Аввалига кўча кўйдаги миш-миш гап тарзида қулоқдан қулоққа ўтиб юрадиган гаплар бугун Ўзбекистондаги кўнгилочар газета ва интернет нашрларига кўчди.
70-йиллардаги мухлислар таниқли ҳофиз Комилжон Отаниëзовга ҳиндлар фил совға қилгани ва бу фил Деҳлидаги совет элчихонаси ўтлоғини пайҳон қилганини фақат миш-миш тарзида эшитишган.
80-йиллар мухлиси ҳам ҳофиз Фахриддин Умаров итига олтин тиш қўйганини фақат орқаворатдан эшитди.
90-йиллар мухлиси ҳам Тошкентдаги газеталардан ашулачи Бонунинг қатл қилингани тафсилотларини топа олмади.
Шу маънода 21-асрдаги ўзбек мусиқа ихлосмандларининг омади келди - ҳофизларнинг қаерга боргани¸ нима кийганию нима еганини ëзадиган газеталар урчиди.
Масалан¸ шу йилнинг ноябр ойида тошкентлик криминал авторитет Салим Абдувалиевнинг ўғил уйлантирган тўйи ва унда қатнашган санъаткорлар ҳақидаги икир-чикирлар www.sayyod.uz нашрида ëзилди.
Мустақил матбуот душмани деб кўрилган Ўзбекистонда сариқ матбуотнинг деярли қуюшқонсиз фаолият қилгани кузатилади.
Ўзбекистондаги FM каналлардан бирининг ўз исми келтирилмаслигини сўраган рус тилидаги бошловчиси Озодлик билан суҳбатда мамлакат FM ҳудудидаги чегарасиз эркинликдан гапиради:
- Тунги эфирда бемалол кўча тилида гапираверамиз. Чмо¸ Лох¸ Ҳаррип каби гаплар Тошкентдаги FM радиоси луғатидан мустаҳкам ўрин олиб бўлди¸ дейди суҳбатдош.
Суҳбатдошимиз айтаëтган формат "сариқ матбуот" деб аталади. Бу атама 1896 йилда Ню -Йоркда муомалага кирди.
"Сариқ бола" (Yellow Kid) деган ҳазил расмли журнал сариқ матбуотнинг илк намунаси деб билинади.
Ўзбекистонинг ўзига мос сап-сариқ матбуоти
- Айни пайтда санъаткорларнинг ички иштони ҳақида бемалол ëзадиган бу матбуот¸ нимани ëзмаслик кераклигини яхши билади¸ дейди FM радиоси бошловчиси.
Суҳбатдошга кўра¸ бу матбуот Гулнора Каримовани мақтайди ва айни вақтда тақиқланган ҳофизлар ҳақида лом-мим демайди.
Ню-Йоркдаги мода ҳафталиги бойкот қилинган бир пайтда Shov-shuv.uz нашри соҳиби Жасур Ҳамраев Гулнора Каримова ҳимоясига чиқди.
Ўзбек ашулачиларининг уятсиз клип олгани ëки диний мавзуга қўл ургани ҳукумат танқидига учраганида ўзбек сариқ матбуоти бу танқидларга жўр бўлди.
Аравасига тушсанг¸ ашуласини ҳам айтасан
Ўзбекистонлик ашулачи Азиза Ниëзметова бу матбуотга оид яна бир ҳусусиятни айтиб ўтди:
- Булар ашулачи олдига келиб¸ агар менга ойида пул тўлаб турмасанг¸ сен ҳақингда танқидий мақолалар ëзамиз¸ деб шантаж қилишади. Бошқа ҳолда¸ бир-бир ҳофиз ўз рақиби ҳақида танқидий “мақола”га буюртма бериши мумкин. Кўп ҳолларда улар ëлғон ëзишади. Масалан “Даракчи” кўпинча ëлғон ëзади. Уларни олдига бориб шу гапни исботла десак¸ исботлай олмаган.
Азиза Ниëзметовага кўра¸ ўзбек сариқ матбуоти ўзбек зеҳниятига зиддир.
- Бизда сал қоғозга ўраб гапириш¸ деган одат бор. Улар эса ëтоқхонамга бостириб кириб¸ кўрпа ичидан бит қидиришади. Кўчма маънода гапиряпман. Унақаларни Хоразмда "иштон бити" дейди.
Азиза Ниëзметова “Журналистлар оғзим бор деб¸ ҳамма нарсани гапиравермаслиги керак” деган фикрда собит.
Ўзидан кўпаядиган матбуот
Ўзбек шоу дунëси ҳақида ëзадиган Сардор Комилов Озодлик билан суҳбатда "рейтингимни кўтараман" деб ëлғон ëзадиган журналистлар кўпайганини айтади.
Суҳбатдошга кўра¸ бундай журналистлар сариқ матбуот нашрларида беором қушлардай учиб қўниб юришади.
Масалан¸ Сардор Комилов ишлайдиган "Сайëд" нашрига Саида Ваҳобова исмли қиз техник сураткаш қилиб ишга олинган.
Сал ўтмай¸ Саида Ваҳобова "Сайëд"ни тарк қилиб ўзи мустақил кўнгилочар нашр очганини эълон қилган. Қарабсизки¸ яна бир "журналист" шоу бизнес дунëсини ëритмоқда...
"Чодирхаëл"нинг "сариқ матбуот"га бағишланган сонини қуйида тинглашингиз мумкин.