Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:19

Тошкентдаги 10 электросет раҳбари ўғирликда айбланди


Тошкент шаҳрида 25 йилдан бери электр таъминоти соҳасида ишлаётган таъмирчи уста ўз туманидаги 450 дан ортиқ трансформатор янгиланганига гувоҳ бўлмаганини айтмоқда.
Тошкент шаҳрида 25 йилдан бери электр таъминоти соҳасида ишлаётган таъмирчи уста ўз туманидаги 450 дан ортиқ трансформатор янгиланганига гувоҳ бўлмаганини айтмоқда.

Тошкент шаҳрининг бир йўла 10 туманидаги Электр тармоғи корхоналари раҳбарларига катта миқдорда давлат мулкини ўзлаштирганлик айби қўйилди.


Тошкент шаҳрининг Олмазор, Юнусобод, Чилонзор, Ҳамза, Мирзо Улуғбек каби туманларидаги Электр тармоқлари корхоналарида бошлиқ бўлиб ишлаётган амалдорлар 10 миллион сўмдан тортиб 432 минг сўмга қадар бўлган давлат мулкини ўзлаштирганликда айбланди ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

NewsUz.com ахборот сайтининг Тошкент шаҳар прокуратурасидаги манбасига таяниб бераётган хабарига кўра, энг катта миқдордаги талон-тарож – давлат ғазнасига 10 миллион сўмликни зарарни Шайҳонтоҳур тумани Электр тармоқлари корхонаси бошлиғи келтирган.

Хабарларга кўра, бу амалдор шахс 10 миллион сўмлик трансформаторни ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Шунингдек бу сайт хабарига кўра, Чилонзор тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбарига ҳам 6 миллион 252 минг сўмлик, Юнусобод туман корхонаси раҳбарига эса 6 миллион 204 минг сўмлик трансформаторни ўзлаштирганлик айби қўйилган.

Шу тариқа NewsUz.com ахборот сайти Тошкент шаҳар прокуратурасидан олинган маълумотларга таяниб, 10 та туман раҳбарининг номини чоп этган ва улар 10 миллиондан то 432 минг сўмга қадар миқдорда давлат мулкини талон-тарож қилишда айбланганини хабар қилган.

Шунингдек ушбу сайт хабарига кўра, амалдор шахслардан давлат мулкига етказилган зарар тергов чоғидаёқ ундириб олинган.

Биз Тошкент шаҳридаги номи тилга олинган корхоналарга бир-бир боғланиб кўрдик.

Хусусан, Юнусобод тумани Электр тармоқлари корхонаси ходими ўз бошлиғи икки ҳафта муқаддам ишдан олингани ҳақидаги хабарни тасдиқлади, аммо унга қўйилган айбловлар борасида ахборот беришдан бош тортди.

- Мен сизга ҳеч қандай ахборот бера олмайман, бунинг учун бизда раҳбарият бор. Бизда ҳозир янги раҳбар тайинланган. Икки ҳафталар бўлиб қолди иш бошлаганига, - деди корхонанинг телефон гўшагини кўтарган ходимаси.

Янги тайинланган раҳбар билан суҳбатлашининг имкони бўлмади.

Шунингдек, Олмазор тумани Электр тармоқлари корхонаси ҳам уларнинг ташкилотида ишлаши айтилган мулозимнинг ишдан кетгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади. Аммо, унга нисбатан қўйилаётган айбловлар борасидаги маълумотларга ойдинлик киритишни истамади.

Ўзбекистон расмий ахборот воситалари хабарига кўра, шу кунларда Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишларга оид ҳолатларнинг кўпайгани, бунга алоҳида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ва жиноий ҳаракатлари сабаб бўлаётгани ҳукумат йиғилишларида ҳам тез-тез қайд этилмоқда.

Қиш мавсуми арафасида Ўзбекистондаги деярли барча вилоятларда электр таъминоти ўта оғир аҳволга келиши, айрим вилоятлар ва туманлар аҳолиси бир неча кунлаб чироқсиз қолиши кўп йиллардан бери кузатиб келинмоқда.

Аммо, бу муаммонинг Олий Мажлис даражасидаги йиғинида кўтарилиши ва республика пойтахтидаги электр таъминотига масъул 10 амалдорнинг бирдан ишдан олинишига оид хабарни илк бор кузатмоқдамиз.

Электр тармоқлари бўйича Тошкент шаҳар акциядорлик жамиятидан бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, Тошкент шаҳрининг бошлиғи талон-тарожда айбланаётган электр тармоқлари корхоналаридан бирининг авария хизматида 25 йилдан буён ишлаётган ходим умумий манзарага баҳо берар экан, трансформатор ўғирлигига оид айбловларда жон бўлиши мумкин, деди.

- Бир жойда мана шунақа трансформатор ўғирлаб қўйилган эканда. У аҳолига сотворилган. Ўша трансформатор куйгандан кейин уни ремонтга олиб боради. Ремонтга олиб борганда давлатнинг госномери чиқиб қолади. Кўрдизми, аҳолига сотиб юборилган. Ким сотганини ҳеч ким билмайди, - дейди исми сир қолишини сўраган суҳбатдошимиз.

Унга кўра, Тошкент шаҳридаги электр узатгичларнинг деярли ҳаммаси эски ва носозлик бўлганда, трансформаторларнинг бузилган қисмлари алмаштирилади. Аммо, қўйилган эҳтиёт қисмлар ҳам таъмирдан чиққан эски эҳтиёт қисмларидир.

Хусусан, у ишлаётган тумандаги 450 га яқин трансформатор янгиланганига у ўз фаолиятидаги 25 йил давомида гувоҳ бўлмаганини айтмоқда.

- Бир хиллари шу пайтгача даже алмаштирилмаган. Куймаган жойлари ҳам бор, масалан. Бизларда капремонт, дейди. Вақти билан капремонт қилиб турилади. Кейин мойи қуйиб туриладиган вақти бор. Лекин, куйган қисми ҳам топширилади, ҳаммасининг номери бор, - дейди 25 йилдан буён электр таъминоти соҳасида ишлаётган таъмирчи уста.

Яъни, суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, агар бирорта трансформатор ўзлаштирилган тақдирда ҳам буни яширинча қолдириш жуда мушкул.

Чунки, бу узатгич эски ва тезда таъмирталаб бўлади. Суҳбатдошга кўра, таъмирни фақатгина Тошкент шаҳрининг Дизелний мавзеидаги махсус устахонада қилиш мумкин.

Бундан ташқари, таъмирчи усталар ҳам сероб эмас, боиси ускуналар эски.

Суҳбатдошимиз гапларига қараганда, агар трансформатор ўзлаштирилган бўлса ҳам бу биргина амалдор эмас, балки бутун бошли жиноий тузилманинг иши бўлиши мумкин.

Ўта оғир аҳволга келиб қолган электр таъминоти соҳасини кузатиб келаётган айрим таҳлилчилар фикрича, прокуратурага таяниб эълон қилинган бу рақамлар ва ўғирликда айбланган амалдорларга оид маълумотлар аслида бу соҳадаги талон-таронжнинг арзимаган бир қисмидир.

Трансформаторлардан тортиб, оддий электр симлар таъминотига қадар соҳалардаги майда-чуйда талончиликларда амалдорлардан тортиб, оддий аҳоли вакиллари ҳам иштирок этгани кузатилган. Деярли барча вилоятлар бўйлаб электр симларнинг ўғирланиши ҳоллари ҳам кузатилган.

Озодлик билан суҳбатда буни соҳа мутахассилари ва мутасадди расмийлар ҳам Ўзбекистонда электр таъминоти соҳаси жиддий эътибор, ислоҳот ва табиийки, катта сармояга муҳтож эканини очиқ тан олмоқдалар.
XS
SM
MD
LG