Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:46

Покистон НАТОни айблашда давом этмоқда


Покистон армияси матбуот котиби генерал Атҳар Аббос 26 ноябр кунги ҳодисага Покистон ҳарбийлари ҳаракати сабаб бўлгани ҳақидаги иддаоларни мутлақ инкор қилмоқда.
Покистон армияси матбуот котиби генерал Атҳар Аббос 26 ноябр кунги ҳодисага Покистон ҳарбийлари ҳаракати сабаб бўлгани ҳақидаги иддаоларни мутлақ инкор қилмоқда.

Покистон расмийлари НАТО амалиёти чоғида ўз ҳарбийлари биринчи бўлиб ўт очгани ҳақидаги хабарларни мутлақ инкор қилди.

Покистон армияси матбуот котиби генерал Атҳар Аббос 26 ноябр куни Покистоннинг Афғонистон билан чегара вилояти бўлган Моҳмандда НАТО ҳарбийлари уюштирган ҳужумга мамлакат ҳарбийлари сабаб бўлгани ҳақидаги айбловларни инкор қилди.

Ғарб матбуоти исми ошкор этилмаган афғон расмийларига таяниб, НАТО-Афғон ҳарбийлари ҳамкорлигида ўтказилаётган амалиёт чоғида Покистон томонидан биринчи бўлиб ўт очилгани ҳақида ёзган эди.

Генерал Атҳар Аббосга кўра, бу айбловда мутлақо асос йўқ ва бу ҳаракати билан НАТО ҳамда Афғонистон жавобгарликдан бўйин товлашга уринмоқда.

Генералга кўра, аслида 26 ноябр кунги ҳужум НАТО томонидан амалга оширилган ва ҳатто маҳаллий қўмондонларнинг ҳужумни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларига қарамасдан Покистон ҳарбийлари томонига қарата камида икки соат ўт очилган.

26 ноябр куни Моҳманд вилоятида ўтказилган НАТО амалиётлари чоғида Покистоннинг 24 ҳарбийси ўлдирилган, 13 нафари жароҳатланган эди.

Покистон раҳбарияти бу ҳужумни қоралаб, Вашингтонга ўз норозилигини билдирди.

Покистон Ташқи ишлар вазири Ҳина Раббоний Ҳар АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан телефон орқали мулоқотда бу воқеани Исломобод ўз суверенитетига тазйиқ, деб ҳисоблаётганини билдирди.

НАТОнинг бу ҳужуми ортидан Исломобод Покистон орқали Афғонистондаги НАТО ҳарбийларига етказилаётган таъминот юклари йўлини ёпиб қўйди ва шунингдек, учувчисиз самолётлар учун берилган базани бўшатиб қўйишни ҳам талаб қилди.

Ҳозирга қадар, АҚШ расмийлари бу ҳодиса юзасидан чуқур афсус ва ҳамдарлик туйғулари изҳор қилинган бир неча баёнотни эълон қилди.

Оқ уй, Давлат департаменти, Мудофаа вазирлиги ва НАТО раҳбарияти томонидан эълон қилинган баёнотларда ҳозирча, Исломободнинг НАТО таъминот юклари йўлини ёпиш қарори ва ҳаво базасини бўшатиш талабига муносабат билдирилгани йўқ.

НАТО раҳбари Андрес Фог Расмуссен ҳам ҳодиса юзасидан чуқур афсус билдирар экан, албатта¸ суриштирув ўтказилишини ваъда қилди.

Афғонистондаги НАТО кучлари матбуот котиби генерал Карстон Якосбсен Озодлик билан суҳбатда воқеани тасдиқлади, холос.

- Биз неча киши ҳалок бўлганини аниқ айта олмаймиз. Кунар вилояти ва қўшни мамлакат чегарасида рўй берган воқеадан хабардор эканимизни тасдиқлай оламиз. Воқеани ўрганаяпмиз, деди НАТО расмийси.

АҚШ ва НАТО раҳбариятининг бундай баёнотлари покистонликларни ғазаб тушира олмаётган кўринади.

Якшанба куни юзлаб покистонлик НАТО ҳаракатидан норози бўлиб, намойишга чиқди.

Карачи шаҳридаги АҚШ консуллиги биноси олдида ўтказилган намойиш иштирокчилари президент Барак Обаманинг суратлари ва қўғирчоғини ёқиб, “Америкаликлар йўқолинг; Покистон бизники; Армиямиз билан бирдаммиз”, дея хитоб қилдилар.

Покистонликлар расмий Исломободдан НАТОнинг бу ҳаракати учун жиддий жавоб беришини кутаётганини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG