Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:43

Ўзбекистонда уран ўғрилари қамалди


Тошкентда 30 грамм уранни ўғирлаганликда айбланган уч фуқаро 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.


Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Жиноят ишлари бўйича суди Ҳасан Машрабов, Салим Аббосов ва Мансур Эркиновни уран ўғирлаганликда айблаб, судланувчиларнинг ҳар бирини 5 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Чилонзор тумани Жиноят ишлари бўйича суднинг навбатчи ходимига кўра, маҳкама уч ой давом этиб, ўтган ҳафта суд ҳукми чиққан.

Суд ходими маҳкама тафсилотларига тўхталмади.

Чилонзор туман прокурори ёрдамчиси Моҳира Шукуруллаева имзоси билан “Новый век" газетаси сайтида эълон қилинган "Банкадаги уран" номли мақолада ëзилишича, судланувчилар уранни Навоий кон-металлургия комбинатидан ўғирлаб Тошкентда сотмоқчи бўлганлар.

Мақолага кўра, тошкентлик тадбиркор Самир Аббосов уран сотиб олишга харидор топади ва бу ишга вақтинчалик ишсиз юрган синфдоши Мансур Эркиновни жалб қилади.

Чилонзор туман прокурори ёрдамчисининг ёзишича, ўзаро келишув натижасида Мансур Эркиновнинг Навоий кон-металлургия комбинатининг электр-механика бўлимида ишлайдиган таниши Ҳасан Машрабовга 5000 АҚШ доллари ваъда қилинади.

Тергов жараёнида аниқланишича, Ҳасан Машрабов комбинатдан уран парчасини ўғирлаб, шиша идишга солган ҳолда яшириб олиб чиқади.

Навоийга келиши кутилган уран харидорининг кела олмаслиги маълум бўлгач, Мансур Эркинов билан Ҳасан Машрабов уранни олиб ўзлари Тошкентга йўлга чиқади.

Улар Навоий-Тошкент йўналишидаги жамоат транспортида Тошкент шаҳрига кириш пайти қўлга олинади.

Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Ядро физикаси институтида ўтказилган экспертиза натижасида икки литрлик шиша идишда 30 грамм уран борлиги аниқланган.

Чилонзор туман прокурори ёрдамчиси уран харидорининг кимлиги ва уни нима мақсадда сотиб олмоқчи бўлгани ҳақида ёзмаган.

Навоий кон-металлургия комбинатининг маъсул ходими Наталя Олсёрова Озодлик билан суҳбатда, комбинатдаги ўғирлик бўйича фақат расмий равишда мурожаат қилиш шартлигини таъкидлаш билан чекланди.

- Бизнинг комбинат ёпиқ тартибда ишлайдиган ташкилот бўлгани учун фақат расмий тарзда мурожаат қилганингиздан кейин жавоб беришимиз мумкин, деди Наталя Олсёрова.

Жаҳон ядровий уюшмаси ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон 100 минг тоннадан ортиқроқ уранга эга ва мамлакат йилига 2500 тонна уран ишлаб чиқаради.

Ўзбекистон уран ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда 12-ўринда туради.
XS
SM
MD
LG