Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:50

Ўзини ëқмоқчи бўлган фермер суд залидан озод қилинди


С. Қурёзова Тошкентнинг Мустақиллик майдонида ўзига ўт қўймоқчи бўлган эди.
С. Қурёзова Тошкентнинг Мустақиллик майдонида ўзига ўт қўймоқчи бўлган эди.

Бухоро шаҳар суди ўзига ўт қўймоқчи бўлган хоразмлик фермер Сафаргул Қурëзовани амнистия актига биноан жума куни суд залидан озод қилди.


4 ноябр куни Бухоро жиноий ишлар суди маҳаллий ҳоким ва прокурорнинг порахўрлиги ҳақида турли идораларга шикоят қилган шовотлик фермер Сафаргул Қурязова ишини кўриб чиқди.

Суд Қурëзовани Ўзбекистон Жиноят кодексининг 219-моддаcи, яъни ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик қилганликда айбли деб топди.

Айни маҳкама Қурëзовани 2009 йил Ўзбекистон сенати эълон қилган амнистияга кўра суд залидан озод қилди.

Сафаргул Қурëзова суднинг бу қароридан норози эканлигини билдириб ҳукм устидан шикоят қилишини айтган.

Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги “Зубайда Нуржонова” фермер хўжалиги раҳбари Сафаргул Қурязова 13 октябрь куни милиция ходимлари томонидан Шовот тумани ҳокимлиги биноси олдида ҳибсга олинган эди.

Қурëзова Урганч шаҳар тергов ҳибсҳонасида 6 кун сақланди. Ундан кейин Қурëзова Тошкентдаги Тоштурмага ўтказилди. Тоштурманинг СИ-1 ҳибсҳонасида 7 кун сўроқ қилинган Қурëзова 26 октябр куни Бухородаги тергов ҳибсҳонасига олиб келинди.

4 ноябр куни судя Отабек Тошев ҳакамлигида Бухорода ўтган маҳкама мажлисига журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари қўйилмади.

Саккиз йилдан буён фермерлик қилиб келаётган С. Қурязова Шовот туманининг собиқ ҳокими Бозорбой Ёқубов, туман прокурори Жиянбой Норимбетов ҳамда ички ишлар бошқармаси бошлиғи Жонибек Рўзметовларга шоли экиш учун ер ажратиб бермагани учун таъқибга учраб келгани ҳақида Озодликка гапириб берган эди.

С. Қурязова устидан очилган жиноят иши уч йилдан буён еттита маҳкамада кўрилди. Ўз иши бўйича адолатли қарор чиқмагач, Тошкентга ҳақиқат излаб келган С. Қурязова Президент девонидан ҳам қониқарли жавоб ололмагач мустақиллик майдонида ўзига ўт қўйишга қарор қилган эди:

- Мен келиб ҳақиқатан ҳам шу гап-сўзларни ëзиб, президент аппаратига кириб, президент номига ëзиб, ўзим курашишга мажбур бўлдим. Девондан чиққач ҳақиқатан шундай иш қилмоқчи эдим. Ўзимни ëқишга, ўлишга тайëр эдимда. Жонимдан тўйиб кетдим. Оилам хўрланиб қолди, қизларим, ўғилларим хўрланиб қолди. Мажбур бўлдим. Мен уч йилдан бери пора берсам ҳам ҳақиқат топа олмадим. Жиноятим бўлмаса ҳам амнистияга рози бўлишга мажбур қилишди.

Ўзим ëмон бўлиб мустақиллик майдонида ўтирган эдим шунақа қиламан деб. Ўзимда гугурт бор эди. Соляркага пахтани булғадимда, оғир аҳволда ўтирганимда президент аппарати томондан бир одам чиқиб “Нимага йиғлаяпсиз ойи? Нима бўлаяпти?” деди. Унга гапира олмадим. Аслида у мени ушлаб бу ëққа олиб келди,- деган эди Сафаргул Қурязова Озодлик билан суҳбатда.

С. Қурязованинг ўзи Озодлик мухбирига ҳоким, прокурор ва милиция бошлиғи учлигининг жиноятлари ҳақида кўп нарсалар билишини айтган эди.

Хоразмлик инсон ҳуқуқлари фаоли Ҳайитбой Ëқубовга кўра, ҳокимият вакилларининг зўравонлигига қарши ўзини ëқиш холатлари кейинги бир неча йилда Хоразмда кўплаб кузатилган.

- Албатта тез-тез учраб туради. Буни қилмоқчи бўлган одамлар шу нарсани олдиндан ошкор қилиб қўядилар. Айрим ҳолларда шу нарсани қайтарса давлат органлари, бошқа бир амалдорлар ëки шунга доир ўзининг яқин қариндошлари шу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилади. Лекин бу нарсалар учраб туради. Ҳазорасп туманида шундай воқеани қиламан деган одамлар бўлган. Кейин Урганч туманида бўлган шу нарсалар бу йил ҳисобига. Яна биттаси Янгибозор туманида бўлса керак. Шу нарса учраган эди. Янгибозор туманидаги оилавий можаро, бошқалари давлат ҳукумат оралиғи масаласи бўйича шу ишни қиламан деганлар, дейди хоразмлик ҳуқуқ фаоли.


Озодлик фермернинг тақдирини кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG