Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:23

Темир йўлдаги портлаш Тожикистон учун муаммо яратмоқда


Тожикистонга тегишли юк вагонлари Ўзбекистонда тўхтаб қолаётгани туфайли Кўлобда озиқ-овқат нархини кўтарилиб кетди.

Минтақадаги икки қўшни республика ўртасида такроран вужудга келган вагон муаммосига бу гал 17 ноябрга ўтар кечаси Ғалаба-Амузанг темир йўлида содир бўлган портлаш сабаб бўлган.

Бу нима кўргулик?

Ғалаба-Амузанг темир йўлининг ишдан чиқиши жанубий тожикистонликлар, хусусан, Кўлоб минтақасидаги аҳоли турмушини ҳар томонлама оғирлаштиргани айтилмоқда.

- Шу кунларда озиқ-овқат нархи роса кўтарилиб кетди. Қарзга егулик олиб, кун кўраяпмиз. Бугун эталаб ҳам бир кило шакарни 7 сомоний 50 дирамдан (тақрибан 1,6 доллар – таҳр.) қарзга олдик. Ун ҳам уч-тўрт куннинг ичида 15 сомонийгача (тақрибан 3 АҚШ доллари - таҳр.) қимматлади. У ёғи нима бўлади, қарздорлар қарзини сўраб келса, қаердан пул топиб берамиз - билмайман, - дейди кўлоблик Гулхумор опа.

Бу аёл ўзи ва балоғатга етмаган уч боласи билан озгина нафақа эвазига кун кўраётганини қўшимча қилди.

- Бензиннинг нархи ҳам ошиб кетди. Такси ҳайдардим, қопламай қўйди, мана, машина ҳам уйда ётибди. Тўртта ёш болам бор. Ҳар саҳар кунимни уларнинг қорнини қандай тўйғазишни ўйлашдан бошлайман. Бу нима деган кўргулик ахир? - дея зорланади ўзини Амир деб таништирган кўлоблик суҳбатдошимиз.

Амир аканинг айтишича, шу кунда Кўлоб минтақасида егулик қимматлиги ва ёнилғи тақчиллигидан шикоят қилаётганларни ҳар қадамда учратиш мумкин.

“Муаммолар Ғалаба-Амузангдан бошланади”

Тожикистоннинг Хатлон вилояти ва хусусан, Кўлоб минтақасида озиқ- овқат маҳсулотлари ва ёнилғи тақчиллашиб, нархлар осмону фалакка чиқиб кетаётганига оид маълумотларни Тожикистон темир йўллари ширкатининг бу ҳудуддаги масъули Фируз Ҳақназаров ҳам тасдиқлади.

- Сабаби қўшни республика ҳудудида темир йўлнинг бузилишидир. Муаммолар Ғалаба-Амузанг темир йўлидан бошланади. Бу йўл қачон тикланади ва муаммолар қачон тугайди - бунисини биз билмаймиз. Чунки биз у томонга ўта олмаймиз, - дейди “Тожикистон темир йўллари” ширкатининг Кўлоб минтақаси бўйича раҳбари Ҳақназаров.

Унинг билдиришича, Ғалаба-Амузанг темир йўли орқали Кўлоб минтақасига ҳар ой 60 та юк вагони қабул қилиниб турилган. Шундан 50 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари, қолган ярми эса ёнилғи маҳсулотлари экан.

Расмийлар масала талашмоқда

Шу йил 17 ноябрига ўтар кечаси Ғалаба-Амузанг темир йўлида портлаш содир бўлгани ортидан Тожикистоннинг Хатлон вилоятига тегишли юк ва йўловчи ташиш поездлари ҳаракати ҳам тўхтатилган эди.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати масъуллари йўлдаги носозликларга қарамай, Тожикистонга тегишли юк вагонларни қабул қилиб олаётганини ва бу эса темир йўлчиларга бир қатор қийинчиликлар туғдираётганини билдирган эди.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг Тожикистон томонга юборган сўнгги телеграммасида Хатлон вилоятига тегишли озиқ-овқат юкланган вагонларни Қудуқли станцияси орқали Душанбе шаҳар вокзалига ташиш ва сўнгра мамлакат жанубига юбориш сўралганди.

Бироқ “Тожикистон темир йўллари” ширкати расмийлари уларга жавобан бу таклифни қабул қила олмасликлари айтгандилар.

Икки давлат масъул шахслари юк вагонларини қай йўл билан ташиш устида масала талашаётган бир пайтда, мустақил кузатувчиларга кўра, оддий халқ ҳаёти кундан-кунга қийинлашиб бормоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Ғалаба-Амузанг темир йўли орқали биргина Кўлоб минтақасига ҳар ой икки минг тонна ун олиб кирилган. Айни пайтда темир йўл ишдан чиқиши ортидан кўлобликларга тегишли ана шу миқдор ун Ўзбекистон ҳудудида қолиб кетмоқда.

"Тожикистон Ўзбекистон бўғзидаги суяк"ми?

Иқтисодчи таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров Ғалаба-Амузанг темир йўлида портлаш содир бўлганига оид ўзбекистонлик темир йўлчилар иддаоси “ғирт ёлғон”, деб ҳисоблайди.

- Тожикистон Ўзбекистон бўғзидаги суяк. Тожикистоннинг минтақадаги обрўсини оширадиган бир нечта масала бор. Улардан биттаси Роғун ГЭСи. Улар ҳар қандай масалада, хусусан, энергетика мустақиллиги масаласида Тожикистонни ўз рақиби сифатида кўради. Шу нуқтаи назардан, ҳар йўл билан бу томонга зарба беришга ҳаракат қилади. Айни қиш чилласида Ўзбекистон Тожикистон иқтисодиётига зарба бериб, оддий халқни иқтидордаги ҳукуматга қарши оёқлантирмоқчи. Менимча, бу Ўзбекистоннинг ноқобил тожик ҳукуматига қарши сиёсий диверсияси, - дея мулоҳаза билдиради иқтисодчи таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида вагон баҳси ўтган йили ҳам кузатилганди. Ўшанда Термиз темир йўл платинасини сел ювиб кетгани сабабли Хатлон вилояти ва марказ Душанбега тегишли 1000 дан ортиқ юк вагонлари ойлаб Ўзбекистон темир йўлларида қолиб кетганди.

Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, Хатлон вилоятига тегишли тахминан 400 та юк вагони Ғалаба-Амузанг темир йўлида тўпланиб қолган.
XS
SM
MD
LG