Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:28

Эронда ушланган қочқин оила ҳимояга муҳтож


Ўзбекистонлик қочқин аëл Эрон ҳибсхонасидаги оғир аҳволдан шикоят қилмоқда.
Ўзбекистонлик қочқин аëл Эрон ҳибсхонасидаги оғир аҳволдан шикоят қилмоқда.

Язд ҳибсхонасида қолаëтган Мастура Юсупова болалари ва турмуш ўртоғи тақдирига халқаро идоралар диққатини тортишни сўрамоқда.


Бундан бир неча кун муқаддам Эроннинг Язд шаҳридаги полиция ҳибсхонасидан Озодликка боғланган наманганлик қочқин аёл Мастура Юсупова яна таҳририятга қўнғироқ қилди.

Аёл 15 кундирки ҳибсхонада қолаётгани, учта ёш боласи совуқ кунда ўта оғир шароитда сақланаётгани боис қаттиқ хавотирда эканини айтди.

- Кун совуқ. Бизга кийимларимизни алмаштиришга рухсат беришмаяпти. Турган жойимиз совуқ, болаларим билан совқотиб ўтирибмиз. Афғонистонлик маҳбусларга кийимларини беришди, бизга эса беришмади. Овқатлари жуда ёмон. Болаларимдан хавотирдаман, дейди Озодлик билан суҳбатда Мастура Юсупова.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Эронда муҳаррам ойида нишонланадиган Ашуро байрами муносабати билан таътил эълон қилингани боис сўнгги бир неча кун ичида уларни безовта қилишмаган.

- Хўжайнимни ҳам сўроққа чақиришмади. Лекин эрта-индин иш кунлари бошланиши билан яна сўроқлар бошланса ва бизни яширинча Ўзбекистонга бериб юборишса нима қиламиз? Бизнинг ҳолимиздан хабар оладиган борми? – дея яна ўша саволларини такрорлади Мастура Юсупова.

Мастура Юсупова илк бор 2 декабр куни Озодликка мурожаат қилган ва турмуш ўртоғи Эркин Юсупов ва уч фарзанди билан 20 ноябр куни Эрон полицияси томонидан ҳибсга олинганини айтган эди.

Бу оила 6 йил муқаддам Эронга қочиб борган ва БМТ ташкилотининг Теҳрондаги Қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги ваколатхонасига мурожаат қилган.

Ўзбекистондан эса бу оила 1998 йилда чиқиб кетгани ва бунга диний эътиқоди учун тазйиқлар бўлгани, хусусан, уларнинг ваҳҳобийлик диний оқимига алоқадорликда айбланганини айтмоқда.

Мастура Юсуповага кўра, Эронда халқаро ҳимоя остига олинганига қарамай ҳибсга олинган бу оила соҳиби – Эркин Юсупов полициячилар томонидан бир неча бор сўроққа тутилган ва унга террорчиликда гумон қилинаётгани айтилган.

Озодлик мухбири бу оила тақдири борасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор халқаро ташкилотлар — БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги, Amnesty International, Human Rights Watch каби ташкилотлар билан боғланди.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги зудликда оиланинг ҳуқуқий мақомига ойдинлик киритиш ҳамда тегишли ҳуқуқий чоралар кўриш режасида эканини билдирди.

БМТ ҳимоясида бўлишига қарамай, Эронда ўзбекистонлик қочқинларнинг полиция томонидан ҳибсга олингани ва айрим ҳолларда яширин тарзда Ўзбекистонга бериб юборилгани ҳоллари аввал ҳам кузатилган.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева ўз тажрибасидан келиб чиқиб, бу давлатда ўзбекистонлик қочқинларнинг полиция билан тўқнашуви сабабларини шундай изоҳлади:

- 90-йилларнинг ўрталаридан диний эътиқоди учун Ўзбекистонда таъқиб этилган ва юртни ташлаб чиқиб кетган 100 га яқин қочқиннинг Эронга бориб қолгани ҳамда ўша ерда БМТдан қочқинлик мақомини олиб, қонуний жойлашгани бизга маълум.

Афсуски, БМТ нинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Эрондаги ваколатхонаси бу қочқинларни учинчи бир демократик давлатга йўллаганини биз билмаймиз. Улар на ишлаш ва на ўқиш ҳуқуқи берилмаган ҳолда Эронда қолиб кетган, дейди Надежда Отаева.

Ҳуқуқ фаолига кўра, бир неча йил муқаддам ўзбек қочқин оилаларининг болаларига мактабларда ўқиш ҳуқуқи берилган. Аммо бу оилалар ҳуқуқий саводхонлиги паст бўлгани боис ўзига берилган қочқинлик мақоми тўғрисидаги БМТ сертификатининг муддатини вақтида узайтирмаган.

- Шу боис, улар қонуний мақомини йўқотиб, Эронда доимий яшаш тартибини бузаётган шахсларга айланиб қолишган. Ҳозирги оила ҳам, афтидан, шундай ҳолатга тушиб қолган. Ҳозир зудлик билан оила тақдирига халқаро ташкилотлар, шу жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси идораси эътиборини ҳам тортиш жоиз ва биз бу иш билан шуғулланамиз, - дейди Надежда Отаева.

Унга кўра, бу оилани қийноқлар системали равишда қўлланиши халқаро миқёсда тан олинган Ўзбекистонга бериб юбориш халқаро ҳуқуқий меъёрларга мутлақо зиддир.
XS
SM
MD
LG