Ўзбекистон президентининг бу ҳақдаги фармон матнини ЎзА ахборот агентлиги эълон қилди.
Нормўмин Чориев Сурхондарёнинг янги муваққат ҳокими бўлгунича ҳам ҳоким эди. Фақат туман ҳокими – вилоятдаги Сариосиё тумани раҳбари эди.
Янги муваққат ҳоким тўғрисида маълумот олиш мақсадида вилоят туманлари билан боғландик. Фақат битта туман ҳокимининг ёрдамчисидангина бир оғиз гап эшитдик¸ холос:
- Чориев 1958 йилда туғилган. Шу пайтгача Сариосиё тумани ҳокими эди.
Нормўмин Чориев тўғрисида билганларини Озодлик билан тошкентлик журналист, Инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов ўртоқлашди.
- Нормўмин Чориев нисбатан ёш кадрлардан бири. У Автомобил институтини битирган, йўл қурувчиси. Узоқ йиллар маҳаллий давлат ҳокимияти органларида кичикроқ лавозимларда ишлаб келган¸ дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли.
Ташановнинг айтишича, Нормўмин Чориев 1999 йили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган. Депутатлик муддати тугаганидан бери Сариосиё туманини бошқариб келган.
Абдураҳмон Ташанов сариосиёликлар билан ўтказгани суҳбатларга таяниб, Чориевнинг шахси тўғрисида мана буларни айтди.
- Одамларнинг айтишича, Чориев бировни хафа қилиб қўядиган даражада, принципиал эканлигини намойиш қилиш учун қўполлик қиладиган одам эмас. Ўртамиёна амалдорлардан бири¸ дейиш мумкин¸ дейди Ташанов.
Демак, Нормўмин Чориев Сариосиё туманини сўнгги 7 йилдан бери бошқариб келаётган эди.
Шу ўринда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги расмий сайтининг Сариосиё туманининг 2010 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши тўғрисидаги маълумотларидан баъзиларини келтирмоқчимиз.
Сайтга кўра, 2010 йилда ҳудудий бюджет ҳажми 38,2 миллиард сўмни, газ билан таъминланиш даражаси 69,8 фоизни, сув билан таъминланиш даражаси 77,4 фоизни ташкил этган. Туманда иккита йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатади.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 35,1 миллиард сўмни, ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажми 74,4 миллиард сўмни, ташқи савдо айланмаси – 31,2 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Нормўмин Чориевгача Сурхондарё вилоятини бошқариб келган Туроб Жўраев 30 ноябр куни Қашқадарë вилоятига ҳоким этиб тайинланган эди.
Ўша куни Қашқадарё вилояти ҳокими Нуриддин Зайниев ишдан бўшатилди.
ЎзА сайтига кўра, президент Қашқадарё вилоят Халқ депутатлари кенгаши сессиясида сўзлаган нутқида Нуриддин Зайниевнинг кейинги йиллардаги фаолиятини кескин танқид қилган.
"Унинг иш фаолиятида талабчанлик ва маъсулиятнинг бўшашиб, ташаббус ва изланишнинг етишмаслиги каби ҳолатлар кучайиб бораётганини кузатиш қийин эмас. Бундай ҳолат, кўп марта огоҳлантиришга қарамасдан, афсуски, кўпдан буён давом этиб келмоқда" деган жумладан президент Каримов.
Шу пайтгача Ўзбекистонда бирор вилоят ҳокимининг раҳмат эшитиб, обрўси билан ишдан кетганини эслаш қийин.
Ҳар гал ҳоким ишдан олинган куни вилоятдаги аҳволнинг " чидаб бўлмас даражада" эканлиги бирдан маълум бўлиб қолади.
Агар шу ҳолат назарда тутилса, Нормўмин Чориевнинг вилоят ҳокимлигига тайинланишини унинг шу пайтгача кўтарилиб келган хизмат пиллапоясининг энг юқори, энг сўнгги босқичига кўтарилгани¸ деб баҳолаш мумкин бўлади.