Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:56

Мардикорлар "Единая Россия"ни қўллашга мажбурланди


Путин параст намойишда марказий-осиёлик мардикорлар ҳам олиб чиқилди. ("Ридус" нашри олган сурат)
Путин параст намойишда марказий-осиёлик мардикорлар ҳам олиб чиқилди. ("Ридус" нашри олган сурат)

Москвада Путин тарафдорларининг намойишига маҳаллий завод-фабрика ишчилари қатори марказий-осиёлик мардикорлар ҳам мажбурлаб чиқарилди.


Москвада ўтказилган Путин тарафдорларининг намойишига маҳаллий завод-фабрика ишчилари қатори марказий-осиёлик мардикорлар ҳам мажбурлаб чиқарилди. Бу ҳақда Россиядаги бир қанча нашрлар хабар қилди.

Ишидан айрилишни хоҳламаган ўзбек меҳнат муҳожирлари ҳам Путиннинг беихтиёр тарафдорига айлантирилди, дейди Россиядаги ҳуқуқ фаолларидан бири.

Айрим рус нашрларида Манежная майдонидаги Путин тарафдорларининг намойиши “гастарбайтерлар намойиши” деб ҳам аталмоқда.

Жумладан “Ридус” нашри ўша кунги Путин тарафдорларининг намойишига марказий-осиёлик мардикорлар автобусларга босиб олиб келингани ҳақида ёзди.

“Единая Россия” мухолифатга жавоб қайтариш учун мардикорлар ҳамда пенсионерлар армиясини митингга йиғиб кулгига қолди”, - деб ёзди “Ридус”.

Агентлик мухбири Манежная майдонида олган суратларда юзларида саросима акс этган ва намойишларда беихтиёр қатнашаётгани кўриниб турган қора камзулли ва қормағиз мардикорларни кўриш мумкин.

Манеж майдонидаги намойишга одамлар тепадан буйруқ асосида олиб келинганига яна бир далил тадбирнинг душанба куни, яъни иш куни ўтказилганидир, деб ёзди “Московский Комсомолец” газетаси.

Путин тарафдорларининг намойишига ўзбек мардикорлари ҳам мажбурлаб чиқарилганини Москвадаги Марказий Осиё сиёсий қочқинлар жамияти раҳбари Баҳром Ҳамроев ҳам тасдиқлайди. Унинг айтишича, ўз ватанларида мутеликка ўргатилган ўзбеклар ишидан ажралмаслик учун ҳукмдорнинг чизиғидан юришга тайёр.

- Бир-иккита жойлар билан гаплашдим. Ўртоқларим завод директорлари. Ўша ерда ишлайди ўзбеклар. Ўшаларни йиғиб, автобусга тиқиб олиб келишган. Бу аниқ. Буни йўқ дея олмайди. Бу Каримов тарбия қилган ўзбеклар. Каримов тарбия қилган ўзбеклар шунақа бўлади. Эртага уйғурларнинг эмас Хитойнинг ҳам кетидан чиқаверади булар митинг қилиб. Чунки Ўзбекистон ҳукумати ўзбек халқининг сиëсийлашишини истамади. Сиëсийлаштирмасликка ҳаракат қилди, шунга эришди. Энди бунинг натижаларини, оқибатларини кўраяпмиз. Мана бугун про-путинский бўлади, эртага анти-каримовский бўлади, анти-узбекский народ бўлади. Чиқаверади. Чунки ҳеч нарсаси йўқ.

Лекин, дейди Баҳром Ҳамроев, ўзбекистонлик мардикорлар орасида ўз сиёсий қарашлари борлари ҳам йўқ эмас ва уларни ўзлари ишонмаган ғояни ёқлашга мажбурлаб бўлмайди.

- Бу ерда энди сиëсийлашганлари бор, сиëсийлашмаганлари бор. Сиëсийлашган ўзбеклар чиқмайди. Улар кутиб турибди. Улар нима учун чиқишию нима билан тугашини билади. Энг асосийси нима учун чиқишни билиш керак, дейди Баҳром Ҳамроев.

Шу билан бирга Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбек муҳожирлари орасида мамлакат парламент сайловларидан кейин юзага келган вазиятдан умуман бехабар эканини айтаётганлари ҳам йўқ эмас.

Москвадаги қурилишлардан бирида ишлайдиган тошкентлик Эркинжон ана шундайлардан бири. Биз бу ерга тинчгина ишлагани келганмиз, дейди у.

- Сайлов бўлганини биламану, лекин бунақа қўзғолонни билмайман. Ундан хабарим йўқ. У ҳақда бу ерда ҳеч нарса бўлгани йўқ. Мен ҳозир сиздан эшитаяпман. Ҳайрон қолиб турибман. Мен сайлов бўлганини биламан холос. Мен бу ерда бегона одам бўлсам. Битта жойдан чиқмай ишлайман, дейди Эркинжон.

Москвада қўриқчи бўлиб ишлайдиган андижонлик Одилжон аканинг йирик норозилик намойишларидан хабари бор, лекин у майдонга чиққани қўрқиб, намойишларни телевизордан кузатганини айтади.

- Унақа жойларга чиқмадик. Масалан, мен ўзим учта ўғлим билан охранада ишлайман. Ëш катта бўлиб қолган энди. Биз энди тирикчилик учун келган одаммизда.

Одилжон ака Россия сиёсий ҳаётига аралашмасликни маъқул кўрсада, ўзи ёқлай оладиган сиёсий кучлар ҳақида аниқ фикри бор.

- Энди бизга ҳамма партия ҳам бир. Путин дегани нимароқ. Нимага деганда халқ билан кўп гаплашади. Лекин уни ҳам ëқтирмайдиганлар бор. Мана Жириновский дегани бор. Телевизорга чиқиб олиб фақат ëмонликни у ëқ бу ëқдан келганлардан кўради. Лекин Путинни кўраман, мана Медведев ҳам бизнинг президентга ўхшаб бекиниб олмайдида. Халқ билан анча-мунча гаплашади. Заводларга боради. Бизникини биласизку. Битта шаҳарга борса, ўша шаҳарни умуман ëпиб ташлайди. Битта маҳалла билан гаплашди, дейди. Вақти келса, шу маҳалланинг одамларини алмаштириб ташлайди. Биз энди унақага унча қизиқмаган одам. Тирикчиликда энди.

Буни қаранг Москвада ҳукумат одамларга ўз фикрини айтиб чиқишларига қаршилик қилмади, бизни Андижонда бу бўлганида Каримов ҳамма ерни остин-устун қилиб ташалаган бўлар эди, дейди Одилжон ака.

Якшанба куни эълон қилинган парламент сайлови натижаларига кўра, иқтидордаги "Единая Россия" партияси овозларнинг деярли 50 фоизини тўплашга муваффақ бўлган.

Бироқ мухолифат кучлари Путин ҳукуматини сайлов натижаларини сохталаштиришда айблаганлар.

Ўтган ҳафта давомида асосан Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида бўлиб ўтган намойишларда Путин сиёсатига қарши юзлаб инсонлар ҳибсга олинган.

Шанба кунги намойишлар олдидан биргина Москванинг ўзига камида 50000 полициячи сафарбар этилган.
XS
SM
MD
LG