Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Ўзбекистонда совуқ. Газ йўқ


Ўзбекистон қишлоқларида тезак ғамлаш имкони борлар омадлилар қаторига қўшиладиган кўринади.
Ўзбекистон қишлоқларида тезак ғамлаш имкони борлар омадлилар қаторига қўшиладиган кўринади.

Метеорологлар бу йил Ўзбекистонда қишнинг совуқ келишини башорат қилаётган бўлса, расмийлар табиий газ ва электр етишмовчилиги бўлишини таъкидламоқда.


Ўзбекистонда биринчи қор ёғди


Жорий ҳафта бошидан Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида об-ҳаво кескин совиб кетиб, деярли барча ҳудудларда биринчи қор ёғди.

Ўзбекистон гидро-метеорология марказидан олинган маълумотга кўра, тоғли ҳудудлар, Хоразм ва Қорақалпоғистонда совуқ, айниқса, кучайган.

- Тўғри об-ҳаво совушига прогноз бор. Бу йил қиш сал вақтлироқ келди. Сал совуқроқ бўлади. Мана ҳозир -3, -5 даража бўлди. Бу ҳам ноябр ойида бизнинг иқлимимиз учун совуқ ҳисобланади. Республикамизнинг тоғли ҳудудлари ҳамда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида кечаси -7, -8 даражагача совуқ. Кундузи -3, +2. Бунақа ҳаво 2006 йилда ҳам кузатилган. Бу бизларнинг иқлимимиз учун хусусиятли нарса. 2006 йилда ҳам мана шунақа ëмғирлар ëғиб қорга айланган нималари бўлган. 2008-2009 йилда бўлган бунақа ҳол. Бу бизлар учун янгилик, одатдан ташқари ҳол эмас,- деди исми сир қолишини истаган Ўзбекистон гидро-метеорология маркази ходими.

“Тезак ҳам дефицит бўлиб қолди”

Сурхондарёнинг Ангор туманида яшовчи Анвар бобо кўмир ва ўтин сотиб олишга пули йўқлигидан тезак билан уй иситаяпти.

Айни пайтда ўзининг чорва моллари камлигидан Анвар бобо тезакни ғамлашга имкони йўқлигини айтиб, бир кун келиб тезак ҳам пуллик бўлишидан ҳавотир билдиради.

- Совуқда ўчоқда овқат қилаяпмиз. Газ йўқ, ўтин йўқ, кўмир йўқ.
Бугунги кунда аксар ўзбек уйини иситиш учун тезакдан фойдаланаяпти.
Бугунги кунда аксар ўзбек уйини иситиш учун тезакдан фойдаланаяпти.
​Печкаларимизни газга мослаштирганмиз. Энди ўтинбоп печка сотиб олайлик десак пулимиз йўқ. Уч-тўрт кун ëмғир ëғди, кейин қорга айланиб, ҳозир эрияпти. Кечаси -7 даража совуқ бўлади деяпти. Ўзимизнинг эски кўрпа, чопонларга ўраниб ўтирибмиз. Кечаси бутилкаларга илиқ сувни соламизда оëқ учига қўйиб ўраб ëтибмизда энди. Бунинг устига свет ҳам йўқ. Ўзбек халқи олдиндан тезак ëқиб келган. Шунга тайëргарлик кўраверадида энди, бундан буëн ҳам аҳвол шу. Чорва бўлмагандан кейин тезак ҳам дефицит бўлиб кетган. Савдогарларнинг қўлига тушгудай бўлса, нархини кўтараверади. Ҳозир тезак сотилгани йўқ. Шу аҳвол кетадиган бўлса, тезак ҳам сотилади. Фермерлар чиқариб сотса керак. Кўмирнинг ўрнига арзон қилиб оладида. Кўмирга кучи етмаган одамлар нима қилсин,- дейди Анвар бобо.


"Совуққа мослашиш учун совуқ сувга чўмилаяпмиз"


Бухорода ҳам биринчи қор ёғиб, кунлар совиб қолди. Вилоятнинг шаҳар ва туман марказларида тибиий газ босими нисбатан пасайган бўлса-да, табиий газ билан боғлиқ жиддий муаммо кузатилмаяпти.

Бироқ қишлоқ жойларида газ ва электр энергияси етишмовчилигидан аҳоли азият чекаяпти. Аҳоли совуқдан сақланишнинг турлича йўлларни ўйлаб топишга мажбур.

Масалан, Бухоронинг Қоракўл туманидаги қишлоқлардан бирида яшовчи Ибод Ҳакимов оиласи совуққа мослашиш учун совуқ сувга мослашаяпти.

- Ҳаво совуқ. Бизда свет бўлмаса, ҳеч қаер ишламайди. Энди кимдир совуқдан яшай олмай совқотиб, кечаси билан ўтин ëқиб чиқаяпти. Бизда кўмир бор озгина. Яна совуққа чидамлилик қилиш учун бир нарса ўйлаб топдик. Оиламиз билан барчамиз совуқ сувга чўмила бошладик. Бу совуққа қарши. Шамолламаслик, иммунитет, мослашиш. Ҳеч ким шамолламайди. Нима қиламиз энди,- дейди Ибод Ҳакимов.


“Бир йилга 2 миллион сўмлик ўтин кетади”


Қорақолпоғистоннинг Нукус, Тахиатош шаҳарларида газ билан боғлиқ муаммолар йўқлигини айтишди суҳбатдошлар.

“Бироқ Тўрткўлда газ ҳам, чироқ ҳам йўқ” дейди тўрткўллик Ражаббой ака.

Қишга ўтин ғамлаш.
Қишга ўтин ғамлаш.
- Ҳар ҳолда аëз, совуқ бор, газ йўқ лекин. Тўғрисини айтиш керак газ йўқ. Ўтиннинг бир машинаси 300-400 минг сўм. Ўтинга 2 миллион сўмдан кўпроқ кетади.

Озодлик: Шунча пул борми сизда?

- Нима қиламиз энди, ишлаймиз, топамиз. Бошқа иложи йўқ. Борда бор, йўқда йўқ. Иложи йўқ энди бола-чақани бир амаллаб ўтирибмиз,- дейди Ражаббой ака.


"Дардимизни депутатларга айтамиз"


Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида яшовчи Аминбой аканинг оиласида ўн битта жон бор. Оила аъзолари уйдаги 2 та хонани ўтин ёрдамида иситиб, ўша хоналарда ётишади.

"Қор ёққач, ҳаво анча совуб кетди", дея гап бошлади Аминбой ака.

- Электр ҳам ўчиб ëтибди, газ ҳам ўчиб ëтибди. Бизларнинг пешимиз бор, шунга ўт ëқиб ўтирибмиз. Ҳаммамиз иккита хонага қамаламиз. Аҳвол жуда ҳам пастда. Толларни кесиб, тайëрлаб қўйган эдик, ўшаларни ëқиб ўтирибмиз. Қишда нима бўлишини мен тасаввур қила олмаяпман. 20 ноябрдан кейин Олий Мажлис депутати келади, дейди. Шу билан учрашиб гаплашмасак, билмадим нима бўлади бу. Халққа ўзининг бойлигини бермаса, буни қандай тасаввур қилиш мумкин? Мана Россияда кўрсатиб турибди,"Газпром, нефт, газ ҳаммаси достояние народа" дейди. Халққа бериш керакми шуни. Бизда эса йўқ,- дейди Аминбой ака.

“Нимага ўзимизда газ бўлиб, газсиз ўтирибмиз?”


Сирдарёнинг Оқ олтин туманида яшовчи Валижон Абдуллаев аҳолининг совуқда ўтириши учун президент эмас, балки маҳаллий амалдорлар айбдор деб ҳисоблайди.

- Газ бермаяпти. Ҳайит арафаси кучайди газ. Икки кун жуда яхши
Қишлоқ жойларидаги аксар аҳолининг куни шу каби ўчоқларга қолди.
Қишлоқ жойларидаги аксар аҳолининг куни шу каби ўчоқларга қолди.
ëқдик. Ҳавони кўрсангиз ҳозир совуқ, бирданига қор ëғиб юборди. Тайëр газ-а, эй, тайëр газ. Тайëр газни нимага бермайди ҳайронман. Нимага пулини оладию бермайди? Одамларнинг қийналишини кўринг. Ҳурматли президентимиз халқ қийналмасин деб ҳамма шароитни яратиб қўйган. У пастдаги амалдорлар иши бу. Нимага бундай қилади? Халқни қийнаб, ўзимизда газ бўлса. Мана чўлда турамиз. 1967 йилда ҳамма ëқни жаннат қилиб ташлаганмиз. Ҳамма шароит бор эдида. Ўша пайтда эккан теракларимиздан ҳозир битта қолмади. Синдириб ëқиб тамом қилиб бўлган. Ўзимиз энди мана огородларда бор, дарахтлар экканмиз. Иморатга деб тераклар экканмиз. Иложи йўқ, ҳаммасини кесиб ëқаяпмиз,- деди Валижон Абдуллаев.


“Худога шукур сандал бор”


Фарғона вилоятида бошқа вилоятларга нисбатан табиий газ таъминотида жиддий етишмовчилик кузатилмайди.

Яйпанлик Йўлдошали Мамадалиевга кўра, вилоятдаги шаҳар ва туман марказларида кам бўлсада газ бор, бироқ вилоят қишлоқларида умуман газ йўқ.

- Ўзига яраша газ ҳам. Асосий сандал қилиб ўтирибмизда. Оëқдан иссиқ келгандан кейин совуқ бўлмайди. Шунисига ҳам шукур. Энди бу йил 1,5 ой аввал газ идораси ходимлари шаҳар жойларда газ бўлади, қишлоқ жойларда газ бўлмайди қоғоз тарқатиб чиқди. Фақат Яйпан шаҳри бўйича газ бўлиб турибди,- деди Йўлдошали Мамадалиев.

“Чироқ йўқлигига сабаб газ камлиги”


Жойлардаги табиий газ таъминоти идоралари, одатга кўра, газ етишмовчилиги сабабларини изоҳлашни истамадилар.

Тошкентдаги электр таъминоти идораларидан бирида маъсул лавозимда ишловчи Карим акага кўра, электр энергиясидаги танқислик бевосита табиий газ билан боғлиқ.

- Чироқ йўқлигига, асосан, ëқилғи етишмаганлиги сабаб. Газ, мазут, кўмир. Ëқилғи бўлмаса электр энергияни қаердан ишлаб чиқаради. Ўзбекистонда гидроэлектростанциялар жуда кам фоиз электроэнергия ишлаб чиқаради. 10-15 фоиз ишлаб чиқаради. Қолган 85 фоизи иссиқлик электростанцияларида ишлаб чиқарилади. Уларнинг ҳаммасига ëқилғи керак. Ўзи ëзда ҳам ëқилғи камроқ эди. Совуқ тушгандан кейин электростанцияларга берилаëтган ëқилғи янада камайди. Совуқ тушган сари қишда электр энергияси истеъмоли кўпайиб кетади. Ишлаб чиқариш етмаяпти. Агарда ҳозир ëқилғи бўлганда, бемалол чироқ бўларди. Илгари Совет пайтида Россия, Қозоғистондан кўп мазут келарди. Ҳозир кўмир заҳираларимиз кўп бўлганда, газ етарли бўлганда электростанциялар тўлиқ қувват билан ишлаганда, бунақа ўчир-ўчирлар бўлмас эди,- деди Тошкентдаги электр таъминоти идораларидан бирида маъсул лавозимда ишловчи Карим ака.

Ўзбек расмийлари башорати: бу йил газ бўлмайди


Ўтган ойда Вазирлар маҳкамаси кўрсатмасига кўра, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари расмийлари аҳолини бу йил қишда табиий газ бўлмаслигидан огоҳлантириб, кўмир ғамлашни тавсия қилдилар.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси топшириғига кўра, ўтган ойда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги юздан ортиқ корхона ва ташкилотлар ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари 2011-2012 йилги куз-қиш мавсумида марказий газ таъминотидан узила бошлади. Бу корхона ва ташкилотлар раҳбарларига муқобил ёқилғи турларига ўтиш таклиф қилинди.

Жорий йилнинг 26 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясида чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев мамлакат аҳолисининг 82 фоизи табиий газ билан таъминланганини таъкидлади.

Табиий газ ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон дунёда саккизинчи ўринни эгаллайди.

Ҳар йили Ўзбекистонда 60 миллиард куб метр газ қазиб олинади.

Кузатувчиларга кўра, мамлакатдаги газнинг аксарияти бошқа давлатларга экспорт қилинаётгани учун маҳаллий аҳоли зангори оловдан бенасиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG