Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:45

Ўзбек муҳожирини ўлдирган милиционер жазоланди


Россия полициячиларининг меҳнат муҳожирларига нисбатан зўравонлиги ҳуқуқ фаоллари танқидига сабаб бўлиб келмоқда.
Россия полициячиларининг меҳнат муҳожирларига нисбатан зўравонлиги ҳуқуқ фаоллари танқидига сабаб бўлиб келмоқда.

Хабаровск судида Ўзбекистон фуқаросини совуққонлик билан пистолетдан отиб ташлаган икки милиционер устидан ҳукм ўқилди.


5 декабр куни Хабаровск шаҳар Железнодорожний туман суди пост-патрул хизматининг собиқ ходимлари 33 ёшли Александр Телешин ва 27 ёшли Владимир Масловни “мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш ва Ўзбекистон фуқаросини ўлдириш”да айбдор деб топди.

Хабаровск ўлка прокуратураси расмий хабарномасида ёзилишича, суд ҳукмига кўра¸ милиция бўлимида ўзбекистонлик Акбар Сапаевни табел қуролидан отиб ташлаган Александр Телешин Россия Жиноят Кодекси 286-моддасининг 3-қисми “а,б,в” бандлари ва 111-моддасининг 4-қисми бўйича айбдор деб топилиб¸ 11 йилга озодликдан маҳрум этилди. Акбар ва унинг акаси Қаҳрамонни қийноқларга солган ва калтаклашда иштирок этган Владимир Масловга эса¸ суд ҳукми билан 3 йилу 3 ойлик қамоқ жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, Телешин ва Масловлар келажакда Ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.



Терговни олиб борган Хабаровск ўлкаси Тергов қўмитасининг катта терговчиси Николай Романов, журналистлар олдида қилган чиқишида ҳодиса тафсилотларини шундай тасвирлади.

- Тергов давомида 2010 йилнинг 15 августида пост-патрул хизмати томонидан Хабаровскнинг Привокзалная майдонида Ўзбекистон фуқаросининг ҳибсга олиниб¸ шу майдондаги милиция бўлимига олиб келингани аниқланди. Бўлимда милиция ходимлари тутқуннинг орқасидан қидириб келган акасини дўппослаган ва электрошок ёрдамида қийнаганлар. Қийноққа бардош бермаган ўзбекистонлик бошига уриб¸ банкани синдирган ва қўлига шиша синиғини олиб ўз жонига қасд қилишини айтган. Шунда милиция ходимларидан бири пистолетни олиб совуққонлик билан Ўзбекистон фуқаросини отиб ташлаган. Менинг назаримда бу оддий қотилликдир, деди прокуратура ходими.

Железнодорожний милицияси ходимларининг ўзбекистонлик Акбар ва Қаҳрамонга нисбатан қўллаган қийноқлари ва милиция ходимининг ўзбекистонликка қарата ўқ узаётгани видеокамера ёрдамида тасвирга олинган. Марҳумнинг акаси Қаҳрамоннинг кўрсатмалари ва ана шу видеоёзувлар судда асосий далил сифатида ишлатилди

Асли қўқонлик бўлган ака-ука Сапаевлар Хабаровскдаги қурилишлардан бирида ишлаб келган. Суд залида мухбирлар билан сўзлашган Қаҳрамон Сапаев ўзи ва укасининг регистрация муддати тугагани боис Привокзалная майдонида милиячилардан қочиб кетмоқчи бўлгани ва бу уларнинг калтакланишига сабаб бўлганини тушунтирди.

“Мен “Укамга тегманглар! У яқинда операция қилинган”, дейишимга қарамасдан уни калтаклаб кетдилар”, деб эслайди Қаҳрамон Сапаев.

- Бунинг ҳаммаси бир лаҳзада содир бўлди. Биринчи, иккинчи, учинчи ўқ отилди... Укам йиқилганида ҳали тирик эди. Мени қўйиб юбришларини илтимос қилдим. Улар менга ҳам беришмади, ўзлари ҳам ёрдам кўрсатмади. Яна икки нафар милиция ходими ичкарида овқатланиб ўтирган эди. Шундай қилиб, укам менинг кўз олдимда ўлаётганини қараб туришга мажбур бўлдим, дейди Қаҳрамон Сапаев.

Қорни ва кўкрагидан оғир яраланган қўқонлик Акбар Сапаев бир соатдан кейин шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Хабаровск Тергов қўмитаси Тез ёрдам машинасининг чақирилганидан 30-40 дақиқалар ўтиб келгани сабабларини ҳам суриштирмоқда.

Қаҳрамоннинг сўзларига кўра, ҳатто яраланган укасини олиб кетишгандан кейин ҳам милиция ходимларидан бири уни дўппослашни давом этган.

Привокзалная милиция бўлимида содир бўлган мудҳиш ҳодиса тафсилотлари оз вақт ичида Ички ишлар тизими бошлиқларига етиб борди.

Оммавий ахборот воситалари учун уюштирилган махсус матбуот конференциясида Хабаровск ўлкаси Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи муовини Константин Носков ўзбекистонлик марҳумнинг яқинларидан ўз ходимлари номидан расман кечирим сўради.

- Хабаровск ўлкаси Ички ишлар бошқармаси номидан халок бўлганнинг яқинларидан нотўғри, ноҳақ ва касбий фаолиятига мос бўлмаган ҳатти-ҳаракатлар учун кечирим сўрайман, деди Константин Носков.

Хабаровск полицияси раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон фуқароси ўлдирилиши юзасидан касбий текширув ўтказилгани ва унинг натижасида милиция бўлимининг яна бир ходими ишдан бўшатилгани, 3 ходимнинг ишдан бўшатилишга тақдим этилгани, 7 нафар раҳбарга қаттиқ ҳайфсан эълон қилинганини қўшимча қилди.

Ўзини Раҳимжон деб таништирган Хабаровск ўлкасидаги Ўзбеклар миллий жамоаси раҳбарларидан бири бундай нохуш вазиятларнинг юзага келишида бошқа томондан меҳнат муҳожирларининг ҳам айби борлигини айтади.

- Бу ерда бошқа нарса ҳам бор. Ўзларининг документи бўлмаган. Биласизку, замон шунақа: 100таси документ билан юрса, 400 таси - без документ. Бу ҳақда жуда кўп гаплар бўляпти. Яқинда, 3 декабрда губернатор қошида шу масалаларда нафақат бизлар¸ балки тожик, озарбайжонлар билан учрашув бўлган эди. Шунга чиқиб Миграция хизмати билан келишиб олмоқчи эдик шу маслаларда. Жуда катта шов-шув бўлган.

Ҳамма гап қонуний ҳужжат йўқлигига бориб тақалади. Борасиз уларни ҳимоя қилгани... “Мана, сен шуларни ҳимоя қилиб келибсан. 8 йилдан бери документсиз юрибди экан!”, дейди. Бир йил эмас, икки йил эмас – 8 йил! Кейин уни ушлаганда “Нима учун мени депорт қилиб турибди?”, дейди, деди Хабаровск ўлкасидаги Ўзбеклар миллий жамоаси фаоли Раҳимжон.

Қаҳрамон Сапаев халок бўлган укасининг жасадини меҳнат қилиб топган пули ва юртдошлардан олинган ёрдам эвазига Қўқонга юборди.

Акбар Сапаевнинг уйида рафиқаси ва 3 нафар вояга етмаган фарзанди етим қолди.
XS
SM
MD
LG