлгану ҳозир яхши бўлди.

Озодлик: Яхши тарафларини айтинг.

- Масалан¸ менинг янгаларим, амаким барчаси пахта терган СССР пайтида. Мустақилликдан кейин бизнинг қишлоқда бирор киши пахта тергани йўқ. Аëл киши пахта тергани йўқ.

Озодлик: Мактаб ўқувчилари ҳам пахта теришмаяптими?

- Тўғрисини айтганда умуман чиқаëтгани йўқда. Бошқа жойда билмайман, лекин биз яшаëтган жойда ҳеч ким пахтага боргани йўқ, ҳеч ким “сизлар пахтага боринглар” деб айтгани ҳам йўқ.

Озодлик: Сизнинг қишлоғингизнинг номи нима?

- Бизнинг қишлоғимиз чекка ҳудудда.

Озодлик: Шаҳрисабзнинг қайси жойи?

- Бизнинг қишлоғимизда биринчидан пахта бўлмайди.

Озодлик: Қишлоғингизнинг номи нима?

- Қишлоғимизнинг номи айтилмайди. Нима кераги бор, дейди Шаҳрисабз туманидан қўнғироқ қилган Қудратбек Муртозоев.


“АҚШ туфайли Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига панжа орасидан қарайди”

Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Алмазбек Атамбаевнинг АҚШнинг Қирғизистондаги ҳарбий базаси мамлакат учун хавф туғдириши ҳақидаги фикрларини қўллаган андижонлик Ҳабибулла Ўзбекистон-АҚШ муносабатларига ҳам тўхталди.

- Аввало Алмаз Атамбаев шу баëнотни берганини сизларнинг хабаринглардан эшитдим. У менимча тўғри фикрни айтган. Буни мен ўзимнинг қарашларим билан Ўзбекистон мисолида изоҳламоқчи эдимда. Ўзбекистонда ҳам мана яқин кунларда ўзининг базасини қурмоқчи бўлаяпти. Афғонистондаги ëки Қирғизистондан олиб чиқадиган қўшинларини шу орқали олиб чиқиб кетмоқчи. Қирғизистонга хавф туғдирадиган жойи Қирғизистонда Америка жойлашса, қандайдир ташқи кучлар¸ айтайлик Афғонистондан кириб портлатишлар бўладими ëки бошқа жойдан кириб портлатишлар бўладими Қирғизистон учун хавф туғдирар экан. Албатта¸ бу нарса биз учун ҳам бўладида. Ҳозир мен буни кўзга кўринмайдиган майда нарсалар билан изоҳламоқчи бўлаяпман. Яқинда Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонга борди. Хавф туғдиради деган жойига шуни мисол келтирмоқчиманки, Тожикистонда маълум муддат турди. Бир кун ҳам турмади. У ерда инсон ҳуқуқлари, шунақа ташкилотлар билан учрашув ўтказди. Лекин Ўзбекистонга бориб икки кун турди. Шу нарсани ўтказмади. Бундан келиб чиқаяптики, бу Ўзбекистондаги халқ учун қандайдир маънода хавф туғдираяптида. Энди қаранг. У учрашмаганлиги сабабли Ўзбекистон президентига ëн берди. Ëн берди, дегани Ўзбекистон ичкарисидаги халқ учун ўтказилаëтган зуғумларни панжа остидан қаради. У Ўзбекистон билан алоқалар ўрнатаяпти. Алоқалар ўрнатиш учун эса маълум миқдорда панжа остидан қараб халқнинг қийинчиликларига назар ташлашни истамаяптида. Айтайлик инсон ҳуқуқларининг бузилишига у панжа остидан қарайди. Бу билан президентимиз халқни хоҳлаган кўйига солиши мумкин. Унга энди қўй дегани хўжаси қолмайди¸ демоқчиман. Яна Ислом Каримов учун қандайдир маънода курсида қолиш учун маълум шароит яратилаяпти. Бу билан президент ўзининг уддабуронлигини кўрсатиб қўйди. У билан алоқа қилиб араб шабодасини орқага сурмоқчи бўлди, дейди андижонлик Ҳабибулла.


“Ўшлик ўзбеклар тақдири нима бўлади?”

Россиянинг Амур вилоятида меҳнат қилаётган ўшлик Араббой ака Ўш қирғинидан сўнг дарбадарликда яшаётган жанубий қирғизистонлик ўзбеклар тақдири янги президент даврида ўзгарадими¸ дея савол қўяди.

- Қирғизистоннинг ўзбеклари пароканда бўлиб ҳар қаëққа тирқираб кетадими, демоқчиманда. Мана янги президент сайланибди. Энди у қанақа бўлади, қандай олиб боради, келажакда миллатчилик бўладими бўлмайдими шуларни билмоқчи бўлдим.

Озодлик: Ўзингиз сайловда қатнашдингизми?

- Йўқ.

Озодлик: Нимага?

- Мен Россиядаман ҳозир.

Озодлик: Элчихона, консуллик бўлимларига бориб қатнашмадингизми?

- Консуллик Свердловскда. Бу ерларда йўқ.

Озодлик: Қирғизистонлик ўзбекларнинг келажагини ўзингиз қанақа кўрасиз?

- Ҳозир қирғизистонлик ўзбекларнинг бир-бирига меҳр-оқибати қочганми¸ демоқчиманда.

Озодлик: Нимага бунақа фикрга келдингиз?

- Қанча-қанча йигитларимиз, қанча-қанча фарзандларимиз чиқиб кетдида бошқа давлатга. Мана кўриб турибсиз кўпинча Россия фуқароси бўлишаяпти, дейди Россиянинг Амур вилоятида меҳнат қилаётган ўшлик Араббой ака.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG