Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:09

“Милиционерлар жазоланишини истайман”


Душанбе шаҳрининг Шоҳмансур туман милиционерлари томонидан ҳибсга олинган Баҳромиддин Шодиев шу йилнинг 1 ноябрида шаҳар касалхоналарининг бирида вафот этган эди.
Душанбе шаҳрининг Шоҳмансур туман милиционерлари томонидан ҳибсга олинган Баҳромиддин Шодиев шу йилнинг 1 ноябрида шаҳар касалхоналарининг бирида вафот этган эди.

Милиционерлар томонидан калтакланиб, касалхонада жон бергани айтилаётган тожикистонлик йигитнинг онаси Ички ишлар вазирлиги қўллаган чорадан норози.

Душанбе шаҳридаги касалхоналарнинг бирида жон таслим қилган 28 ёшли душанбелик Баҳромиддин Шодиевнинг онаси Ниёзбиби Бўриева Тожикистон Ички ишлар вазирининг Шоҳмансур туман милиция ходимларига нисбатан қўллаган чорасидан кўнгли тўлмаганини айтди.

- Менинг ўғлим ўлди, энди уни қайтариб бўлмайди. Лекин уни азоблаган милиционерлар Алишер, Саид ва Илҳом албатта жазо олишини истайман. Улар қамоқда ўтириб, қилган гуноҳларини, яъни ўғлимни азоблаб ўлдирганини тушуниб етсин, - деди Ниёзбиби Бўриева.

Душанбе шаҳрининг Шоҳмансур туман милиционерлари томонидан ҳибсга олинган Баҳромиддин Шодиев шу йилнинг 1 ноябрида шаҳар касалхоналарининг бирида вафот этган эди.

19 октябр куни ўғирликда гумонланиб, уйи яқинидан ушлаб кетилган Баҳромиддин Шодиев 20 октябр куни, яъни дастлабки терговдан сўнг оғир аҳволда реанимацияга ётқизилган. Ўн кун ўтиб, ўлимидан бир неча дақиқа аввал ҳушига келган Баҳромиддин онасига милиционерлар уни қийноққа солганини айтган.

- Агар фарзандим ўлимидан бир неча дақиқа аввал ҳушига келмаганида ва Шоҳмансур туман милиционерлари уни қандай азоблаганини айтмаганида эди, мен ҳақиқатан ўғлим ўзини иккинчи қаватдан ташлаб ўлганига оид далилларга ишониб қолган бўлардим. У менга милиционерлар оғзини скоч билан беркитиб, қўлларини орқага боғлаб, электр токи билан қийнаганларини айтиб берди, - дейди марҳум Баҳромиддининг онаси Ниёзбиби.

Баҳромиддин Шодиевнинг ўлими тожик жамиятида катта баҳсларга сабаб бўлди. “Ампаро”,”Авесто” ва “Сипар” каби қийноқларга қарши кураш нодавлат ташкилотлари Шодиев ўлими билан боғлиқ ҳолат устидан текширув ўтказилишини талаб қилиб чиқди.

Тожикистон Ички ишлар вазири Баҳромиддин Шодиевни тергаган Шоҳмансур туман милиция ходимлари Алишер Иноятов, Диловар Муродов ва Абдураҳмон Додов, шунингдек, Шоҳмансур туман ички ишлар бўлими бошлиқ муовини Илҳомжон Каримовни ишдан бўшатди. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи Сафармад Одинаевга эса ҳайфсан берди.

Аснода қийноқлардан жон берган Баҳромиддин Шодиевнинг онаси ва яқинлари билан бирга бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ташкилотлар вакиллари ҳам Ички ишлар вазири қўллаган чора билан рози бўла олмасликларини айтмоқдалар.

Жумладан, ҳуқуқшунос Бузургмеҳри Равшан жиноятда гумонланиб, қўлга олинган кишиларга қийноқ қўллаган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига маъмурий жазо тайинлаш билан муаммо ҳал бўлмаслигини айтади.

- Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг бу иши, табиийки, жиноят ҳисобланади ва уларга нисбатан жиноят иши очилиши шарт. Ундан ташқари, прокуратура ана шундай ҳолатлар устидан назоратни кучайтириши лозим. Менимча, шу йўл билан милиция ходимларининг ўз вазифасини суиистеъмол қилишларининг олди олинади, - дея мулоҳаза билдиради ҳуқуқшунос Бузургмеҳри Равшан.

Баҳромиддин Шодиев касалхонада вафот этган дастлабки кун Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъуллари у тергов пайтида ўзини иккинчи қаватдан пастга ташлаши оқибатида жон берганини маълум қилган эди.

Аммо бугунги кунда вазирликнинг ўз ходимларига маъмурий жазо тайинлаши, адвокат Шуҳрат Қудратов фикрича, тизим ходимларининг жинояти эътироф қилингани исботидир.

- Яъни Баҳромиддин Шодиев ҳақиқатан ҳам Шоҳмансур туман милиционерлари томонидан қийноққа солингани сабабли ўлган. Вазир уларни вазифасидан бўшатар экан, демак, уларнинг гуноҳини тан олади. Аммо, менимча, бу милиционерлар албатта жиноий жавобгарликка тортилиши лозим. Чунки Баҳромиддин билан боғлиқ ҳолат жамиятимизда биринчи ҳолат эмас. Милиция ходими томонидан калтакланиб, жон берган ёки саломатлигини йўқотган ўнлаб оилани биламан. Ишдан бўшатилган бу милиционерлар вақт ўтиб албатта бошқа ишга, яна яхшироқ лавозимга кўтарилишига ҳечам шубҳа қилмайман, - дейди адвокат Шуҳрат Шодиев.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча ой аввал яна бир гумонланувчи - Сафарали Сангов ҳам дастлабки терговдан сўнг реанимацияга ётқизилган ва ҳушига келмай вафот этган эди.
XS
SM
MD
LG