Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:33

Вацлав Ҳавел оламдан ўтди


Вацлав Ҳавел. 1936 - 2011.
Вацлав Ҳавел. 1936 - 2011.

Чехословакияда коммунистик тузумни тугатишда асосий рол ўйнаган таниқли сиёсатчи ва диссидент Вацлав Ҳавел 75 ёшида вафот этди.

Шимолий Боҳемияда жойлашган Ҳрадечек қишлоғидаги Ҳавелнинг идораси 18 декабр куни узоқ давом этган хасталиклан кейин Ҳавел оламдан ўтганини эълон қилди.


Ҳавел икки давлат - собиқ Чехословакия ва Чехия Репсубликаси - президенти, таниқли драматург, диссидент, Совет империяси интиҳоси даврининг ёрқин сиёсатчиларидан бири эди.


"Бахмал инқилоби" отаси


Вацлав Ҳавел 1989 йилда Чехословакияда коммунистик режимни қулатган “Бахмал инқилоби”га бошчилик қилган.

Шундан сўнг у Чехославакиянинг демократик йўл орқали сайланган биринчи президенти бўлди.

Президент сифатида у мамлакатнинг демократия ва бозор иқтисодиётига ўтиши ҳамда 1993 йилда Чехия Республикаси ва Словакиянинг тинч йўл орқали ажралиши жараёнига бошчилик қилди.

Вацлав Ҳавел 1989 йилнинг 23 ноябрида 300 мингдан ортиқ одам қатнашган намойишда нутқ сўзлади.

“Бахмал инқилоби” олти кун олдин талабаларнинг тинч намойиши полиция томонидан куч билан тарқатиб юборилганидан кейин бошланган эди.

Талабалар намойиши тарқатиб юборилганидан кейин юз минглаб чех ва словаклар тинч намойишларга чиқди.

Ўша йил охирида Вацлав Ҳавел Чехословакияга президент этиб сайланди.

- Бироз олдин мен Федерал Ассамблея (парламент) аъзолари томонидан бир овоздан республикамизнинг президенти этиб сайландим. Мени қўллаб-қувватлаганингиз учун чехлар, словаклар ва бошқа миллат вакиллари - ҳаммангизга раҳмат. Менга билдирган ишончингизни оқлашга ваъда бераман. Мен мамлакатни эркин сайловга етаклайман, - дея баёнот берган эди Чехославакиянинг биринчи демократ президенти.

Вацлав Ҳавел 2003 йилга қадар Чехия Республикасининг биринчи президенти бўлиб ишлади.


Коммунистлар Вацлавни диссидент бўлишга мажбур қилди


Вацлав Ҳавел 1936 йил 5 октябрида бадавлат оилада туғилган.

1948 йилги давлат тўнтаришидан кейин ҳокимият тепасига келган коммунистлар Ҳавеллар оиласига тегишли бўлган мулкларнинг катта қисмини мусодара қилган ва Вацлавнинг олий маълумот олишига тўсқинлик қилган.

Ҳарбий хизматни ўтаганидан сўнг театр саҳнасини безатувчи ишчи бўлиб ишлаган Ҳавел кейинроқ, 60-йилларда асосан коммунистик тузум давридаги бемаъниликлар акс этган пьесалар ёзган.

1968 йилда Совет Иттифоқи етакчилигидаги Варшава шартномасига аъзо давлатлар қўшинлари Чехославакияни босиб олганидан кейин Ҳавелнинг пьесалари таъқиқланган.


Совет даврини қумсаш кайфияти тугаши лозим




Озодликка берган сўнгги интервьюларидан бирида Вацлав Ҳавел Совет Иттифоқи қулаганидан кейин рўй берган воқеалар хусусида мулоҳаза қилиб, "собиқ иттифоқ республикаларининг ажралиб чиқиши табиий ходиса эди ва энди, айниқса, Россияда СССР даврини қумсаш кайфияти тугаши шарт", деган эди.

As for the breakup of the Soviet Union, the splitting apart of the individual republics was a natural, healthy, normal process. What's important now is for nostalgia for the Soviet Union to end in Russia. The Russians must realize where the Soviet Union ends and Russia begins. It's also important to avoid new kinds of authoritarian regimes in the post-Soviet republics, if possible.

Диссидент сиёсатчилар учрашуви

Вацлав Ҳавел ҳали президентлик курсида ўтирган пайтда ўзбек мухолифати лидерларидан бири Муҳаммад Солиҳ билан кўришганди.

Эслатиб ўтамиз, 2001 йил ноябрида Муҳаммад Солиҳ расмий Тошкент талаби билан Прагада қамоққа олинганди. Аммо чех маҳкамаси расмий Тошкент иддаоларини асоссиз деб топиб, Солиҳни озод қилди. Панкрац қамоқхонасида бир муддат ушлаб турилган ўзбек мухолифатчиси кўп ўтмай Чехия президенти Васлав Ҳавел саройида олий даражада қабул қилинган ва Ҳавел бюрократия хатоси учун Солиҳдан узр сўраганди.

Эътиборли жойи шундаки, мазкур қамоқхонада социалистик Чехословакияни Абсурдистон деб атаган диссидент ижодкор Вацлав Ҳавел ҳам бир пайтлар жазо муддатини ўтаганди.
XS
SM
MD
LG