Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:44

Ўзбекистон Кикбоксинг президенти қамалди


Ўзбекистонда жанговар спорт соҳасидаги бошқарув криминал дунё назоратида экани айтилади.
Ўзбекистонда жанговар спорт соҳасидаги бошқарув криминал дунё назоратида экани айтилади.

Ўзбекистон Кикбоксинг федерацияси президенти Сардор Тошхўжаев пора олганликда айбланиб ҳибсга олинди.


Ўзбекистон Кикбоксинг федерациясини ўн йилдан буён бошқариб келаётган Сардор Тошхўжаев ҳибсга олингани ҳақида Озодликка душанба куни маълум бўлди.

Ўзини Ўзбекистондаги кикбоксинг клубларидан бирининг раҳбари деб таништирган суҳбатдошимиз ўз исми шарифини ошкор қилмасликни маъқул топди.

Унинг айтишича, Сардор Тошхўжаев 15 кун аввал ҳибсга олинган.

- Бугун эшитишимча, Сардор Тошхўжаевни қамаб қўйишибди.
Қамалгани аниқ. 15 кун бўлибди. Менинг билишимча, уни Тошкент шаҳар Ички ишлар бўлимида ушлаб туришибди,- деди Кикбосинг клуби раҳбари.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бўлимининг навбатчи ходими Сардор Тошхўжаевнинг ҳибсга олинганини на тасдиқлади, на инкор қилди.

Милиция ходими батафсил маълумот олиш учун уларга расман мурожаат қилишимиз лозимлигини уқтирди.

Кикбоксинг клуби раҳбарига кўра, Сардор Тошхўжаев пора олганликда айбланиб ҳибсга олинган.

- Ҳозир уни пора олганликда айблашибди. Лекин Федерация пора оладиган жой эмасда. У ерда нимага пора бериш мумкин. Ҳеч нарсага пора бериб бўлмайдику. Федерация бюджетдан пул олмаса. Бизга ўхшаган кикбоксинг клубларидан тушган пул бор холос. Энди кимдир уни пора билан подставка қилган. Федерация пора оладиган жоймасда энди. Тўрт кун олдин Сардор акани ўрнига бошқа одам тайинлаяпмиз деган гап чиққанди,- дейди ўзини ошкор қилмаган Ўзбекистондаги кикбоксинг клубларидан бирининг раҳбари.

39 ёшли Сардор Тошхўжаев Ўзбекистон кикбоксинг федерациясини 2001 йилдан бери бошқариб келган.

Ўзбекистонда кикбоксинг ўтган асрнинг 80-йилларининг охирида ривожлана бошлаган. Дастлаб ота – бола Шокир ва Ботир Зокировлар "Билур" номли кикбоксинг клубини ташкил қилишган.

1998 йилда Шокировлар ташаббуси билан Ўзбекистон кикбоксинг федерацияси ташкил қилинади.

Федерациянинг биринчи президенти Ботир Шокиров уни уч йил бошқаради.

2001 йилдан бошлаб федерация бошқаруви Сардор Тошхўжаевга ўтади.

Ўзбекистонда жанговар спорт соҳасидаги бошқарув криминал дунёсига алоқадорлиги айтиладиган бир қанча шахслар қўлида экани айтиб келинади.

Озодлик билан исми сир қолиши шарти билан гаплашган кикбоксинг клуби раҳбарининг таъкидлашича, Сардор Тошхўжаевнинг мафияга алоқаси бўлмаган.

- У мафиячи эмас. Ортиқча бизнеси ҳам йўқ. Ҳеч қачон “кўча”га аралашмаган,- деди суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG